Жаҳон | 23:42 / 27.11.2024
6173
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen кўплаб айбловлардан кейин Хитойдаги заводини сотди

Завод 2012 йилда Хитойнинг SAIC компанияси билан ҳамкорликда очилган. Бу минтақадаги биринчи автомобил заводи эди, лойиҳа қиймати 170 миллион еврони ташкил этган.

Фото: Point

Германиянинг Volkswagen автомобил концерни Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудидаги заводини мажбурий меҳнатдан фойдаланганига оид кўплаб айбловлардан кейин ёпди, деб хабар беради Bild. Ушбу ҳудудда асосан мусулмон уйғурлари яшайди.

БМТ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотларига кўра, Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида «қайта тарбиялаш лагерлари» мавжуд бўлиб, у ерда инсонларнинг бир қатор ҳуқуқлари бузилади, жумладан, уйғурлар мажбурий меҳнатга жалб этилади.

Завод 2012 йилда Хитойнинг SAIC компанияси билан ҳамкорликда очилган. Бу минтақадаги биринчи автомобил заводи эди, лойиҳа қиймати 170 миллион еврони ташкил этган.

Volkswagen раҳбарияти узоқ вақт объектда инсон ҳуқуқлари бузилишини рад этиб келди. Аммо халқаро ҳамжамият босими мунтазам ошиб борди. Жорий йилнинг сентябр ойида турли давлатлардан бўлган 50 нафардан ортиқ парламентарий компанияга минтақани тарк этиш талабини қўйганди.

Volkswagenʼнинг Хитой бўлинмаси раҳбари Ралф Брандштеттер концерн заводдаги бирорта қонунбузарлик ҳолатини аниқламаганини ва у ишлашни давом эттиришини маълум қилганди. Аммо танқидчилар ва савдолар ҳажмининг камайиб кетгани компанияни ўз режасини қайта кўриб чиқишга мажбурлади.

2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Volkswagen савдолари Хитойда 12 фоизга тушиб кетган. Шунга қарамай компания бош директори Томас Шефер концерн Хитой бозоридаги стратегик иштирокига содиқ эканини таъкидлаган.

Аввалроқ Volkswagen компанияси Германия ҳудудида камида учта заводини ёпиши ва ўн минглаб иш ўринларини қисқартириши тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, концернда ишлашни давом этадиган ходимлар иш ҳақи 10 фоизга қисқариши ва келгуси икки йилда оширилмаслигига тайёр туриши керак.

Мавзуга оид