Ўз фикри, позицияси йўқ ходимлар синфи – Сталин қурган тузум ҳақида
Фақат бош эгиб турадиган, раҳбари нима деса маъқуллайдиган, фикрсиз, позициясиз, ташаббуссиз одамлар – ҳаммаси ўша – Сталин ихтиро қилган тузум руҳиятининг боласи, қўрқув ва хиёнат машинасининг асорати.
Сталин ўзи хиёнаткор бўлгани учун, хиёнатдан қўрқиб, хиёнат тузумини бино қилди. Бу тузумда сиз хиёнат қилиш орқали бирон нарсага эришар эдингиз ва... бир фурсат ўтиб, ўзингиз хиёнат қурбони бўлар эдингиз.
Ҳийланинг даҳолиги шунда эдики, репрессив ғалвир бирин-кетин одамларни олиб кетаверар эди, аммо тузумнинг эффективлигини таъминлаб турар эди, ўзига хос.
Хиёнат ўзи инсонлар табиатида салмоқли ўрин тутгани учун ҳам Сталиннинг тузуми яшовчан бўлиб чиқди ва ҳамон яшамоқда. Бу тузум албатта эгаларига ҳам хиёнат қилади, аммо узоқни кўролмайдиганлар учун у қулайдек кўринади. Ўзини ўлдирмоқчи бўлган киши учун соатига 500 километр тезликда юрадиган спорткар қўл келганидек.
Хиёнат тузуми қандай ишлар эди?
Давлат пиллапоясидан аввало яхши ва маънан соғлом кадрлар эмас, балки сотқинлар – ҳар лаҳзада ёнидаги одамни сотишга мойил бўлганлар кўтариларди.
Сталин ёшлигидаёқ инқилобий ҳаракатга қўшилган эди, инқилобчилар эса полициядан яшаринишга, чор-атрофга шубҳа билан қарашга мажбур эди. Айнан атрофга шубҳа билан қараш руҳиятини Сталин ўзи қурган тузумнинг моҳиятига айлантирди.
Қўрқув – тузумнинг асосий ҳаракатга келтирувчиси – мотори эди. Қўрқув остидаги инсон узоқни кўра олмайди – фақат ўзининг оддий эҳтиёжлари ва омон қолишни ўйлайди.
Қўрқувдан асаб толалари доим таранг турадиган бундай одам ҳар лаҳзада ёнидаги бир одамга ёки ҳамкасбига туҳмат қилишга яқин туради. Гўёки ўзини яхши кўрсатиб, омон қолиш ёки бирон нарсага эришиш учун. Катта синов эди бу ҳамма учун – қалблар синови.
Албатта, бундай қўрқув муҳитида катта қурилишлар қилинди, ГЭСлар-у шаҳарлар қурилди, аммо чақимчилиг-у туҳматларга қурилган хиёнат машинаси кўп миллион одамнинг нобуд бўлишига, ГУЛАГларга жўнатилишига олиб келди, минглаб истеъдодли одамлар қамалди, минглаб истеъдодлар очилмай қолди.
Давлат ходимлари аввало отилмаслик учун ҳаракат қиларди ва албатта бундай шароитда эркин фикрлай олмасди. Натижада камдан-кам давлат ишчисининг ички қобилиятлари рўёбга чиқарди. Фикрсиз, позициясиз, ташаббуссиз, фақат бош эгиб турадиган давлат ходимлари синфи юзага келди.
Раҳбар гапирганда блокнот чўқиб гўё нималарнидир ёзиб туриш – ўша руҳиятнинг боласи. Нима қилиб бўлса ҳам ўз раҳбарига ёқиш, ёш қизларни совуқда юпун кийинтириб раҳбарларни кутиб олиш ва ҳоказо онгсизлик – ҳаммаси ўша – хиёнат машинаси келтириб чиқарган руҳият меваси.
Илм-фан, институтлар, тадқиқотлар – ҳаммаси мана шу – қўрқув муҳитида ишларди. Бутунбошли илмий йўналишлар жойи келса ҳасадчи-туҳматчиларнинг қурбонига айланарди.
Табиийки судлар, судялар ҳам аввало қонун, кодексларга эмас, қўрқув машинаси устида турганларнинг кайфиятига қараб ҳукмлар чиқарарди.
Мен ҳозир СССРда ҳаммаси самарасиз бўлган демоқчимасман, Сталин қурган қўрқув ва репрессиялар тузуми нечоғлик одамлар ҳаётини ёмонлаштиргани ҳақида гапиряпман.
Айни шу даврда Ғарб мамлакатларида шахсий ташаббусга қурилган ҳаёт юзага келди: ҳар бир соҳада одамлар фаол бўлиши, ички иқтидорини юзага чиқариши, эркин фикрлаши учун шароит яратилиб борилди. Қўрқув муҳити йўқ эди. Давлат кўпчиликнинг фикри билан юритиларди. Айнан шу омил Ғарбнинг ўзиб кетишига омил бўлди.
СССР бузилди, миллий республикалар тарқалиб, мустақил давлатлар юзага келди. Аммо Сталин яратган хиёнат машинаси йўқолмади – постсовет мамлакатларнинг аксарида у яшаб қолди ва яшаб келмоқда.
Йўқ, Сталин давридагидек қатағон машинаси тикланмади, аммо ўша руҳият қолди: давлат ишида ҳамон ички иқтидорини юзага чиқаришни истайдиганлар эмас, раҳбарига ёқиб давлат танасидан озуқаланиб ўтиришни мақсад қиладиганлар ишлаши давом этди. Судяларнинг кодексга қараб эмас, телефон кутиб қарорлар чиқариши барҳам топмади.
Сталин балки ўзи яшаган воқеликдан келиб-чиқиб, ўзига қулай тузумни қургандир ва қайсидир маънода мақсадига етгандир. Аммо ҳозир – 21-аср. Умуман бошқача воқелик. Сталиннинг хиёнат ва қўрқувга қурилган модели ҳозир иш бермайди. У билан нари борса Шимолий Кореяни қурса бўлади...
Модел ўзгармаса олдинга юриб бўлмайди шу топда. Бирқанча постсовет мамлакатлар гўё вақт кенглигида адашиб юришибди, замондан 100 йил ортда қолиб, ўзини овора қилиб. Сталин ўлганига анча бўлди, жаноблар, у яратган тузум ҳам ўлиши, ортда қолиши керак. Халқни ва ўзимизни овора қилмайлик.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
21:02 / 09.01.2025
Амалдорларнинг коррупцияга мойиллиги текширилиши мумкин
16:48 / 05.01.2025
СССРда яширилган фожиалар – Москвадаги Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган меҳмонхона қандай ёниб кетганди?
12:17 / 05.01.2025
Хорижий тилни биладиган давлат хизматчиларига устама тўлаш тўхтатилди
15:48 / 04.01.2025