Жамият | 07:50 / 11.12.2024
1843
1 дақиқада ўқилади

700 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди

Андижон вилоятининг Бўстон, Самарқанд вилоятининг Оқдарё ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. 

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, Бўстон туманида “Э.О.” фермер хўжалиги раҳбари Д.Э. ва бошқалар хўжалик ер майдонларини суғориш учун сув насосини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаган. Натижада жами 310,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Оқдарё туманида “Янгиқўрғон” МФЙ ҳудудидаги “Х-Х.” хусусий корхонаси раҳбари Ж.Х. электр қурилмаларни тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаган. Сўнг 259,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Тўрткўл туманида “Шаббаз” ОФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи фуқаро С.Ю. ўз уйида газ ҳисоблагич ускунасидан ташқари газ тармоғига яширинча уланган. Оқибатда 129,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид