Лондондаги судда икки болгар РФ учун жосуслик қилганини тан олди
Болгариянинг икки фуқароси суд мажлиси олдидан Россия Федерацияси фойдасига жосуслик қилганликда айбини тан олди. Терговчиларнинг фикрича, улардан бири жосуслик гуруҳини бошқарган. Тахминларга кўра, у австриялик тадбиркор Марсалекдан топшириқ олган.
Буюк Британияда ҳибсга олинган Болгариянинг икки фуқароси Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбини тан олди. Бу ҳақда 28 ноябр, пайшанба куни Лондондаги Марказий жиноий суд мажлиси чоғида маълум бўлди. 46 ёшли Орлин Русев ва 43 ёшли Бизер Жамбазов мажлис бошланишидан олдин буни тан олишган, деб хабар беради dpa агентлиги. Худди шу иш бўйича яна уч гумонланувчи ўз айбини тан олмади, дея хабар беради dpa.
Тергов айбига иқрор бўлган Русев Москвага ишлаган айғоқчилар гуруҳини бошқарган, деб ҳисоблайди. Тахминларга кўра, у рус разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилган ва кейинчалик яширинган австриялик тадбиркор Ян Марсалекдан топшириқ олган.
Тергов маълумотларига кўра, жосуслик гуруҳи нафақат Буюк Британияда, балки Германия, Австрия, Испания ва Черногорияда ҳам фаолият юритган, дея қайд этади dpa. Суд жараёнида прокурор Элисон Морганнинг айтишича, айбланувчилар одамлар ёки нарсалар тасвирини олган ҳамда 2020 ва 2023 йиллар оралиғида ўз мақсадлари ҳақида батафсил ҳисоботлар ёзган. Бунинг эвазига улар «катта миқдордаги пул» олган, деди Морган.
Wirecard банкротлигида Марсалекнинг роли
Илгари Wirecard молиявий компаниясида савдо бўйича директор лавозимини эгаллаб келган Ян Марсалек бир неча йил давомида немис адлиясидан яшириниб юрган, у Россияда ФСБ томонидан тақдим этилган давлат ҳимояси остида яшайди, деб ишонилади. У Wirecard можаросида асосий гумондор саналади, дея эслатади dpa. Марсалек, асосан, Осиёда Wirecard номидан кредит карта тўловларини қайта ишлаган, ташқи тўлов хизматларини кўрсатувчи учинчи томон ҳамкор компаниялари билан бизнес учун масъул эди.
2020 йил июн ойида 1,9 миллиард евро – бу бизнесдан олинган тахминий даромад «изсиз ғойиб бўлгани» маълум бўлди: Филиппиндаги гўё пулни ушлаб турган иккита банк уларда бундай маблағ йўқлиги ва ҳеч қачон бўлмагани ҳақида хабар берди. 25 июн куни Wirecard «ортиқча қарз»га асосланиб, банкротлик тўғрисида ариза берди. Гуруҳнинг қулаши аниқ бўлгач, Марсалек Германияни тарк этди.
«Досье» ва Süddeutsche Zeitung газетаси томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, 2021 йилда Ян Марсалек Герман Баженов сохта исм-фамилияси остида Россия паспортини олган. Шу билан бирга, унга берилган ҳужжатнинг рақами, журналистлар аниқлаганидек, Россия Федерацияси Давлат думаси собиқ депутати Даря Митинанинг муддати ўтган паспортига тўғри келади ва расмий равишда ҳақиқий эмас бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
22:34 / 18.12.2024
Полшада россиялик ҳоккейчи жосусликда айбланиб, 3 йил муддатга қамалди
23:25 / 13.12.2024
Лондонда 300 метрли офис биносини қуришга рухсат берилди
23:06 / 06.12.2024
Венгрия разведкаси мамлакатга келган европалик амалдорлар ортидан кузатиб келгани маълум бўлди
17:33 / 02.12.2024