Жаҳон | 20:35 / 21.12.2024
1542
2 дақиқада ўқилади

Байден Тайванга 570 млн долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни буюрди

АҚШ президенти Тайванга ҳарбий ёрдам етказиш бўйича буйруқ берди. Ёрдам кўрсатиш ваколати давлат котиби Энтони Блинкенга топширилди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Тайванга 571 миллион долларлик ҳарбий ёрдам етказиш бўйича буйруқ берди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.

Баёнотга кўра, ёрдам кўрсатиш ваколати АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга топширилган. Тайванни қўллаб-қувватлаш доирасида АҚШ Мудофаа вазирлигининг «ҳарбий тайёргарлик ва ўқитиш» каби хизматлари ҳам тақдим этилади.

Октябр ойида АҚШ Тайванга 2 миллиард долларлик қуролланиш пакетини етказиши мумкинлигини эълон қилганди. Вашингтон Тайван билан расмий дипломатик алоқа ўрнатмаган, аммо қонунга мувофиқ, оролга ўзини ўзи мудофаа қилиши учун ҳимоя воситаларини етказиб беришга мажбур. Ноябр охирларида эса АҚШ Тайванга F-16 қирувчи самолётлари учун эҳтиёт қисмлар ва радиолокацион тизимлар етказиб бериши маълум бўлди.

Декабр бошларида ХХР ҳарбий саноатга боғлиқ 13 Америка компанияси, шунингдек, олти нафар топ-менежерга қарши санкциялар жорий этилганди ва Пекин буни Тайванга қурол сотилаётгани билан изоҳлаган.

8 декабр куни кечқурун Хитой Тайван яқинидаги кемалари сонини деярли икки баробарга оширди, 9 декабр куни эса Тайван бўғози билан чегарадош Фуцзян ва Чжэцзян провинцияларидан шарқда жойлашган еттита ҳаво ҳудудида ҳаракатланишни чеклади. Бунга жавобан Тайван армияси бўлинмалари Хитойнинг орол яқинидаги фаоллиги туфайли жанговар шай ҳолатга келтирилди.

Хитой Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси сифатида кўради, аммо орол ўзини алоҳида давлат деб ҳисоблайди ва ўз ҳукумати ҳамда қуролли кучларига эга. Орол ҳукумати 1949 йилда фуқаролар уруши тугаганидан кейин материк Хитойдан мустақиллигини эълон қилган, аммо Тайванни фақат Палау, Тувалу ва Белиз каби ўнга яқин мамлакат суверен давлат сифатида тан олган.

Мавзуга оид