Жаҳон | 17:10 / 25.12.2024
5529
2 дақиқада ўқилади

Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди

Покистон буни «Таҳрики-Толибон Покистон» (ТТП) радикал гуруҳи террорчиларига тегишли эканини айтди. «Толибон» буни рад қилиб, қурбонлар тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар бўлганини таъкидлади.

Фото: AP

25 декабр куни Покистон ҳаво кучлари Афғонистоннинг Пактико вилояти ҳудудларига зарбалар берди. Мамлакат Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, ушбу объектлардан «Таҳрики-Толибон Покистон» (ТТП) радикал гуруҳи террорчилари Покистонда хавфсизлик кучларига қарши ҳужумлар ва терактлар учун фойдаланган. Афғон ҳукумати, ўз навбатида, Покистон ҳарбийлари қочқинлар лагерларига зарба берганини айтди. Уларга кўра, 46 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган, яна олти киши яраланган.

Зарбалар Пактико вилоятининг Бармал туманларига, жумладан, Ламан, Марга ва Мурғбозор қишлоқларига берилгани таъкидланмоқда.

«Толибон» етакчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати ҳаво ҳужумларини кескин қоралаб, буни мамлакат суверенитетини қўпол равишда бузиш деб атади. Афғон томони вакиллари жавоб чоралари қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Бу зарбалар Покистонда ТТП жангариларининг яқинда уюштирган қатор ҳужумларига жавоб бўлгани таъкидланмоқда. Масалан, Жанубий Вазиристондаги назорат-ўтказиш пунктига уюштирилган ҳужумда камида 16 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлган эди. Исломобод бир неча бор Кобулни ўз ҳудудида жангарилар фаолиятини жиловлай олмаётганликда айблаган, бироқ афғон томони буни рад этади.

2021 йилда Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг, «Таҳрики-Толибон Покистон» гуруҳи фаоллиги кучайди, улар Покистон ҳудудларига ҳужум уюштира бошлади. Исломобод Кобулни ТТП жангариларига бошпана берганликда айблайди, афғон ҳукумати буни рад этади.

2024 йил март ойида Покистон Ҳарбий ҳаво кучлари Афғонистон жанубидаги Пактико ва Хост вилоятларидаги нишонларга зарбалар бериб, улар ТТП жангариларига тегишли эканини айтди. Афғонистон ҳукумати ҳалок бўлганлар орасида тинч аҳоли ҳам борлигини айтиб, зарбани қоралади.

Мавзуга оид