Украина Дума спикери Володинни сиртдан 15 йилга ҳукм қилди
Россия Федерацияси Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумини тайёрлашда бевосита иштирок этган ва урушни очиқ қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, дея маълум қилди СБУ.
Украина суди Россия Федерацияси Давлат думаси спикери Вячеслав Володинга нисбатан сиртдан ҳукм чиқариб, уни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Володин Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигига тажовуз қилиш тақиқини бузганликда айбдор деб топилди, дея маълум қилди Володин иши бўйича далилларни тўплаган Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) 12 декабр, пайшанба куни.
Володин Украинага қарши урушга тайёргарликда иштирок этган
Дума спикери Россия президенти Владимир Путиннинг ишончли одами сифатида «Россияга кенг кўламли ҳужумини тайёрлашда бевосита иштирок этган», дейилади идора баёнотида. 2022 йил 15 февралда у Путинга «Донецк ва Луҳанск халқ республикалари»нинг «мустақиллигини» тан олиш сўралган мурожаатномани овозга қўйди, бу қарорни очиқ қўллаб-қувватлади ва депутатлар томонидан зарур ёрдамни тақдим этди, дея таъкидлайди СБУ.
Кейинчалик Володин Украинанинг ушбу босиб олинган ҳудудлари билан «дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномаси» ратификациясини ташкиллаштирди. «Кейинчалик Кремл Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаш учун Володиннинг «қонунчилик ташаббусларидан» фойдаланган», дейилади баёнотда.
Дума спикери урушни очиқ қўллаб-қувватлашда давом этмоқда
Бундан ташқари, Дума спикери Украина ҳудудларининг ишғол қилинишини «оқлашда давом этмоқда» ва қўшни давлатга қарши урушни қўллаб-қувватлайди, бу ҳақда у қуйи палата йиғилишларида ва ташвиқот каналлари эфирида тез-тез таъкидлайди, дея маълум қилди Украина махсус хизмати.
Ҳукм ижроси Володин амалда қўлга олинган кундан бошланади.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024