Киев РФнинг музлатилган активларидан миллиард доллар олди
Украина Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромад эвазига йигирма миллиард доллардан биринчисини олди, деди бош вазир Денис Шмигал.
Украина Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад эвазига АҚШдан миллиард доллар олди, деди 24 декабр, сешанба куни бош вазир Денис Шмигал ўзининг Telegram-каналида. «Бу АҚШ G7 ташаббуси доирасида блокланган Россия активларидан фойдаланиш орқали ажратишга тайёр бўлган режалаштирилган 20 миллиард долларнинг биринчи траншидир», деб тушунтирди у.
Шмигал Қўшма Штатлар ва Жаҳон банкига «адолат сари муҳим қадам» учун миннатдорчилик билдирди. «Биз Россиянинг барча суверен активлари мусодара қилинишини ва Украинани тиклаш учун ишлатилишини кутамиз», — дея қўшимча қилди украиналик сиёсатчи.
АҚШ Молия вазирлиги Киевга 20 млрд доллар қарз ҳақида эълон қилди
АҚШ Молия вазирлиги G7 ("Еттилик гуруҳи") ташаббуси доирасида Украинага 20 миллиард доллар (19 миллиард евро) ажратилишини эълон қилди. Қарз ҳақида 10 декабр куни АҚШ молия идораси маълумот берди.
Кредит Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағлар ҳисобидан тўланиши керак. G7 орқали тақдим этилаётган маблағларнинг умумий миқдори 50 миллиард долларни (47,5 миллиард евро) ташкил этади.
АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Украинага «тез ёрдам хизматлари, шифохоналар ва жасоратли қаршилик кўрсатишнинг бошқа устунларини сақлаб қолиш учун» молиявий ресурслар кераклигини таъкидлади.
Бу маблағлар, Вашингтоннинг хавфсизликка ёрдами ва Россияга қарши санкцияларни кучайтириш чоралари «Украинанинг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ва адолатли тинчликка эришишдаги позициясини мустаҳкамлайди», деб таъкидлади Йеллен.
Мавзуга оид
14:59 / 25.12.2024
Телебошловчи Татяна Лазарева РФда сиртдан 6,5 йилга қамалди
13:14 / 25.12.2024
El Pais: Киев ЕИдан украиналик қочқинларга тўловларни қисқартиришни сўрамоқда
11:56 / 25.12.2024
РФнинг Кривий Ригдаги уйга зарбаси: 10 дан ортиқ киши жароҳат олди
11:00 / 25.12.2024