Жаҳон | 15:12 / 07.12.2024
1801
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Mercosur блоки савдо бўйича келишувга эришди

Европа Иттифоқи ва Жанубий Америка тўртта давлатининг Mercosur блоки ўртасида эркин савдо бўйича 20 йилдан ортиқ давом этган музокаралар шартнома келишуви билан якунланди. У йилига 4 миллиард евролик божхона тўловларини бекор қилади.

Фото: AP

Европа Комиссияси ва Бразилия, Аргентина, Уругвай ва Парагвайни ўз ичига олган Mercosur блокининг тўртта Жанубий Америка давлати йигирма йиллик музокаралардан сўнг Уругвай пойтахти Монтевидеода эркин савдо битимини якунлади. Бу ҳақда 6 декабр, жума куни Reuters агентлиги хабар берди.

Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен сўзларига кўра, бу янги иш ўринларини яратиш ва ҳар йили умумий қиймати 4 миллиард евролик божхона тўловларини бекор қилишга имкон беради. Германия ҳукумати Европа Иттифоқининг Хитой билан савдога боғлиқлигини камайтиришга қаратилган бу ҳаракатни олқишлади, дея қайд этади Reuters. У бу сафар ЕИ томонидан қабул қилинадими ёки йўқми, ҳозирча маълум эмас.

Савдо шартномаси Европа Иттифоқи аҳолисининг 65 фоизини ташкил қилувчи 27 та Европа Иттифоқи давлатидан 15 таси, шунингдек, Европа Парламентида кўпчилик томонидан маъқулланиши керак. 2019 йилда дастлабки келишувга эришилди, аммо ратификация қилинмади.

ЕИ қатор давлатлари - Mercosur билан келишувга қарши

Reuters таъкидлаганидек, Франция ҳукумати фермерлари учун салбий оқибатлардан қўрқиб, кўп йиллардан буён ушбу келишувга қарши қаттиқ курашиб келмоқда. Австрия, Полша ва Нидерландия ҳам шубҳа билан қарайди, Италия бундай шартноманинг мақсадга мувофиқлигига шубҳа билдирди. Шундай қилиб, яқинда ўз фаолиятини бошлаган янги Европа Комиссияси ушбу ҳужжатни имзолаш орқали сиёсий таваккал қилмоқда. Ўз навбатида, Урсула фон дер Ляйен бир қатор давлатлар томонидан билдирилган хавотирлар инобатга олингани, эҳтиёт чоралари ишлаб чиқилганини айтди.

Европа Иттифоқининг 27 давлати ва Mercosur ўртасидаги эркин савдо шартномаси 700 миллиондан ортиқ аҳолига эга дунёдаги энг йирик савдо зоналаридан бирини яратади. Муваффақиятли ратификация қилинса, у жаҳон иқтисодиётининг қарийб 20 фоизини ва глобал маҳсулот экспортининг 31 фоиздан ортиғини қоплайди.

Мавзуга оид