Олимлар экологик тоза қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини топди
Швециялик олимлар органик қуёш панелларини ишлаб чиқаришдаги асосий муаммолардан бирини ҳал қилди — улар заҳарли эритувчиларнинг хавфсиз муқобилини топди.
Электрлаштириш ва сунъий идрокнинг ривожланиши туфайли электр энергиясига бўлган эҳтиёж ошиши билан экологик жиҳатдан хавфсиз энергия манбаларини излаш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бутун дунё олимлари томонидан фаол ўрганилаётган шундай манбалардан бири қуёш батареяларидир. Анъанавий кремнийли қуёш панелларидан ташқари муқобил технологиялар ҳам ривожланмоқда, уларга органик қуёш элементларидан иборат батареяларни мисол қилиш мумкин.
Органик қуёш батареялари бир қатор афзалликларга эга. Улар енгил, эгилувчан, ишлаб чиқаришда нисбатан арзон бўлиб, деразаларга, матога ёки ҳатто хона ичига ўрнатилиши мумкин, бу эса шахсий электрон қурилмаларни қувват билан таъминлайди. Бундай батареялар аллақачон бозорга чиқарилган, уларнинг улуши сезиларли даражада ўсиши кутилмоқда. Бугунги кунда органик қуёш батареяларининг самарадорлиги 20 фоизга етиб, бу анъанавий кремний панеллари билан таққосланади. Бироқ уларни оммавий ишлаб чиқариш экологик муаммолар келтириб чиқармоқда.
Гап шундаки, органик қуёш элементларини ишлаб чиқариш жараёнида заҳарли моддалардан ташкил қопган эритма ишлатилади. Бу эритма қўлланганда буғланиб, атроф-муҳит ва завод ходимларининг соғлиғи учун хавф туғдиради.
“Органик қуёш батареяларини оммавий ишлаб чиқариш учун заҳарли моддалардан фойдаланишни истисно этадиган усулларни топиш зарур. Акс ҳолда, бундай технология на экологик жиҳатдан тоза, на хавфсиз бўлади”, — деб таъкидлади Швециянинг Линчепинг университети оптоэлектроника профессори Фенг Гао.
У раҳбарлик қилаётган тадқиқот гуруҳи Хитой ва АҚШдаги ҳамкасблари билан биргаликда ушбу муаммонинг ечимини таклиф этди. Олимлар турли хил хавфсиз эритувчилардан фойдаланиб, органик қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини яратди.
Қуёш панели учун ишлатиладиган материал ва эритувчи ўртасидаги молекуляр реакцияларни ўрганиш бу кашфиётнинг асоси бўлди. Илғор технологиялар ёрдамида мутахассислар қуёш батареяси тузилишининг шаклланиш жараёнини батафсил кузатишга эришди.
“Мос эритувчини танлаш учун қуёш батареясини ишлаб чиқаришнинг бутун жараёнини тушуниш муҳим. Бу жараёнга эритманинг бошланғич тузилиши, буғланиш пайтидаги динамик жараёнлар ва плёнканинг якуний тузилиши киради”, — деди тадқиқот ҳақидаги мақоланинг етакчи муаллифи Руй Жан.
Ушбу ёндашув ёрдамида олимлар кўплаб хавфсиз эритувчилардан фойдаланиш имконини берадиган универсал лойиҳани яратади. Келажакда ҳатто сув ҳам органик қуёш панеллари учун эритувчи вазифасини бажариши мумкин. Янги усул органик қуёш панелларини барқарор ишлаб чиқариш йўлини очиб беради.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024