Жаҳон | 10:14
26149
3 дақиқада ўқилади

Фото: Киевга етказилган шимолий кореялик асирлар

Зеленский бу осон бўлмагани, одатда руслар ва кореяликлар ўз ярадорларини йўқ қилишини таъкидлади. Уларнинг ёнидан Тувада берилган ҳужжатлар топилган.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Украина қуролли кучлари Шимолий Кореянинг Россия томонида жанг қилган икки жангчисини асирга олган, деб хабар берди Украина президенти Володимир Зеленский

Зеленскийнинг сўзларига кўра, кореялик ярадор аскарлар аллақачон Киевга етказилган ва улар ҳозир Украина Хавфсизлик хизматининг «терговчилари билан мулоқот қилмоқда». У шимолий кореяликлар айнан қаерда асир олинганига аниқлик киритмаган.

«Бу вазифа осон бўлмади: одатда руслар ва Шимолий Корея жангчилари ярадорларни йўқ қилишади ва Украинага қарши урушда яна бир давлат – Шимолий Корея иштироки ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаслиги учун ҳамма чораларни кўради», деб ёзди у.

Зеленский асирларнинг ва россиялик ҳарбийнинг ҳарбий гувоҳномаси фотосини кўрсатган, гувоҳнома асирлардан бирининг ёнидан чиққан.

Ҳужжат Россиянинг Тува ҳудудида 1998 йилда туғилган Антонин Аранзин исмли аскарники экани кўринади.

Украина президенти шимолий кореялик асирлар олдига журналист ҳам қўйилиши, чунки «дунё нима бўлаётганини билиши лозимлиги»ни айтган.

КХДР ҳарбийлари Курск областига ташлангани ҳақида маълумот илк бор кузда тарқалганди. Украина, АҚШ ва Жанубий Корея маълумотларига кўра, Пхенян урушга 10-12 минг аскар юборган. Россия урушда кореялик аскарлар иштирок этаётганини расман тасдиқламаган, аммо рад ҳам этмаган.

Ҳозирга қадар шимолий кореяликлар жангда қатнашаётганига расмий далиллар йўқ, аммо етарлича билвосита далиллар учраган.

2024 йил декабрида Курск областида шимолий кореялик аскарлар ҳаракатланаётгани акс этгани айтилган видеолар пайдо бўлди. Роликлардаги ҳарбийларнинг ўзини тутиши РФ армияси аскарларидан буткул фарқ қилади — улар очиқ далалар бўйлаб тик юришади ва артиллериядан ёки дронлардан йўлланган аниқ зарбалар остида ҳам тўхтамай олдинга ҳаракатланади.

29 декабр куни Украина қуролли кучлари биринчи марта шимолий кореялик жангчи ярадор ҳолда асирга олинганини эълон қилди. Кейинроқ асир вафот этгани маълум бўлди. Украина президенти «россиялик ҳарбийлар ва шимолий кореялик назоратчилар ушбу аскарлар тирик қолишидан умуман манфаатдор эмаслиги»ни айтган.

Мавзуга оид