Ўзбекистон | 20:45 / 14.01.2025
2179
5 дақиқада ўқилади

14 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Мукофотланган ватан ҳимоячилари, халқаро мукофотга сазовор бўлган Президент мактаби, Тошкент учун 1000 та янги автобус ва Самарқандда спиртдан заҳарланганлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳарбийлар ва ҳуқуқ органлари ходимлари мукофотланди

Бугун Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига табрик йўллади.

Шунингдек, улардан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Мукофотланганлар қаторида Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари прокурорлари, Мажбурий ижро бюроси директори ва Олий суд судяси ҳам бор.

Улар тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, чегаралар дахлсизлигини муҳофаза қилиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун тақдирланди.

Президент мактаби халқаро мукофотга сазовор бўлди

Тошкентдаги Президент мактаби «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотни қўлга киритди. Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширди.

Абу-Дабида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, мактаб ўқувчиларини ғалаба билан табриклади.

Маҳалла раислари ваколат муддати узайтирилади

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бу ҳақдаги қонун 14 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Қонунга кўра, ваколати муддатидан илгари тугаган ҳолларда янги сайланган раис ҳам 5 йил муддатга тайинланади.

Шунингдек, маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ваколатлари Олий Мажлис Сенати Кенгашидан ҳудудий кенгашларга ўтказилди.

Самарқандда 17 киши спиртдан заҳарланди

Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғонида тўрт кун ичида 17 киши қўлбола спирт истеъмол қилиб, вафот этгани тахмин қилинмоқда. Якуний хулоса экспертизадан сўнг чиқади.

Шаҳарнинг бешта маҳалласи ва унга ёндош бўлган Паст Дарғом туманининг Найман маҳалласида пайшанба-якшанба кунлари вафот этган жами 17 киши метил спиртдан заҳарлангани тахмин қилинмоқда.

Маҳалла раисининг айтишича, биргина Нурафшон маҳалласида сўнгги 4 кун ичида 7 киши ўлган. Гувоҳлар улар маҳалладаги дўконларлардан бирида яширинча сотилган спиртни баклашкада харид қилишганини айтмоқда.

Ўлганларнинг барчаси 45-65 ёш орасидаги ва спиртли ичимликларга ружу қўйган одамлар бўлган. Уларнинг фақат бир нафари аёл киши ва қолган барчаси эркак.

Айни пайтда вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан экспертиза ва тергов текширув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент учун 1000 та янги автобус

2025 йилда Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизими 1000 та янги автобус билан бойитилади. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълумотига кўра, ушбу автобуслар билан бирга автобус бекатларига QR-кодли бир марталик қоғоз чипталар харид қилиш имконини берувчи 675 та инфокиоск ўрнатилиши режалаштирилган.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 февралига қадар жамоат транспортини ривожлантириш бўйича янги қарор ва дастур қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Ҳозирда шаҳардаги умумий инфокиосклар сони 5100 тани ташкил этса, шулардан 769 таси автобус бекатларида ўрнатилган.

1 январдан нақд пулда тўлов тўхтатилганидан сўнг, 10 кун давомида кунлик йўловчи ташиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43,5 фоизга ошиб, 1,19 миллион кишига етди. Шунингдек, тушум 36 фоизга ўсиб, 11,5 миллиард сўмга етган.

Хориждаги ватандошлар учун янги дастур

Хориждаги катта ёшдаги ватандошлар учун Ўзбекистонда «Чинор» дастури ташкил этилади.

Лойиҳага жалб этиладиган катта ёшдаги ватандошларни танлаб олишга қаратилган низом ишлаб чиқилади. Иштирокчилар рўйхати низом асосида шакллантирилади ва келишилади.

Шунингдек, ватандошлар бутунжаҳон қурултойига тайёргарлик кўриш мақсадида хорижда ҳудудий ватандошлар форуми ўтказилади. Бунинг учун ҳудудий форум концепцияси ишлаб чиқилади, форум ўтказиш жойи белгиланади ва давлатлар кесимида иштирокчилар рўйхати шакллантирилади. 

Мавзуга оид