“Бир макон, бир йўл” ташаббусини Марказий Осиёда нима кутмоқда?
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ўтган ҳафта дам олиш кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштирок этишди. Форум майдони Ўзбекистон ва Қирғизистон учун узоқ вақтдан бери бир жойдан силжимаётган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва унинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусига қўшилишини муҳокама қилиш учун қулай имконият тақдим этди. Мазкур ташаббуснинг узоқ истиқболдаги устунликлари ва минтақага киритиладиган инвестициялар борасида Қозоғистон учун долзарб бўлган масалалар кун тартибига чиқмади, деб ёзади The Diplomat журнали What's Next for the Belt and Road in Central Asia? – “Бир макон, бир йўл” ташаббусини Марказий Осиёда нима кутмоқда? номли мақоласида.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг турли соҳалар бўйича 23 млрд долларлик шартномалар имзоланган Хитойга уюштирган илк давлат ташрифида, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва унда Марказий Осиёнинг тутган ўрин борасида ажойиб фикрларни билдирди. “Мен ишонаманки, бугунги кунда дунё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини қамраб олувчи ушбу йирик миқёсли лойиҳани амалга ошириш мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида тинчлик, фаравонлик, тараққиёт, ҳамкорлик ва дўстликни ривожлантиришга омил бўлувчи ягона маконни шакллантиришга ҳисса қўшади”, - деди Мирзиёев.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ҳам минтақада янги имкониятларни очаётган “Бир макон, бир йўл” ташаббусига юқори баҳо берди. У Хитойдан Европага чўзилувчи шиша толали линияларнинг Қирғизистон орқали ўтиши муҳимлиги, электрон тижорат ва логистика марказлари барпо этилишини қайд этар экан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл линияси кўп имкониятларга йўл очишини билдирди.
Мирзиёев, ўз навбатида, бу боради фикр юритиб, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл тармоғи (Афғонистон билан бирга) Покистон ва Эрондаги портларга чиқиш имконини берувчи “Бир макон, бир йўл” дастурига қўшилишига умид билдирди. Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, ўзаро боғланган саноат технопарклари, илмий ва инновация кластерлари ва Ипак йўли иқтисодий ҳудуди бўйлаб эркин иқтисодий зоналарни барпо этиш умумий устувор вазифалар бўлиши кераклигини таъкидлади.
Қозоғистон етакчиси эса, ҳамкорлик соҳалари сифатида технологик, илмий ҳамда қишлоқ хўжалигини кўрсатди.
Тошкент ва Бишкек “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг “Бир макон, бир йўл” тизимига қўшилишидан умид қилмоқда. Эътиборли жиҳати, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси “Бир макон, бир йўл” ташаббусидан аввалроқ илгари сурилган эди. Хитой ташаббуси, шубҳасиз, аввал мавжуд лойиҳаларни ҳам ўз ичига олади. Аммо, қайд этиш ўринлики, биринчидан мазкур темир йўлни қуришга туртки Пекиннинг янги ташаббуси билан боғлиқ эмас, иккинчидан бир неча йиллардан бери бу лойиҳа амалга оширилмаяпти.
2012 йилда Атамбоев лойиҳани қўллаб-қувватлашини айтганида, танқидчилар маблағлар йўқлиги ва Хитой сармоялари ҳажми ўсишига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш фикрини илгари суришган эди. 2015 йилга келиб, Жеймстаун жамғармасининг Eurasia Monitor журнали учун мақолалар ёзувчи Фозил Машраб, гарчи лойиҳанинг Ўзбекистондаги қисми – “Ангрен-Поп” темир йўли қурилиши борасида сезиларли олға силжишлар кўзга ташланаётган бўлса-да, “Қирғизистон ҳукумати “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг ўз ҳудудидан ўтувчи қисмини секин ва қатъиятсизлик билан қураётгани, мамлакат президенти Алмазбек Атамбоев лойиҳа хусусидаги фикрини доимий равишда ўзгартиришини” ёзганди.
Балким, айни вақтда, Атамбоев, темир йўл қурилиши ғоясига қайтгандир, бироқ “жўжани кузда санашганидек” темир йўллар ётқизилмагунча хулоса қилишга шошилмаслик керак. Машрабнинг фикрича, муаммолардан бири бу Россиянинг иккиланиши бўлди. Яъни, Россия ва Хитой ЕОИИ (ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи) ва “Бир макон, бир йўл” – ўзаро рақобат қилмаслигини таъкидлашса-да, таҳлилчилар бу баёнотларга шубҳа билан қарашади.
Қозоғистон ва кўплаб саволлар
Шу билан бир вақтда, ЕОИИда муҳим ўрин тутувчи Қозоғистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусида ҳам ўз ўрнига эга. Чунки, ХХР раиси Си Цзиньпин 2013 йили айнан Остонада ушбу лойиҳанинг қуруқликка доир режасини эълон қилган эди. Назарбоев ҳам лойиҳа ва унинг жаҳон иқтисодиётини тиклашдаги ўрни хусусида ижобий фикрларини билдирди.
“Сиёсий моҳиятга эга санкциялар ва патернализм иқтисодий фаоллик ва миллионлаб инсонлар турмуши ёмонлашувига олиб келди. Бунинг натижасида жаҳон иқтисодиёти ва савдо кўрсаткичлари ҳолати ҳам ёмонлашди. Бундай шароитларда жаҳонга халқаро ҳамкорликни кучайтириш учун янги туртки керак”, - деди Назарбоев ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини “янги туртки” сифатида баҳолади. “Ostona Times” ахборот нашрининг ёзишича, “Марказий Осиё ўзининг стратегик аҳамиятини қайтариб олган ва йирик жаҳон бозорлари ўртасида асосий кўприкка айланган”.
Марказий Осиё, айниқса, Қозоғистон бозорлар ўртасида кўприк бўлиши мумкин, аммо транзит тўловларидан ташқари яна қандай фойдалар бор? Хитойнинг темир йўлларга киритаётган сармоялари ва минтақадаги ўзаро қўшни иқтисодиётларни бирлаштиришда фойдали бўлиши мумкин. Шу билан бирга, поездлар таркиби шунчаки Марказий Осиё ҳудудидан ўтиб, маҳсулотларни Хитойдан Европага элтиши ҳам мумкин. Инфратузилмалар ва лойиҳаларга сармоялар киритилганидан кейин нима бўлиши Пекинда муҳокама қилинмади.
Марказий Осиё минтақасининг бошқа икки республикаси Туркманистон ҳам, Тожикистон ҳам “Бир макон, бир йўл” форумидаа иштирок этмади. Бундан ташқари, “Марказий Осиё – Хитой” газ қувурининг D йўлаги қурилиши хусусида ҳам лом-мим дейилмади. Туркманистонни Хитой билан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон орқали боғлайдиган газ қувурининг тўртинчи йўналиши қурилиши шу йил номаълум муддатга қолдирилганди.
Хитойнинг Марказий Осиёга инвестициялари анча жиддий. Буни яхши англаш учун Пекин ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги сўнгги йиллардаги товар айланмасига доир рақамларга кўз ташлаш кифоя. Шу билан бир вақтда, келишувлар рўйхати кенгайгани сари амалга оширилмаган лойиҳалар ва таклифлар сони ҳам ошмоқда. Албатта, Пекин ва Москва ЕОИИ ва “Бир макон, бир йўл” ўзаро бирлашиши мумкинлигини таъкидлаётганига қарамай, ҳозирча, рақобат муҳитида бунга қандай эришилишига ойдинлик киритишгани йўқ.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
15:03 / 10.12.2024