Жаҳон | 11:24
1854
3 дақиқада ўқилади

Сунъий идрок кўкрак бези саратонини анъанавий скринингдан яхшироқ аниқлай олди

Германияда шифокорлар биринчи марта умуммиллий скрининг дастури доирасида сунъий идрокни синаб кўрди.

Фото: AFP

Германияда тадқиқотчилар кўкрак бези саратонини скрининг қилишда сунъий идрокдан фойдаланиш касалликни аниқроқ ташхислаш имкониятини беришини аниқлади. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

“Кўкрак бези саратони скринингида иштирок этувчи аёлларга зарар етказмасдан, касалликни аниқлаш фоизини оширишимиз мумкин”, — дейди Германиянинг Любек университетидан тадқиқот ҳаммуаллифи, профессор Александр Каталинич.

Тадқиқотчи бундай ёндашув “радиологлар учун иш юкламасини камайтириши” мумкинлигини таъкидлади.

Хабарга кўра, немис шифокорлари илк бор умуммиллий скрининг дастури доирасида сунъий идрокни синаб кўрган, натижада янги усулнинг бир қатор афзалликлари аниқланган.

Каталинич ва бошқа тадқиқотчилар Германиянинг миллий дастури доирасида 2021 йил июлдан 2023 йил февралгача бўлган даврда сут бези саратони скринингидан ўтган 461 818 нафар аёлнинг маълумотларини таҳлил қилди. Ушбу дастур касаллик аломатларига эга бўлмаган 50-69 ёшдаги аёлларга мўлжалланганди.

Барча аёллар иккита рентгенолог томонидан алоҳида текширувдан ўтказилди ва 260 739 нафар беморнинг соғлиғини текширишда нейрон тармоқлардан фойдаланилди.

Тадқиқотда қатнашган 2881 нафар аёлда саратон касаллиги аниқланди. Сунъий идрок (СИ) қўлланилган гуруҳда касалликни аниқлаш фоизи 6,7 фоизга юқори бўлди. Бироқ аёлларнинг ёши ва радиологлар малакаси каби омиллар ҳисобга олингандан сўнг, тадқиқотчилар бу фарқ янада сезиларли эканлигини аниқлади — СИ қўлланган гуруҳда кўрсаткич 17,6 фоизга юқори бўлди. Бошқача қилиб айтганда, нейрон тармоқлардан фойдаланиб скринингдан ўтказилган ҳар 1000 нафар аёлда қўшимча битта саратон ҳолати аниқланди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, сканерлашдан кейинги ноаниқлик натижасида аёлларни навбатдаги текширувга қайта йўналтириш частотаси тахминан бир хил бўлгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Олимларнинг таъкидлашича, агар шифокорлар сунъий идрок эътиборини жалб қилган тасвирларни ўрганмаганида, 20 та сут бези саратони ташхиси эътибордан четда қолган бўларди.

Лондондаги Қиролича Мария университетининг саратон скрининги бўйича фахрий профессори Стивен Даффи немис тадқиқотининг натижаларини ҳайратланарли ва ишончли деб атади ҳамда Буюк британияда сунъий идрокнинг бу соҳадаги ўрнига қизиқиш катта эканини таъкидлади. 

Мавзуга оид