Жаҳон | 20:24 / 14.12.2024
20561
2 дақиқада ўқилади

Қайси мамлакат иқтисодиёти 2024 йилда энг яхши натижаларга эришди?

Жорий йилда дунё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий натижаларда катта фарқлар кузатилди. Глобал иқтисодиёт 3,2 фоизга ўсди, бунда инфляциянинг нисбатан пасайиши ва истеъмолчиларнинг фаол харажатлари муҳим омил бўлди, деб ёзади The Economist.

Фото: Getty Images

Нашрга кўра, бу йил энг яхши иқтисодий кўрсаткичларга эришган мамлакат – Испания. Қироллик саноати барқарор ўсяпти, иммиграциянинг ўсиши иқтисодий фаолликни оширмоқда. Йил якуни бўйича ЯИМ ўсиши 3,1 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Испаниядан кейинги ўринларни Ирландия, Дания, Греция ва Италия эгаллади. Бу мамлакатлар яқин ўтмишдаги иқтисодий қийинчиликларни енгиб, барқарор ривожланишни намойиш қилмоқда. Масалан, Грецияда ишсизлик даражаси 10 йилликдаги энг паст кўрсаткичга тушди.

Бошқа томондан, Германия ва Буюк Британия каби катта иқтисодиётлар юқори энергия нархлари ва саноатдаги секин ўсишдан азият чекди. Европа мамлакатларидан Латвия ва Эстониянинг бу йилги иқтисодий кўрсаткичлари қониқарсиз бўлди.

The Economist'нинг қайд этишича, АҚШ фонд бозори инфляцияни чегириб ташлаганда 24 фоизлик даромад кўрсатгани катта эътиборга лойиқ. Финландияда эса, аксинча, фонд бозори учун омадсиз йил бўлди.

Инфляция даражаси бўйича Франция ва Швейцариянинг муваффақиятини алоҳида эътироф этиш мумкин: бу мамлакатларда йил давомида нарх-наво ўсиши 2 фоиздан ошгани йўқ.

Фискал интизом бўйича Дания ва Ирландия бюджет профицитига эришган бўлса, Британия ва Япония ҳукумат харажатларининг ортиши сабабли кўпроқ қарз олишга мажбур бўлди.

Мавзуга оид