Жаҳон | 22:48 / 18.05.2017
15772
3 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ тарихидаги энг йирик "ялмоғиз ови" ҳақида сўз очди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ ФТБ директори Роберт Мюллернинг махсус прокурор этиб тайинланишига кескин муносабат билдирди. Гап шундаки, махсус прокурор Америкадаги президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви масаласини ўрганади. BBC шу ҳақида хабар берди

"Бу - Америка тарихидаги сиёсатчига нисбатан энг катта ялмоғиз ови", - деб ёзди у ўзининг Twitter'ида адлия вазирлиги махсус прокурорни тайинлаганидан бир неча соат ўтиб. 

Ушбу лавозимни 2001-2013 йиллар АҚШ Федерал тергов бюросига раҳбарлик қилган Роберт Мюллер эгаллади. 

10 май куни АҚШ президенти ФТБ раҳбари Жеймс Комини истеъфога чиқарганидан сўнг Америкадаги сайловларга Россиянинг аралашувига доир тергов ишини олиб бориш учун махсус прокурорни тайинлаш талаб қилинди. 

Мухолифат президентнинг қарорини танқид остига олиб, уни ўша пайт Коми бошқариб бораётган терговга босим ўтказишда айблади. 

Трамп барча айбловларни сохта, терговнинг ўзини эса "солиқ тўловчиларнинг пули эвазига келган майнавозчилик" деб атаган.

Куни кеча АҚШ конгресси ФТБдан Трамп ва Комининг учрашувлари ёзувларини тақдим этишни талаб қилди. Бу New York Times газетасида чиққан мақоладан кейин рўй берди - унга кўра, АҚШ президенти эндиликда собиқ ФТБ раҳбаридан Россия билан алоқаларда гумон қилинаётган миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн билан боғлиқ воқеаларни босди-босди қилишни сўраган.

Трамп Флинни ишдан бўшатган. Нашрга кўра, Коми президент билан бўлган барча учрашувлар ва суҳбатларни изчил ҳужжатлаштириб борган - конгрессменлар айнан шу ҳужжатларни талаб қилишмоқда.

Конгресс баёнотида айтилишича, агар шундай ёзишма бўлган тақдирда, бу Трампнинг ФТБнинг Флиннга нисбатан терговига таъсир ўтказиш ёки ҳалақит беришга урингани масаласини қўяди. 

CNN телекомпанияси ҳам New York Times каби аноним манбаларига таяниб, ушбу ёзишма мавжудлиги ҳақида маълум қилди.

ФТБ россияликларнинг АҚШдаги сайловларга аралашувига доир тергов ишини давом эттирмоқда. Пайшанба куни Reuters агентлиги Трампнинг жамоаси 2016 йилнинг апрелидан ноябрига қадар камида 18 марта Россия ҳукумати вакиллари билан алоқада бўлганини маълум қилди, ФТБ бу маълумотларни ҳам ўрганиб чиқмоқда. 

Оқ уй Трамп жамоаси аъзоларининг Россия ҳукумати билан алоқаларига оид барча айбловларни рад этмоқда. Кремль ҳам, ўз навбатида, АҚШдаги сайлов кампанияларига аралашувни инкор қилмоқда. 

Россия президенти Владимир Путин куни кеча Трамп Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашувда унга махфий сирни очган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга кескин муносабат билдирди. "Кўриб турганимиздек, АҚШда сиёсий шизофрения авж олмоқда", - деди Путин.

Мавзуга оид