Ўзбекистон | 21:05 / 15.01.2025
1668
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Дубайда БАА вице-президенти билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида 15 январ куни Дубай шаҳрида БАА вице-президенти, бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди.

Учрашувда бугун бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар самарали бўлгани ҳамда Ўзбекистон-БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтаргани юқори баҳоланди.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш каби соҳаларда фаол мулоқотлар ва самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Юқори технологиялар, рақамлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа истиқболли йўналишларда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

БААдаги шериклар билан Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлик билдирилди.

Дубайнинг илғор ечимларини шаҳарсозлик соҳасига, жумладан, Янги Тошкентда замонавий инфратузилмани яратиш доирасида жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар фаол мулоқотни давом эттириш ва амалий шерикликнинг барча йўналишларида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Абу-Даби шаҳрига ташрифи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан ҳам учрашув ўтказган.

Кўп қиррали ҳамкорлик ва устувор йўналишлардаги амалий шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Бугун Ўзбекистон-БАА муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиққан олий даражадаги тарихий музокаралар якунлари мамнуният билан қайд этилган.

Куни кеча Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи компания ва холдинглари раҳбарлари билан эришилган келишувлар тўлиқ амалга оширилиши қўллаб-қувватланган.

Учрашувда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Уй-жой ва транспорт инфратузилмаси, энергетика, тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, рақамлаштириш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.

Сунъий интеллект борасида, шу жумладан соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболли йўналиш сифатида белгиланган.

Мавзуга оид