Россия армияси Покровскни айланиб ўтиб, Днипрога йўл олиши мумкин
Россия армияси ўтган ёздан бери қўлга кирита олмаган Покровск учун жангдан воз кечиб, ғарбга, Днипропетровск областига ўтиши мумкин. Павлоград шаҳри Россия Қуролли кучлари учун янги нишонга айланиши мумкин.
Россия қўшинлари тахминан олти ойдан бери фаол жанглар давом этаётган Донецк области Покровск шаҳрини четлаб ўтиб, Украинанинг йирик шаҳри Днипро йўналишида ҳаракатланиши мумкин. 13 январ, душанбага ўтар кечаси Украина Мудофаа вазирлиги билан боғлиқ бўлган Deep State OSINT-лойиҳасининг эълон қилинган маълумотларига кўра, жанубдан Покровскка яқинлашган Россия бўлинмалари энди ғарбга қараб олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда ва Днипропетровск областига олиб борувчи автомобил йўлидан 7 километр узоқликда бўлиб турибди.
Россия кучлари 2024 йил август ойи бошидан бери Донецк областининг Украина назоратидаги қолган ҳудудлари учун асосий логистика ва транспорт маркази бўлган Покровск яқинида жойлашган. Бироқ, Бахмут ва Авдийивкани босиб олиш пайтида бўлгани каби, кўча жанглари у ерда кузатилмади. «Улар (Россия Қуролли кучлари) Покровскни эгаллашга уринаётганда кўп кучларини йўқотишларини тушуниб, уни четлаб ўтиш учун жанубдан бошқа стратегия ва ёндашувга ёпишишга қарор қилди», — деб ёзади Британиянинг Financial Times (FT) газетаси Украина ҳарбий разведкасининг юқори мартабали ходими Андрей Чернякка таяниб. Унга кўра, россияликлар украин кучлари у ердан чиқиб кетиши учун Покровскка барча таъминотни тўхтатишга ҳаракат қилади.
Кремлпараст ҳарбий блогерларга кўра, Днипропетровск областига юриш Украина Қуролли кучларини Покровскдан «захираларни олиб чиқишга» мажбур қилади, бу эса ушбу транспорт узелининг россияликлар томонидан кейинги босиб олинишига ёрдам бериши мумкин. Россия армияси нишонига айланиши мумкин бўлган навбатдаги йирик шаҳар Днипропетровск вилоятидаги Павлоград бўлиб, у ерда Украина ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Йил бошида Россия қўшинлари Покровск яқинидаги учта қишлоқни эгаллади
DeepState 3 январ куни Донецк областидаги Дачное, Новий Труд ва Волково аҳоли пунктларини Россия қўшинлари томонидан босиб олинган деб аниқлаштирди, улар Покровскдан 5-6 километр жанубда жойлашган. Урушнинг худди шундай сурати Liveuamap блоги томонидан ҳам келтирилган. Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари бош штабининг расмий ҳисоботида Новий Труд қишлоғи учун жанглар ҳақида сўз юритилган. Бундан ташқари, DeepState маълумотларига кўра, россияликлар Зелений, Воздвиженка, Нововасилевка қишлоқлари, шунингдек, Янтарний ва Солнцевка яқинида олдинга силжиган.
Катта йўқотишларга қарамай, Россия армияси аста-секин Украинага чуқурроқ кириб боришда давом этмоқда. Май ойидан бери, Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, РФ қўшинлари кунига 1000 дан ортиқ аскарни йўқотган, кузда эса бу рақам 1200 кишидан ошган. Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, армия 2024 йилда, асосан, Донецк областида 4200 квадрат километрга яқин ҳудудни эгаллашга муваффақ бўлган. Октябр ойида ISW Россиянинг ҳужуми «пасайганини», у Кремлнинг бутун Донбассни қўлга киритиш мақсадига ҳатто яқинлаша ҳам олмаганини ёзган эди.
Россия қўшинларининг олдинга силжишига таъсир қилувчи яна бир омил — бу «ўтиб бўлмайдиган» маҳаллий ерлар, деди Покровск районида Украина бригадаси таркибида жанг қилаётган украиналик аскар FT'га.
Мавзуга оид
01:35
Россия суди Googleʼни 8 млрд рубл жаримага тортди
21:57 / 14.01.2025
Генерал Кирилловга суиқасд иши бўйича янги айбланувчилар пайдо бўлди
21:41 / 14.01.2025
AZAL самолёти қора қутилари ҳалокат ҳақида тарқалган баъзи маълумотларни тасдиқламайди — Сергей Лавров
21:20 / 14.01.2025