Жаҳон | 10:53 / 06.12.2024
3288
3 дақиқада ўқилади

Путин РФга газ учун Газпромбанк орқали тўлаш талабини бекор қилди

Путиннинг янги фармонига кўра, Россия гази учун тўловлар энди аниқ бир банкка боғланмайди. Чет эллик харидорларга бошқа тўлов имкониятлари тақдим этилади.

Фото: AP

Россия президенти Владимир Путин фармонни имзолади, унга кўра Россия гази учун тўловлар энди битта аниқ банкка боғланмайди. Тегишли ҳужжат 5 декабр, пайшанба куни ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди.

Илгари, бундай — ягона — молиявий институт Газпромбанк эди, у икки ҳафта олдин АҚШ санкциялари остида қолди. Шундай қилиб, Путин ўзининг 2022 йил 31 мартдаги фармонига ўзгартириш киритди, унда Газпромбанкка Россия гази учун тўловлар бўйича ягона адресат бўлиш ҳуқуқи берилган. Бундай молиявий операцияларни амалга ошириш учун хорижий харидорлардан рубл ва валютада махсус ҳисобрақамларини очиш талаб қилинди. Санкциялар киритилгандан сўнг, бу ҳисоблар автоматик равишда ўз аҳамиятини йўқотди.

Путиннинг янги фармонида, шунингдек, «учинчи шахслардан» маблағлар хорижий компания томонидан газ етказиб бериш учун тўловни амалга оширишда Россия етказиб берувчиси очган рублдаги ҳисобрақамига ўтказилиши мумкинлиги айтилган. The Bell интернет нашри таъкидлаганидек, газ тўлови мажбуриятларини энди нафақат пул билан, балки «ўзаро қарзларни қоплаш» орқали ҳам тўлаш мумкин.

АҚШ Россиянинг 50 та банкига, жумладан, Газпромбанкка қарши санкциялар киритди

21 ноябр куни Россиянинг 50 дан ортиқ банки, 40 та қимматли қоғозлар регистратори ва 15 молия ходими АҚШнинг янги санкциялар пакетига киритилди. Улар орасида Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда ҳам худди шундай рўйхатларда пайдо бўлган Газпромбанк ҳам бор.

Худди шу куни Газпромбанк хориждаги UnionPay карта эгалари учун «қийинчиликлар» ҳақида огоҳлантирди ва уларнинг эгаларига «яқин келажакда нақд пул олишни» маслаҳат берди. Хусусан, Газпромбанк томонидан чиқарилган UnionPay тизими карталари камида саккизта давлатда: Туркия, БАА, Таиланд, Венгрия, Германия, Қатар, Қозоғистон ва Хитойда ишлашни тўхтатди. РИА Новости давлат агентлиги Италия, Уругвай, Аргентина ва Индонезиядаги карта эгалари учун ҳам муаммолар ҳақида хабар берди.

Газпромбанкнинг ўзи ушбу карталарни расмийлаштириш ва чиқаришни тўхтатди. «Коммерсант» газетасининг ёзишича, банк UnionPay'ни веб-сайтда расмийлаштириш мумкин бўлган карталар рўйхатидан олиб ташлаган.

Мавзуга оид