Жаҳон | 18:38
5527
2 дақиқада ўқилади

AZAL самолётининг қора қути маълумотлари Қозоғистонга берилди

Регистраторлардан олинган маълумотлар мутахассислар томонидан ўрганилади ва дастлабки хулосага киритилади.

Фото: Reuters

Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясининг Оқтов яқинида ҳалокатга учраган самолёти қора қутиларидан Бразилияда олинган маълумотлар Қозоғистондаги махсус комиссияга берилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

«Транспорт вазирлигининг Ҳаво кемаси ҳалокатини текшириш комиссияси ICAO 13 иловаси стандартлари ва тавсия этилган амалиётига мувофиқ, барча фактлар ва материаллар батафсил ўрганилгандан сўнг, аниқланган маълумотларни тақдим этадиган дастлабки ҳисоботни ва терговнинг бориши ҳақидаги маълумотларни эълон қилади», дейилади хабарда.

Регистраторларнинг Қозоғистонга етиб келган маълумотлари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон Транспорт вазирлиги авиаҳалокатнинг дастлабки сабаблари 30 кун ичида эълон этилишини маълум қилганди.

25 декабр куни Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳодисада 38 киши ҳалок бўлди.

Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, «Россия ҳаво ҳудудида юз берган фожиали воқеа» учун узр сўради. Алиевнинг сўзларига кўра, самолёт Россия ҳудудида «ташқи таъсирга учраган», шу туфайли Россия авиаҳалокатда «айбини тан олиши», айбдорлар жазоланиши ва жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

Embraer 190 самолёти Бразилияда ишлаб чиқарилади. Шу туфайли терговга ушбу мамлакат вакиллари ҳам жалб қилинган.

Мавзуга оид