Жаҳон | 08:17 / 09.12.2024
2641
4 дақиқада ўқилади

Гуржистон парламенти ёнида «норозилик» арчаси пайдо бўлди

Оммавий норозиликларнинг ўн биринчи кунида Тбилисидаги Руставели проспектига янги йил арчаси ўрнатилди. Намойишчилар уни Европа Иттифоқи, Гуржистон, Украина ва АҚШ байроқлари, шунингдек, норозилик намойишларида жароҳатланган журналистларнинг суратлари билан безатдилар.

Фото: Telegram / paperkartuli

Гуржистон пойтахтида ўн биринчи кундан бери давом этган оммавий норозилик намойишлари иштирокчилари Руставели проспектидаги парламент биноси ёнидаги янги йил арчасини яраланган фаоллар ва журналистлар суратлари билан «безади», деб хабар берди «Грузия Онлине» портали 8 декабр, якшанба куни.

Намойишчилар йиғилган жойга янги йил арчаси каркаси тушдан кейин Тбилиси мэрияси буйруғи билан ўрнатилди. Бироқ намойишчилар шаҳар хизматларига янги йил рамзини тўлиқ йиғишга тўсқинлик қилишди, шундан сўнг фақат ярми сунъий шохлар билан безатилган каркас полиция томонидан ўраб олинган. Кечки норозилик бошланганидан кейин арча назорати яна намойишчилар қўлига ўтди. Унда фотосуратлардан ташқари Гуржистон, Европа Иттифоқи, Украина ва АҚШ байроқлари ҳам бор эди. Кейинроқ арча олдида намойишчиларнинг тарқатилишини назорат қилувчи махсус вазифалар департаменти бошлиғи Звиад Харазишвилининг тимсоли ёқиб юборилган.

Тбилиси мэри Каха Каладзе янги йил арчаси албатта тегишли шаклга келтирилишига ваъда берди.

Paper Kartuli Telegram-каналига кўра, маҳаллий вақт билан 9 декабр куни соат 2.00 да намойишчиларнинг аксарияти парламент олдидаги майдонни тарк этган. Махсус техника ва хавфсизлик кучлари бўлган автобуслар ҳам жўнаб кетди. Намойишчилар сув пуркагичлари ёки кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборилгани ҳақида хабарлар йўқ.

Аввалроқ, 7 декабр куни Александр боғи ва Пурцеладзе кўчасида қора кийим ва ниқоб кийган номаълум шахсларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ва намойишчиларга ҳужумидан сўнг намойишчилар ўзини ҳимоя қилиш бўлинмасини ташкил қилгани хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда бир эркакнинг гапираётгани, юзлари ёпиқ бир неча ўнлаб эркаклар кўчаларни патрул қилиш ва намойишчиларни хавфсизлик кучларидан ҳимоя қилиш ниятида эканликларини кўрсатаётган видео тарқалди.

Тбилисида махсус кучлар намойишчиларни сув пуркагичлар билан тарқатиб юборди

Гуржистон пойтахтида махсус кучлар сўнгги уч кун ичида илк бор Руставели проспектидаги намойишчиларни сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқата бошлади. Бу ҳақда 7 декабрга ўтар кечаси «Грузия Online» портали хабар берди. Тарқатишга сабаб намойишчиларнинг пиротехника воситаларидан фойдалангани бўлган, деб ёзади газета.

Полиция Гуржистон парламенти жойлашган проспектдаги митингни тарқатиб юбориши бошланганидан икки ярим соат ўтиб, деярли ҳеч қандай намойишчилар қолмади, деб ёзади Paper Kartuli Telegram-канали. Намойишчиларнинг бир қисми шаҳар қирғоқбўйига кўчиб ўтди, намойишчилар ва номаълум шахслар ўртасида муштлашув юз бериб, улар машиналаридан тушиб «норозилик билдирган», деб ёзади канал.

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили X ижтимоий тармоғида бош вазир Ираклий Кобахидзенинг Тбилиси кўчаларида зўравонликлар тўхтаганини айтган сўзларига изоҳ берди. «Ёлғон! Агар кўчада зўравонлик тўхтаган бўлса, бугунги тарқатиб юборишнинг маъноси қандай? Аёллардан ўч олишдан мақсад нима?» - деб ёзди у.

Мавзуга оид