Жаҳон | 18:38 / 06.12.2024
10121
9 дақиқада ўқилади

Путин Курск области губернаторини алмаштирди

2024 йил август ойида Украина қуролли кучлари қисман оккупация қилган Курск областида баҳордан буён учинчи марта губернатор алмашди. Сентябрдаги сайловларда ғалаба қозонган Смирнов ўрнини собиқ журналист ва таниқли депутат Александр Хинштейн эгаллади. У ҳақда нималар маълум ва истеъфонинг Украина билан урушга қандай алоқаси бор?

Фото: Кремл сайти

Курск области раҳбари ўзгаргани ҳақида пайшанба куни кечқурун маълум бўлди. Ахборот агентликлари Владимир Путин област бошқарувига 50 ёшли Александр Хинштейн номзодини таклиф қилгани ҳақида хабар тарқатди — у кўп йиллар Нижегород ва Самара областларидан Давлат думасига сайланган, ахборий сиёсат бўйича қўмитага раҳбарлик қилган, 2016-2018 йилларда эса Росгвардия раҳбари Виктор Золотовга маслаҳатчилик қилган.

Хинштейн билан учрашуви видеосида Путин ушбу депутатнинг Росгвардия пиарчиси сифатида ишлаган даврини алоҳида эътироф этганини кўриш мумкин.

«Шу туфайли сизга Курск области губернатори вазифасини бажарувчи лавозимини таклиф этмоқчиман, чунки у ерда инқирозни бошқаришга зарурат юзага келган», — деган Путин.

Унинг сўзларига кўра, Курск области «озод этилиши» баробарида регион раҳбари ҳозирда Украина қуролли кучлари амалиёти давом этаётган ҳудудда тиклаш ишларини олиб бориши, шунингдек, маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил қилиши керак бўлади.

Хинштейн регионни 200 кундан кўпроқ вақт давомида бошқарган Алексей Смирнов ўрнини эгаллади. У бу лавозимга 2024 йил майида «в.б» сифатида тайинланганди. Сентябр ойида эса Смирнов регион губернаторлиги учун сайловда ғолиб чиққанди. 6 август куни Украина қуролли кучлари Курск областига бостириб кириб, бир неча районда мустаҳкам ўрнашиб олгани, шу туфайли 120 минг кишини эвакуация қилишга тўғри келганига қарамай, областда сайлов ўтказилганди.

Хинштейнни тайинлаш тўғрисидаги фармонда ундан олдинги раҳбар Алексей Смирнов «ўз хоҳишига кўра» истеъфога чиққани кўрсатилган. 

Губернатор Смирнов нима билан ёдда қолди?

Смирнов «раҳбарият қарори» билан бошқа ишга ўтаётганини маълум қилди, ҳолбуки Путиннинг Хинштейнни тайинлаш бўйича фармонида Смирновнинг ўзи истеъфо сўрагани кўрсатилган. Смирнов қайси лавозимга ўтказилгани бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

Смирновнинг Курск областидаги қисқа фаолияти бир неча можаро билан ажралиб турди. Хусусан, Украина билан чегара бўйлаб ўрнатилган истеҳкомлар катта маблағ сарфланганига қарамай, украин армияси юришини тўхтатишга яроқли эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, маҳаллий расмийлар Украина қуролли кучлари босқинидан кейин регионнинг чегарадош ҳудудларидан аҳолини зудлик билан эвакуация қилишни ташкил эта олмаган.

Яна бир муаммо эса Смирнов маҳаллий аҳоли, айниқса, чегара ҳудудлар ва эвакуация қилинган ҳудудлар аҳолиси билан мулоқотни йўлга қўя олмаганида бўй кўрсатди. 

Курск областининг собиқ губернатори Роман Старовойт Алексей Смирновнинг истеъфоси унда «сўнгги вақтларда одамлар билан алоқани йўлга қўйишда муаммолар юзага келгани» билан боғлиқлигини айтган.

«Регионал ва федерал миқёсда кўплаб қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди — моддий ва юридик чоралар, аммо ушбу чора-тадбирлар қандай амалга оширилаётганини одамларга етказиб беришда муаммолар пайдо бўлди, — деган Старовойт (иқтибос „Вы слушали Маяк“дан). — Вазият эса оддий эмас ва шу билан боғлиқ қарор қабул қилинган кўринади».

Старовойт 2018 йил октябрида 2024 йил майига қадар Курск областини бошқарган. Ҳозирда у Россия транспорт вазири ҳисобланади.

Шунингдек, Старовойт тонгда Александр Хинштейн билан гаплашганини айтган. «Мен ўз томонимдар барча томонлама кўмак бўлишига, шунинг учун ёрдам ёки қандайдир тавсиялар керак бўлса, буни албатта ташкиллаштиришимизга уни ишонтирдим», — деган Курск областининг собиқ раҳбари.

Куз давомида чегарадаги жанглардан қаттиқ жабр кўрган Суджа райони аҳолиси ва бошқа чегара районларда яшовчилар бир неча бор Курскда стихияли митинглар уюштириб, уларга ёрдам пули ва вайрон бўлган уйлари ўрнига янгисини беришни талаб қилишди, шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги қишлоқларда талончилик ҳолатларига қарши курашилмаётганидан шикоят қилишди. Смирнов маҳаллий аҳоли расмийлар билан алоқа йўқлигидан шикоят қилганидан кейин Суджа ва Кореново районлари раҳбарлари ишдан бўшатилганини эълон қилганди, аммо кейин улар ўз ишида қолаётгани маълум бўлди.

Депутат Хинштейн қандай танилган?

Путин Александр Хинштейн Курск области губернатори лавозимига кризис даври бошқарувчиси сифатида тайинлангани билан ўз танловини изоҳлаган: «Ҳозирда у ерда инқирозни бошқариш зарурати юзага келган, шубҳасиз, Курск области ҳозир шундай ҳолатда. Энг асосийси, ҳозир ва яқин келажакда ёрдамга муҳтож бўлган одамларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни ташкиллаштириш зарур».

«Ижро ҳокимиятида ва кучишлатар тузилмалардаги олдинги фаолиятингиз туфайли сизда жуда яхши тажриба ва алоқалар бор. Буларнинг барчасидан олдингизга қўйиладиган вазифаларни бажариш учун фойдаланиш лозим», — дея қўшимча қилган Путин.

Хинштейн Путин билан учрашувда «қийин регион»га тайинланганидан жуда хурсандлиги ва бу ўзи учун шарафли эканини, яқин вақтлар ичида ишга киришишини айтган.

Смирновнинг ўрнига янги раҳбарни излаш ноябр ойида бошланганди, деб хабар беради «Верстка» нашри ўз манбасига таяниб, аммо Хинштейн номзодига фақат 5 декабр куни бир тўхтамга келинган.

«Верстка» суҳбатдошлари Алексей Смирновнинг истеъфоси сабаби регион бошқарувида юзага келган «хаос» бўлганини айтишган.

Хинштейнни тайинловга қадар Курск области билан ҳеч нарса боғламасди. У кўп йиллар (2003 йилдан бошлаб) Давлат думаси депутати бўлган ва сўнгги йилларда ахборот сиёсати бўйича қўмитани бошқараётганди. Депутат сифатида у Россияни тарк этган фуқаролар ва «иноагент»лар учун янги чекловларни қўллаб-қувватлаган, шунингдек, Youtube нинг Россияда ишлаши Россия расмийлари томонидан қасддан қилингани ва бу қурилмалар эскиргани билан боғлиқ эмаслигини очиқчасига тан олган биринчи мулозим бўлганди, деб эслатади The Bell нашри.

Унинг ташаббуси билан «Пионерлар галстугидаги ёз» китобини чиқарган Popcorn Books нашриётига нисбатан Россияда илк марта «ЛГБТ пропагандаси» бўйича иш очилган.

Самара областининг Давлат думасидаги вакили сифатида Хинштейн ўз телеграм-каналида регион ҳаётини фаоллик билан ёритиб борган. У областнинг собиқ раҳбари Дмитрий Азаров билан зиддиятга борган ва бу узоқ давом этиб, губернатор 2024 йил майида, иккинчи муддатга сайланганидан тўққиз ой ўтиб истеъфога чиқиши билан якунланганди. Хинштейн шунингдек Азаровнинг сафдошлари ҳам истеъфога чиқиши ва уларга қарши жиноий ишлар очилишига ҳам эришган.

2016-2018 йилларда «Единая Россия» праймеризида қатнашмагани учун Давлат думаси депутати бўлмаган Хинштейн Росгвардия раҳбари Виктор Золотовга маслаҳатчи бўлиб ишлайди. Золотов биографиясининг шу даври унинг пиаридаги бир неча муваффақиятсизликлар билан боғлиқ.

Хусусан, Хинштейн 2018 йилда Золотов Кремл атрофида автомобилини портлатиш билан таҳдид қилган шахс билан шахсан музокара олиб бориб, уни таслим бўлишга кўндирганини айтади, аммо бунга ҳеч қандай далил келтира олмасдан, фақат ҳодиса тафсилотлари ҳуқуқ-тартибот органларида мавжуд бўлган ҳужжатларда акс этганини таъкидлайди.

2018 йил сентябрида Золотов Росгвардия учун давлат буюртмаларидаги қонунбузарликлар ҳақида суриштирув чиқарган Алексей Навалнийни дуэлга чақиради ҳамда мухолифатчидан «сувли қийма тайёрлаш»га ваъда беради.

Навалний бунга жавобан Золотовни Биринчи канал эфирида дебат қилишга чорлайди. Бироқ бу амалга ошмайди.

Депутат бўлишидан олдин Хинштейн «Московский комсомолец» газетасидаги муаллифлардан бири сифатида ном қозонганди, унинг номи остида можароли суриштирувлар нашр этилган. 1999 йил охирида у Борис Березовскийга тегишли қўриқлаш агентлиги тўғрисида серияли мақолалар эълон қилган, ўшанда уни Кремлнинг «серий кардинали» деб аташарди. Хинштейн ушбу агентлик юқори мартабали мулозимлар, жумладан, президент Борис Елциннинг атрофидагилар («оиласи») ортидан кузатувни йўлга қўйганини айтган. Давомли мақолалар Хинштейн ва ўша вақтдаги ички ишлар вазири Владимиром Рушайло ўртасида можаро келтириб чиқарган.

Хинштейн бир неча китоб чиқарган, «Березовский ва Абрамович. Катта йўлдаги олигархлар», «Нима учун Брежнев Путин бўлолмаган» ва «Путин нима учун ҳеч қачон Горбачёв бўлмайди?» шулар жумласидан.

Хинштейн ҳозир ҳам Россия ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан, Росгвардия билан алоқаларини сақлаб қолган, ўз телеграм-каналида уларнинг фаолиятини шарҳлаб боради.

Мавзуга оид