Жаҳон | 09:22 / 16.12.2024
4673
2 дақиқада ўқилади

ЖАР ХЖС ордери туфайли Путинни G20 саммитига таклиф қилмайди

Фото: kremlin.ru

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Россия президенти Владимир Путинни Йоҳаннесбургдаги G20 саммитига таклиф қилмайди. Бу ҳақда 15 декабр, якшанба куни Жанубий Африка президентининг расмий вакили Винсент Магвеня маълум қилди, унинг сўзларини ТАСС агентлиги келтирган.

Бунга Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан Путинни ҳибсга олишга берилган ордер сабаб бўлди. Жанубий Африка ХЖС фаолиятининг асосини ташкил этувчи Рим статутини ратификация қилди ва агар Россия раҳбари ташриф буюрса, уни ҳибсга олиши керак. Шунга ўхшаш қоидалар 2023 йил 22-24 август кунлари Йоҳаннесбургда бўлиб ўтган БРИКСнинг 15-саммитида ҳам амал қилган.

«БРИКСнинг Йоҳаннесбургдаги саммитидан бери ҳуқуқий вазият ўзгармади, биз ҳеч қандай тарзда ХЖС қарорларига таъсир қила олмаймиз», деб таъкидлади Магвеня. Бир йил муқаддам Путин видео-алоқа орқали саммитда қатнашган эди. Россия томонидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шахсан иштирок этди.

G20 — энг ривожланган ва ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатлар ҳукуматлари клуби. 1 декабр куни Жанубий Африка 12 ойлик раисликни қабул қилди. Саммит 2025 йилнинг 21-22 ноябр кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

FT: Рамапосанинг Путинни мақташи ЖАР коалициясини парчалади

Жанубий Африка президенти Сирил Рамапосанинг Қозондаги БРИКС саммитида Россия етакчиси Владимир Путин ҳақидаги мақтовли изоҳлари Жанубий Африканинг 10 партияли ҳукмрон коалицияси, жумладан, Африка миллий конгресси (АМК) ва собиқ мухолифатдаги Демократик алянс (ДА) ўртасидаги бўлинишни чуқурлаштирди. Бу форматда у беш йиллик муддатининг охиригача омон қолмаслиги мумкинлиги ҳақида қўрқув кучаймоқда. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times (FT) газетаси 29 октябр куни ўз сайтида маълум қилди.

Рамапоса Россия Федерациясига ташрифи чоғида Путин Жанубий Африканинг «қимматли иттифоқчиси» ва «қимматли дўсти» эканлигини айтган.

Мавзуга оид