Ўзбекистон | 21:52 / 11.12.2024
4578
6 дақиқада ўқилади

11 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Марказий банк раҳбариятида ўзгаришлар, оммавий тартибсизликлар уюштириш учун жазо, Ўзбекистонда ишга тушириладиган янги иссиқлик электр станциялари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Марказий банк раҳбариятида ўзгаришлар

Тимур Аминжонович Ишметов Ўзбекистон Марказий банкининг янги раиси бўлди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат раҳбари унинг номзодини Сенатга тақдим этган эди. Олий Мажлис Сенати Кенгаши Тимур Ишметовни Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

45 ёшли Ишметов 1979 йилда Тошкентда туғилган, Тошкент молия институти ва Бирмингем университетини тамомлаган. У Марказий банкда 19 йил фаолият юритиб, юқори лавозимларда ишлаган. 2017 йилда Нурмуродов билан бирга банкнинг валюта ислоҳоти жараёнида иштирок этган.

2019-2022 йилларда Молия вазири сифатида ишлаган Ишметов 2022 йил декабрда президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

У Марказий Банкнинг аввалги раҳбари Мамаризо Нурмуродов ўрнини эгаллаб, Марказий банкдаги ислоҳотларни давом эттириши кутилмоқда. Аввалги раҳбар, 64 ёшли Мамаризо Нурмуродов Марказий банкда маслаҳатчи лавозимида ўз фаолиятини давом эттиради.

Оммавий тартибсизликлар уюштириш учун жазо

11 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди. Унда оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтиш ва бундай фаолиятни молиялаштириш учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг айтишича, бундай ўқувларда иштирок этганлик, қурол ва портловчи моддалар тайёрлаш, шунингдек, молиялаштириш фаолияти жиноят ҳисобланади. Бу жазо онлайн тарздаги ўқувларда иштирок этаётганларга ҳам тааллуқли.

Амалдаги 244-моддага кўра, оммавий тартибсизликларга даъват қилиш ёки қурол қўллаб қатнашиш каби ҳаракатлар учун 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Қонун лойиҳасига кўра, янги чора-тадбирлар олдини олишга қаратилган бўлиб, ҳужжат давлат бюджетидан ортиқча маблағ талаб қилмайди. Депутатлар лойиҳани саволсиз қабул қилди.

«Эзгулик» жамиятига халқаро мукофот

10 декабр куни Парижда ўтган маросимда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятига Франциянинг «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти топширилди.

Мукофотни жамият раҳбари Абдураҳмон Ташанов Франция адлия вазири Дидие Миго ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси раиси Жан-Мари Бургубурудан қабул қилиб олди.

Мукофот 1988 йилда таъсис этилган бўлиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг аҳамиятини эътироф этишга қаратилган. Бу йил у қуролли можароларда тинч аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 5 ташкилотга берилди.

Франция адлия вазири мукофотнинг аҳамиятини таъкидлаб: «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги хизматларингизни ҳурмат ва эътироф белгиси сифатида қабул қилинг», деди мукофотланганларга.

Ўзбекистонда 5 та янги ИЭС ишга туширилади

2027 йилга қадар Ўзбекистонда хорижий компаниялар билан имзоланган битимлар доирасида умумий қуввати 4183 MW бўлган 5 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилади.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, сўнгги йилларда электр энергиясига бўлган талабни қондириш мақсадида Германия, Франция, Нидерландия, Япония, Қатар ва Туркия компаниялари билан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.

Янги ИЭСлар қуйидаги ҳудудларда ишга туширилади:

  • 2024 йилда Қашқадарё вилояти Нишон тумани (400 MW) ва Тошкент шаҳри (100 MW);
  • 2025—2026 йилларда Сирдарё вилояти Боёвут тумани (1573 MW);
  • 2027 йилда Сурхондарё вилояти Ангор тумани (1560 MW) ва Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани (550 MW).

Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 4,86 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади ва улар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. 2022—2024 йилларда 2874 MW янги қувватлар ишга туширилган.

Ички бозорда мис ишлаб чиқариш ҳажми ошади

Ўзбекистон йилига 300 минг тоннагача мисни қайта ишлашни режалаштирмоқда. Шу мақсадда мисдан маҳсулот ишлаб чиқарувчи кластерлар, технопарклар ва қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсуповнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятидаги Оҳангарон мис кластерида яримўтказгичлар, микроэлектрон қисмлар ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Хомашё Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан етказиб берилади.

ОКМК 2031 йилгача мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган. Бунинг учун 15 миллиард доллар инвестиция йўналтирилади. Ўзбекистоннинг мис саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бу лойиҳа уч босқичда амалга оширилади.

Қиморга бой берилган пуллар

Навоий вилояти Учқудуқ туманида электромонтёр одамларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштириб, уларни қиморга сарфлаб юборгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

22 ёшли йигит ишдан бўш вақтларида уяли алоқа воситалари дўконида сотув ишларига ёрдамлашган. У телефонлар учун муддатли тўлов расмийлаштириш жараёнида мижозларнинг маълумотларини ўзлаштириб, 12 кишининг номига жами 140 миллион сўмдан ортиқ онлайн кредит олган. Ушбу маблағларни онлайн қимор ўйинларида ютқазган.

Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. У жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун ўз уйини сотганини маълум қилди.

Суд ҳукмига кўра, монтёр 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Мавзуга оид