Жаҳон | 15:26 / 29.11.2024
1517
3 дақиқада ўқилади

Финландия Украина учун дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Финландиянинг Summa Defence мудофаа саноати гуруҳи украиналик ҳамкорлар билан биргаликда Украина ва НАТО Қуролли кучлари эҳтиёжлари учун учувчисиз учоқлар ишлаб чиқарадиган завод очади, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати. Ишлаб чиқаришни 2025 йилда бошлаш режалаштирилган.

Фото: Countrypixel/picture alliance

Summa Defence мудофаа саноати компанияси Финландияда Украина Қуролли кучлари (УҚК) ва НАТО эҳтиёжлари учун учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ишлаб чиқарадиган завод очмоқчи. «Заводнинг мақсади Украинадаги жангларда қўлланадиган дронларнинг ишлаб чиқариш қувватини тез суръатда ошириш, шу билан бирга, Финландия ва Европада дронларнинг саноат ишлаб чиқаришини яратишдир», — дейилади компаниянинг 28 ноябр, пайшанба куни матбуот хабарида.

Summa Defence бош директори Юсси Холопайнен Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкор уруши туфайли дронларни яратиш учун ишлаб чиқариш қувватларини оширишга шошилинч эҳтиёж борлигини айтди. «Дронлар нафақат Украинага, балки Европа Иттифоқи мамлакатларига ҳам етказиб берилади ва дронлар жамиятнинг ажралмас қисмига айланади, фуқаролик хавфсизлиги, мудофаа ва бошқа соҳаларда муҳим вазифаларни ҳимоя қилишни таъминлайди», дея компания матбуот хизмати унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда. Дронларни кенг миқёсда ишлаб чиқаришни бошлаш 2025 йил бошига режалаштирилган, дея аниқлик киритди Холопайнен.

Summa Defence украиналик ҳамкорлар билан биргаликда Финландияда корхона очадиган Summa Drones шуъба корхонасини яратиши кутилмоқда. Келгусида Summa Drones нафақат УУА, балки қуруқликдаги ва денгиздаги дронларни ҳам ишлаб чиқаради, дея тушунтирди матбуот хизмати ва Summa Defence ҳозирда хавфсизлик ва мудофаа технологиялари соҳасида бир нечта компанияларни сотиб олиш бўйича музокараларни якунлаётганини таъкидлади.

Финландиядан РФга алюминий экспорти йил давомида икки баравар ошди

2024 йилнинг тўққиз ойида Финландия Россияга ўтган йилга нисбатан деярли икки баравар кўп алюминий экспорт қилди. Бу ҳақда 24 ноябр куни Финландиянинг Yle телеканали статистик маълумотларга таяниб хабар берди. Телеканал маълумотларига кўра, бу даврда Финландия алюминий импорти ҳажми 22,3 миллион еврони ташкил этган, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан роппа-роса 11 миллион еврога кўпдир.

Фин божхона хизмати статистика бўлими бошлиғи Олли-Пекка Пенттилянинг сўзларига кўра, ҳозирда Россияга алюминий сотишда аниқ ўсиш кузатилмоқда ва амалда экспортнинг бутун ўсиши алюминий экспорти ўсиши билан изоҳланади. Ушбу турдаги маҳсулот Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритилмаган. Пенттилянинг сўзларига кўра, алюминий Финландиядан Россия Федерациясига тўғридан тўғри денгиз орқали экспорт қилинади ёки »Болтиқбўйи мамлакатлари орқали» қайта ишланади.

Мавзуга оид