Жаҳон | 21:15 / 10.12.2024
8289
2 дақиқада ўқилади

Реал таҳдид: Ер юзасининг 40 фоизини қурғоқчилик қамраб олди

Илгари ям-яшил бўлган ўрмонлар қуруқ яйловларга айланиб, ҳаёт ва қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган намлик йўқолиб бормоқда.

Фото: Gianni Cipriano

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги 30 йил мобайнида ер юзасининг 77,6 фоизи қуруқлашган. Ҳозирда қурғоқчил ҳудудлар майдони Ҳиндистон ҳудудидан ҳам каттароқ бўлиб, Антарктидани ҳисобга олмаганда, қуруқликнинг 40,6 фоизини ташкил этмоқда. Агар бу тенденция сақланиб қолса, аср охирига келиб 5 миллиард аҳоли истиқомат қиладиган ерлар қурғоқчиликда қолиши мумкин, деб хабар берди LiveScience.

Иқлим ўзгариши глобал ҳарорат кўтарилишига олиб келаётгани боис сув ер юзасидан тезроқ буғланяпти, атмосфера бўлса уни тобора кўпроқ ютяпти. Бунинг натижасида илгари ям-яшил бўлган ўрмонлар қуруқ яйловларга айланиб, ҳаёт ва қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган намлик йўқолиб бормоқда.

Ер ва сувдан оқилона фойдаланмаслик муаммони янада оғирлаштиради. Бунинг оқибатида, қарийб 3 миллиард аҳоли ва жаҳонда озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг ярмидан кўпи сув тизимларига тушаётган мислсиз юкламадан азият чекмоқда.

Янги ҳисобот муаллифлари замонавий иқлим моделларидан, стандартлаштирилган усуллардан ҳамда кенг қамровли адабиёт ва маълумотлар таҳлилидан фойдаланган. Уларнинг хулосалари ташвишли: қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги ерларининг 40 фоизига ва 2,3 миллиард кишига таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ҳозирга қадар кенг кўламли ўрмон ёнғинлари, қишлоқ хўжалиги инқирози ва аҳоли миграциясини келтириб чиқарди. Айниқса, деярли бутун Европа, АҚШнинг ғарбий қисми, Бразилия, Шарқий Осиё ва Марказий Африка кучли зарар кўрди.

Тадқиқотчилар вазият пессимистик эмаслигини таъкидлади. Улар углерод чиқиндиларини камайтириш, қурғоқчилик мониторингини такомиллаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўз ичига олган комплекс ҳаракат режасини таклиф этмоқда.

Мавзуга оид