Ўзбекистон | 14:01 / 27.12.2024
14670
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда Қозоғистондан тортилган яширин ерости қувури аниқланди

Жами узунлиги қарийб 1 км бўлган яширин қувур орқали Қозоғистондан Ўзбекистонга бензин контрабандаси амалга ошириб келинган.

Фото: Божхона қўмитаси

Қибрай туманида Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудудига тортилган яширин қувур аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 декабр куни Божхона қўмитаси ва унинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда трансчегаравий жиноий гуруҳ фош қилинган. Ушбу гуруҳ Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан ёнилғи (бензин) маҳсулотларини олиб ўтиш билан шуғулланган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган қорамол фермаси кўздан кечирилган. Жараёнда Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига ёнилғи маҳсулотларини ноқонуний ўтказишга мўлжалланган, Ўзбекистон томондаги қисми тахминан 500 метр узунликда бўлган яширин қувур борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолатга алоқадор бўлган шахслар бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти прокуратураси матбуот хизматига кўра, яширин қувурнинг Қозоғистон томондаги қисми 450 метр бўлган ва у орқали ҳар куни 5-7 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари яширинча ташилган.

Олдинроқ Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида 310 метрли ноқонуний туннел аниқланганди. Ўшанда ўтказилган тезкор тадбирда Ҳиндистондан Қозоғистон орқали мамлакатга катта миқдорда сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний ўтказиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.  

Мавзуга оид