Жаҳон | 14:14
3176
3 дақиқада ўқилади

Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Владимир Путин Кремлда Роберт Фицо билан учрашди. Бу - сиёсатчиларнинг саккиз йил ичида биринчи шахсий музокаралари.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Кремлда Словакия бош вазири Роберт Фицо билан учрашди. Бу ҳақда 22 декабр, якшанба куни Кремл матбуот хизмати хабар берди.

«Роберт Фицо амалий ташриф билан Москвада», — дейилади хабарда.

Матбуот хизмати тарқатган кадрларда сиёсатчиларнинг қўл бериб кўришаётгани акс этган.

ТАСС агентлиги эслатганидек, бу - Путин ва Фицонинг 2016 йилдан бери биринчи шахсий учрашуви.

Киев Россия газининг Украина орқали транзити бўйича келишувни узайтирмасликка қарор қилди

Сербия президенти Александр Вучич 21 декабр куни учрашув Украина етакчиси Володимир Зеленскийнинг 2025 йил 1 январдан Россия газини Украина орқали транзити бўйича келишувни узайтирмаслик ҳақидаги қарори фонида режалаштирилганини айтди. Фицо аввалроқ бу қадам Словакияни инқирозга олиб келиши мумкинлигини билдирганди.

«Норасмий маълум бўлишича, Фицо Путиннинг олдига Европа Иттифоқи давлати раҳбари сифатида боради – бу бошқа етакчилар томонидан қандай кутиб олинишини айтишим шарт эмас ва бу вазиятни янада мураккаблаштиради», — деди Сербия президенти.

Киевнинг «Газпром» Россия корпорацияси билан транзит шартномаси 2019 йилдан бери амал қилади.

Келгуси йили Фицо СССРнинг Иккинчи жаҳон урушида нацистлар Германияси устидан қозонган ғалабасининг юбилейини нишонлаш учун Россияга келишга ваъда берди.

ЕИ газ етказиб берувчилари Украина орқали транзитни сақлаб қолишга чақирмоқда

Словакиянинг энг йирик газ етказиб берувчи SPP компанияси, шунингдек, Австрия, Венгрия ва Италиянинг бир қанча газ компаниялари Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенга Украина орқали газ транзитини сақлаб қолишга чақирувчи мурожаатнома тайёрлади, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги 17 декабр куни.

SPP раҳбари Войтех Ференц компанияларнинг ушбу қўшма хатини «яқин келажакда катта иқтисодий зарар кўриши мумкин бўлган минтақанинг энергия хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун бевосита масъул бўлган бизнес муҳим овози» деб атади. Ференцга кўра, Украинадаги газ инфратузилмасини сақлаб қолиш ва бу мамлакат орқали газ транзитини давом эттиришдан Европа истеъмолчилари ҳам, Киев ҳам фойда кўради.

Мавзуга оид