Фан-техника | 15:48 / 11.01.2025
5114
15 дақиқада ўқилади

Суперкубок тикилган Эл-Класико, «Арсенал» «МЮ»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Баъзи лигаларда танаффус тугаб, навбатдаги турларга старт берилмоқда, Англияда эса бу сафар фақат кубок ўйинлари бўлиб ўтади. Шундай бўлса-да, зерикишга вақт йўқ, хусусан ҳам Англияда, ҳам Испанияда мамлакатнинг энг номдор клублари ўртасида муҳим учрашувлар бор. Эл-Класико, Турин дербиси, Аморимнинг «Эмирейтс»га иккинчи сафари мухлислар учун жуда яхши совға бўлиши табиий.

Фото: Getty Images

ТОРИНО – ЮВЕНТУС (11 январ, 22:00)

Кучли бешлик чемпионатларида биринчи давра якунлари бўйича фақат икки жамоа мағлубият нималигини билмай келмоқда. Биринчиси Франция чемпионати пешқадами «ПСЖ»нинг ҳолати тушунарли, зеро у ерда парижликларга нисбатан кескин рақобат қила оладиган рақибнинг ўзи йўқ. Аммо «Ювентус»нинг вазияти тушунарсиз, шу билан бирга у қадар ижобий баҳолаш ҳам қийин. Чунки «Ювентус» ҳали мағлубиятга учрамаган бўлса-да, ғалабалар сони бўйича пешқадам «Наполи»дан икки баробар кам кўрсаткичга эга. «Ювентус» А Серия доирасида аллақачон 11 ўйинда дуранг қайд этиб улгурди. Қизиғи, бу кўрсаткични фақат янги мураббий Моттанинг жамоа тизимига янги экани билангина боғлаш ҳам қийин, зеро «Ювентус» ўтган мавсумда ҳам лигада энг кўп дуранг ўйнаган жамоалардан бири бўлганди – 14 та.

Айни паллада «Ювентус» 32 очко билан 5-ўринда бормоқда, амммо тўртинчи ўриндаги «Лацио»га нисбатан икки ўйин захираси борлигини инобатга олсак, туринликларда кучли тўртликка қайтишга имконият яхши. Аммо бошқа томондан Мотта жамоасининг А Сериядаги кейинги уч ўйини «Аталанта», «Наполи» ва «Милан»га қарши эканини эътиборга олсак, бу турда ғалаба қозониш шартлигини таъкидлаш керак. Ортдан эргашиб келаётган «Милан» ва «Рома» ўз мураббийларини алмаштириб улгуришди ва агар туринликлар юқорида саналган ўйинларда очколар йўқотишни давом эттирса, янада пастроққа қулаш ва ҳатто Моттанинг истеъфоси ҳақида гап-сўзлар кўпайиши мумкин. Бунинг устига «Ювентус» Чемпионлар Лигасида ҳам у қадар зўр кетмаяпти, ўтган ҳафтада эса Суперкубок яримфиналида «Милан»га ютқазиб қўйди.

«Торино» эса турнир жадвалида қандай ўринда бормасин, дербида «Ювентус»га етарлича муаммо туғдира олиши сир эмас. Айниқса ўз майдонидаги ўйинларда. Айнан «Торино» майдонида ўтган охирги 7 ўйинда ё дуранг қайд этилган ёки «Ювентус» атиги 1:0 ҳисобида устун келган. Ўтган мавсумдаги дербида ҳисоб очилмаганди.»Ювентус» мезбон ҳисобланган жавоб ўйинида эса 2:0 ҳисоби қайд этилган. Бошқа тарафдан, охирги 25 дербида «Торино» атиги бир марта ғалаба қозонганини ҳам таъкидлаш лозим. Бу ғалаба 2015/16 мавсумига тўғри келиб, орадани ўн йилга яқин вақт ўтди.

Таркибларга келсак, «Ювентус» таркибида Консенсау ва Влахович ой охиригача шерикларига ёрдам бера олишмайди. Камбияссода вирус аниқланган. Шунингдек, Мануэл Локателли «Фиорентина» билан ўйинда олган сариқ карточкаси туфайли дисквалификацияга учраган. Мезбонлар сафида Гинеитис ва Шуурсда жароҳатлар бор. Дуан Сапата мавсум охиригача сафдан чиққан.

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (12 январ, 20:00)

Ушбу дам олиш кунлари Англияда тур ўйинлари ўтказилмайди. Жамоалар футболдаги энг қуҳна турнир ҳисобланмиш Англия кубоги баҳсларида навбатдаги босқич ўйинларини ўтказадилар. Бу босқичдан АПЛ жамоалари ҳам қўшилиши барчанинг эътиборини ушбу турнирда жамлайди. Аксарият топ-клублар қуйи лига вакилларига рақиб бўлишган. «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед»нинг бу босқичдаёқ тўқнаш келиши эса табиийки, ушбу ўйинни дам олиш кунларининг марказий учрашувига айлантирди.

Янги йилни «Манчестер Юнайтед» «Энфилд» ва «Эмирейтс»даги сафар учрашувлари билан бошлаши гўёки Аморим жамоасининг бутунлай тубга тушиши сифатида баҳоланаётганди. Чунки ўтган йилнинг охирги уч ўйинини «МЮ» умумий 0:7 ҳисобида уч мағлубият билан якунлаганди. Аммо «Ливерпул»га қарши ўйин барчасини унуттириб юборди. Айнан ўша учрашувда кўпчилик Амория Манчестерда қандай жамоа қурмоқчи эканини томоша қилди ҳам. «МЮ» «Энфилд»да анча дадил, ҳужумкор ўйин кўрсатди ва ҳатто ғалаба ҳам қозониши мумкин эди. Мутахассислар айнан шу ўйинни «Ливерпул»га қарши ушбу мавсумда кўрсатилган энг яхши перформанс сифатида баҳолашди. Табиийки, ўринли савол пайдо бўлади – «Манчестер Юнайтед»нинг бу ўйини «Ливерпул»нинг муаммолари натижасида намоён бўлган алоҳида ходисами ёки ростан ҳам футболчилар янги мураббий системасини тушуниб, тузалиш йўлига ўтишдими? Ушбу ўйин айнан шу саволга қисман жавоб бериши лозим.

АПЛ доирасида «Манчестер Юнайтед» Аморим қўл остида «Арсенал» меҳмони бўлиб улгурган ҳам. Аммо у пайтда мураббий янги келган бўлиб, атиги тўртинчи ўйинни ўтказаётганди. Ўша ўйинда стандарт вазиятлар барчасини ҳал қилиб, «Арсенал» бурчак тўпларидан киритилган голлар туфайли устунликни қўлга киритган, меҳмонлар қисман бўлса-да, рақибни зарарсизлантиришга муваффақ бўлишганди. Бу сафарги ўйин анча очиқроқ ва икки томонлама рискларга бой бўлишини тахмин қилса бўлади.

Шунингдек ҳар икки томондан ҳам ротацияни кутса бўлади. Ҳар холда кубок ўйини ва «Арсенал» бор имкониятини чемпионатга кўпроқ қаратиши табиий. «МЮ»дан фарқли равишда «Арсенал» ҳафта ўртасида «Нюкасл» билан Лига кубоги доирасида ўйин ўтказди. Келаси ҳафта ўртасида эса «Тоттенҳэм»га қарши дерби бор. «МЮ»нинг кейинги рақиби «Саутҳэмптон» эканидан келиб чиқсак, айнан «Арсенал» кўпроқ кейинги учрашувларни ҳисобга олишга мажбур шароитда турибди. Аморим фақат Андре Онана ўрнига дарвозада Алтай Байиндир туришини тасдиқлади холос. Албатта, яна бошқа бир қатор ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкин. Мажбурий ўзгаришлардан, «Арсенал» Букайо Сакани узоқроқ муддатга йўқотгани маълум – ушбу позицияда 17 ёшли Итан Нванери туша бошлаган, ҳатто «Брайтон» дарвозасига гол ҳам урганди.Аммо у ҳам жароҳат олди ва камида бир ойга сафдан чиқди. Ҳар икки жамоада шунингдек, жароҳат сабаби билан Уайт, Шоу, Маунт ва Линделофлар шерикларига ёрдам бера олишмайди. «Иблислар»нинг «Арсенал» дарвозасига сўнгги голи муаллифи Маркус Рэшфорднинг бетоб бўлгани ва айни дамда жамоадан алоҳида шуғулланаётгани айтилганди, аммо катта эҳтимол унинг трансфер ишлари амалга ошмоқда ва у қизил либосда бошқа майдонга тушмайди.

Бундан ташқари, айниқса ушбу мавсумда Артетага нисбатан ташқи босимлар ортиб бораётганини ҳам таъкидлаш керак. Мураббий Лондонда анча кучли жамоа қурган бўлса-да, тўрт йилдан бери соврин юта олмаяпти. Ушбу мавсумда «Нюкасл»дан мағлубият Лига кубоги имкониятларини ҳам тушириб юборган бўлса, чемпионатда «Ливерпул» билан 9 очколик фарқ бор. «МЮ» билан ўйиндаги мағлубият «Арсенал»нинг ушбу мавсумдаги соврин учун имкониятини кескин тушириб юбориши табиий. Ҳар холда «Арсенал» Англия кубогини энг кўп ютган жамоа саналади. Манчестерликлар эса, маълум, ушбу совриннинг айни дамдаги эгаси ҳисобланади.

БОЛОНЯ – РОМА (12 январ, 22:00)

Мавсумни кутилмаларга нисбатан ёмонроқ бошлаган, аммо тузатиш йўлига кирган икки жамоа ўртасидаги баҳс анча қизиқарли ўтиши кутилмоқда. «Болонья» тушунарли, ўтган йилги ажойиб мавсумдан кейин бир қатор етакчи футболчилар, ҳамда бош мураббий жамоани тарк этди. Пасайиш табиий эди. Шундай бўлса-да, «Болоня» йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда чемпионатда бешинчи кўрсаткични қайд этган – худди ўтган йилги каби. Аммо Мотта давридаги каби барқарорлик ва ҳар ўйинда кутилган даражада яхши ўйин намойиш этишда муаммоларни пайқаш қийин эмас. Сўнгги ўйинларда жамоа қаторасига олти ўйинни мағлубиятсиз ўтказгач, ўз ўйинини қайта топгандек туюлганди, лекин ўз майдонида «Верона»га 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди.

«Рома» эса Хуммелс, Эрмосо каби тажрибали эркин агентлар, Довбик каби ҳужумчиларни сотиб олгач, ниҳоят юқори ўринлар учун курашиш тахмин қилинганди. Ўтган мавсум охирида жамоани қабул қилиб олиб, натижаларни яхшиланишига сабаб бўлган Даниэле де Росси гўёки «Рома» учун мукаммал номзоддек кўринганди. Аммо ҳали мавсум ярми тугамай, «Рома» учинчи мураббий билан ишламоқда. Юричнинг ҳам ишлари юришмагач, тажрибали Раньерига мурожаат қилинди. Айни дамда «Рома» ўнинчи ўринга тушиб кетган. Бошқа тарафдан сўнгги ўйинларда натижалар яхши томонга ўзгарганини, сўнгги 4 ўйинда уч ғалабага эришди ва фақат сафарда «Милан» билан дуранг ўйнади. Айниқса, сўнгги турда Рим дербисидаги ғалаба «Рома»га бурилиш нуқтаси бўлиши ҳам мумкин.

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, охирги пайтларда «Болоня»нинг яққол устунлигини кўршимиз мумкин. Ўтган мавсумнинг ҳар икки ўйинида ҳам «Болоня»нинг қўли баланд келганди. Биринчи даврада Римда кечган ўйинда ҳам меҳмонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Охирги етти ўйиннинг фақат биттасида «Рома»нинг қўли баланд келган холос. Айнан Болоня майдонидаги сўнгги ғалабасини эса римликлар тўрт йил олдин қўлга киритишган. Ўшанда 5:1 ҳисоби қайд этилганди.

Жароҳатлар борасида томонларда деярли муаммолар йўқ. Брайан Кристанте ҳали тикланиб улгурмади ва катта эҳтимол уни «Рома» либосида келаси ойдан кўришимиз мумкин. Мезбонлар сафида эса Томмасо Побега дисквалификация туфайли ўйнай олмайди. У юқорида эслаб ўтилган «Верона»га қарши учрашувда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди.

РЕАЛ – БАРСЕЛОНА (12 январ, 23:55)

Испания Суперкубогини ташкиллаштиришни ўз бўйнига олган саудияликларнинг омади чопди – бу сафар ҳам финалда Эл-Класикога гувоҳ бўламиз. Албатта, бу сафар жамоалар аввалги тўқнашувга нисбатан фарқли спорт формасида ва кайфиятда етиб келишмоқда.

«Барселона» октябр ойида «Реал» устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгач, ишлар чаппасига кета бошлади. Орада фақат Чемпионлар Лигасидаги икки ғалаба, Қироллик кубогида қуйи лига вакили ва ушбу Суперкубок яримфиналидаги «Атлетик»ни енгишни айтмаса, алоҳида Ла Лига ўйинларини олсак, аҳвол жуда ёмон – жамоа қаторасига 7 ўйиннинг атиги биттасида ғалаба қозонди холос. Тўрт ўйинда Флик шогирдлари мағлубиятга учрашди. Мағлубиятларнинг учтаси ўз майдонида содир бўлгани ҳам алоҳида мавзу. Тўққиз очколик фарқ билан турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган жамоа айни дамда Мадрид клубларидан сезиларли ортда қолиб кетди. Кўп ўйинчиларнинг жароҳати туфайли мавсумнинг дастлабки қисмида «Барселона» деярли айни таркиб билан иштирок этгани маълум паллаларда панд беришни бошлади.

«Реал»нинг ҳолати мутлоқ тескари. Жамоа «Барселона»дан кейин Чемпионлар Лигасида яна икки учрашувни бой берди. Аммо Испания чемпионатида натижалар нисбатан анча барқарорлашганини эътироф этиш лозим – етти ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият. Орада қитъалараро кубокда «Пачука» устидан қозонилган ғалаба «Реал»га навбатдаги совринни олиб келди. Айни пайтда мадридликлар ҳисобида қаторасига беш ғалабали серия мавжуд.

Мана шу вазиятда жамоалар яна бир бор ким кучлироқ эканини исботлашга ҳаракат қиладилар. Сўнгги ўйинлардан келиб чиқсак, рақиблар ҳолатида яна бир кичик фарқни кўришимиз мумкин. «Барселона» кўпроқ биринчи таймларни яхши ўтказмоқда. Ёш таркиб ва тактикага кўпроқ эътибор қаратадиган Флик билан жамоа асосан ўйинга белгиланган режани яхши бажариб, аксарият ўйинларни ҳал қилади. Аммо вақт ўтиб, ўйин охирлаган сари ўйинни назорат қилишда муаммолар пайдо бўла бошлаяпти. «Реал»да эса аксинча, аксарият ўйинлар у қадар яхши бошланмаса-да, ижрочиларнинг маҳорати ва захирадаги вариантлар ёрдамида жамоа ўйинларда бурилиш ясай олмоқда. Агар рақамларга тўхталсак, «Реал» мавсум давомида 60+ дақиқаларда ҳисобни тенглаштирувчи ёки ҳисобда олдинга чиқиб олишга сабаб бўлувчи 14 гол уришга муваффақ бўлган. Бу «Барселона»га нисбатан анча катта кўрсаткич. Каталонияликлар ҳисобида атиги 6 та бундай гол бор холос. Ўтказиб юборилган голларга қарасак ҳам, «Барселона» 9 маротаба мана шундай ҳал қилувчи голлар қўйиб юборган бўлса, мадридликлар рақиблари атиги беш марта сўнгги ўттиз дақиқаликда мувозанатни ўзгартира олишган холос. Бу орқали тахмин қилиш мумкинки, агар илк дақиқаларда, дастлабки режа бўйича «Барселона» ўз устунлигини натижага айлантира олмаса, ўйин охирларида «Реал»нинг имкониятлари ошиб кетиши мумкин.

Таркиблардаги йўқотишларга келсак, «Барселона»да жароҳатлар деярли йўқ. «Реал» эса ҳимоячилар борасида муаммога дуч келишда давом этяпти. Милитао ва Карвахал мавсум тугагунча майдонга қайтмаслиги маълум. Айрим ўйинларда ҳимоя марказини ёпиши мумкин бўлган Тчуамени ҳам кичик жароҳат олиб, унинг финалда қатнашиши сўроқ остида қоляпти.

Хуллас, барча мусобақаларда саккиз ўйиндан буён мағлубиятга учрамай келаётган «Реал» билан сўнгги икки Эл-Класикони ўз фойдасига ҳал қилган «Барселона» баҳсида фаворитни айтиш бироз қийин. Дарвоқе, юқорида эсга олинган ўтган мавсумдаги Суперкубок финалида 4:1 ҳисобида «Реал»нинг қўли баланд келганди. Винисиус Жуниор ҳет-трик қайд этган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

11 январ. ЛИВЕРПУЛ – Аккрингтон (17:15), Удинезе – АТАЛАНТА (19:00), ЧЕЛСИ – Морекамб (20:00), Боруссия М – БАВАРИЯ (22:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Солфорд Сити (22:45), МИЛАН – Каляри (12 январга ўтар кечаси, 00:45)

12 январ. Венеция – ИНТЕР (19:00), НАПОЛИ – Верона (13 январга ўтар кечаси, 00:45), ПСЖ – Сент Этиен (13 январга ўтар кечаси, 00:45). 

Мавзуга оид