Спорт | 12:10 / 02.03.2018
12938
14 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Жесси Лингард

Жесси Лингард, тан олиш керак, ҳатто «Манчестер Юнайтед» мухлислари учун ҳам у қадар юлдуз футболчи эмас. Кўпчилик клуб ниҳоят қандайдир топ-юлдуз сотиб олиниши-ю, у Жессини таркибдан чиқариб юборишини кутиб юради. Доим унинг иқтидори, қай даражада топ футболчи экани баҳсли, асосан унинг «Манчестер Юнайтед» даражасидаги футболчи эмаслигини айтувчилар кўпроққа ўхшайди, назаримда.

Савол туғилади, «Манчестер Юнайтед» даражаси нима ўзи? Бир ўйинда нечтадир футболчини алдаб ўтиш ёки мавсумда қанчадир гол уришми? Ёки ўз характери ва меҳнати билан «Манчестер Юнайтед» характерини ташиб юришми? Қайси бири? «Манчестер Юнайтед» деганда хаёлингизга кўпроқ машҳур Карлос Тевес келадими ёки оддий Денис Ирвинми? Баҳсли масала, шундай эмасми?

«Чемпион ҳикоялари» рукнида материал қилаётганимда, асосан жанубий америкалик иқтидорларга мурожаат қиламан. Гўёки бошқача бўлиш мумкин эмасдек, ахир Европада, топ клубнинг «тумшуғида туғилиб», кейинчалик ўша клубнинг ўртача футболчиси бўлишдан осони борми? Нимаси ҳикоя бўларкан бунинг, тўғрими?

Аслини олганда эса, ундай эмас. Яшаш учун курашадиган кўчалардан чиқиб, ўз истеъдодини бутун дунёга намойиш қилиш, хўп, ажойиб эртак, аммо фақатгина ўзингдан бошқаси билмайдиган ички иқтидорингни исботлашга куч топа билиш янаям қийинроқ эмасми? Роналдиньо ёки Жезусни ҳеч бўлмаса, атрофдагилар пайқашган, унинг шу истеъдодини юзага чиқаришга кўмак беришган, айнан мана шу эътирофларнинг ўзи ҳам бўлажак юлдузларга қанот бўлган. Аммо иқтидоринг у қадар кўзга ташланмаса, ҳатто ўз мураббийларинг ҳам ишонч билдирмаса, доим ижарама-ижара юрсанг, деярли ҳар ўйинда керакли эканингни исботлашга эҳтиёж туйсанг... Ва мана шу қийинчиликлар ортидан, ниҳоят ҳаммани тан олишга мажбур қилсанг, ҳал қилувчи гол урсанг - мана шу ҳам гўзал ҳикоя эмасми? Бу янада оғирроқ эмасми, ахир бу йўлда сен кўпроқ яккаланасан, тушкунликка тушиш учун, барига қўл силташ учун сабаблар доим етарли бўлаверади... Энг ёмони, футбол сени қутқариши мумкин бўлган ягона имконият эмас, сен жуда кўп вариантлар ичидан айнан футболни танлашинг керак, буниси янада таҳликали... 

«Манчестер Юнайтед» академияси директори ёрдамчиси Тони Уэлан Жесси Лингарднинг ўзига хос ҳикоясини айтиб берди. «Уиоррингтондаги болакай» қандай қилиб клуб ёшлар тизимининг байроқдорига айлангани ҳақидаги ҳикояни...

«Унинг кўзлари доим чақнаб турарди. Истеҳзоомуз табассум. У билан доим нимадир бўларди.

Мен «Манчестер Юнайтед»га мураббий сифатида Брайан Киднинг таклифига биноан 1990 йилдан ярим ставкалик иш бошладим. Кейинчалик академияга ўтдим ва 1998 йилдан бошлаб, тўлиқ ишловчи сифатида жуда кўп бўлажак юлдузларнинг улғайишларига гувоҳ бўлганман. Бу йигит ҳам мен шуғуллантирган жавоҳирлардан бири, ёқимтой ва шум болакай, шу билан бирга иқтидорли ёш футболчи. Ҳар бир футболчининг ўз йўли бор, аммо Жессининг дастлабки йиллардан бошлаб, бугунги кунга етиб келиши янада қизиқарли ва ҳеч кимникига ўхшамайди». 

Жессининг бизга келиб қўшилиши

«Жессини яқиндагина нафақага чиққан Майк Гленни олиб келганди. Ривожланиш марказидан акадамияга ўтган болакай клубнинг барча ёшдаги жамоаларида ўйнаб чиқди. Биз янги лойиҳа устида иш олиб боргандик ва иқтидорли болаларга алоҳида стипендия жорий қилдик. Лингард ўша дастурга киритилган илк номзодлардан бири бўлган ва айтиш мумкинки, у ўша лойиҳамизнинг пионери эди. Аммо бу учун у ҳам кўп нарсани қурбон қилганини биламан. Уоррингтон - Жесси туғилган шаҳар биздан у қадар узоқ бўлмаса-да, дастурда кўрсатилганидек, у ўз уйини тарк этиши ва бизга қўшилиши керак эди. Бундай ҳолат ҳар қандай ёш футболчи ҳаётида бурилиш нуқтаси эканини таъкидлаш мумкин.

Белгиланган дастур (MANUSS) бўйича машғулотлар бошлангач, албатта, биз айнан қайси болалар қолиши-ю, кимлар кетиши ҳақида кўп мунозара қилганмиз. Бундай мунозараларда Жессининг исми жуда кўп тилга олинар, чунки кўринишидан жуда кичик ва нимжон бўлган болакайга кўпчилик шубҳа билан қарарди. Аммо у бизни фикримизни ўзгартиришга ва у билан шартнома имзолашимизга мажбур қилди. Унинг муносабати ва характери муҳим роль ўйнади ва албатта, Лингардни олиб қолишда жонбозлик кўрсатган Брайан Макклерга ҳам миннатдорчилик билдириб қўйиш лозим».

Ўз вақтини кутиб...

«У 15 ёшда эди, аммо U16 таркибида ўйнашига тўғри келди. Лингард ва ўзидан катта бўлган жамоадошлари ўртасидаги фарқ осонлик билан кўзга ташланар ва баъзи ўйинларда у шунчаки майдонга туша олмасди, чунки жисмоний юкламаларни кўтариш унга жуда оғирлик қиларди. Жесси буни жуда яхши тушунарди ва ҳаммаси бизнинг қарорларимиз ва режаларимиз асосида кетишига қаршилик қилмасди.

Биз уни баъзи ўйинларда майдонга туширар, кейин эса, бироз дам берардик. Бундай ҳолатлар баъзи футболчиларни издан чиқаради, руҳан ўзларига келмай қолади. Аммо Жесси уддалади. Албатта, осон бўлмаган, аммо у мураббийлар штабига ишонарди ва барчаси унинг фойдаси учун қилинаётганини ҳис қиларди. Қайсидир вақт келадики, унинг ичидаги бор таланти ва импульси ярқ этиб юзага чиқади - буни кутардик. 

Бу куннинг келиши осон бўлмади. У бир неча йил ижарама-ижара юрди, ниҳоят, мавсумолди йиғинларида ўзини кўрсатди ва Луи ван Гаал уни мавсумнинг очилиш ўйинида асосий таркибда туширди... афсус, дебют учрашувидаёқ тиззасидан жароҳат олган Жесси бир неча ойга сафдан чиқди».

Тикланиш

«Узоқ вақт тикланиш жараёнини бошдан кечирган Жессини, шу даврда кўп маротаба машғулотлар майдонида чўлоқланиб юришини кўрардим. Доим энергия ва ҳаракатга тўла бўлган, футболни, машғулотларни жон дилидан яхши кўрадиган йигитнинг бу ҳолатда кўриш менга оғир бўлар ва нималарни ҳис қилаётганини сезардим. Жессига ўхшаган йигитларни ёқтириб қолиш жуда осон. Уни бундай ҳолатда кўриш осон эмасди.

Ўша кунлари мен бир тадбирда Гарет Саутгейтни учратиб қолдим. У ўшанда Англия ёшлар жамоасида мураббий эди. Биз бироз гаплашдик ва у мендан Жесси ҳақида сўради. Пайқашимча, Саутгейт U21 терма жамоаси ўйинларида Лингардга қизиқиб қолган, мана ҳозир у энди миллий терма жамоа мураббийи сифатида футболчини таркибга жалб қиляпти. Бу ажойиб.

Шунинг ўзи ҳам Жессининг қатъияти ва кучли характерини кўрсатади. Ўша ҳолатдан у Англия терма жамоаси футболчиси даражасига етиб бора олди.

Жесси яхши техникага эга, жисмонан бақувват ва ўзига яраша ақлли ўйнай олади. Кўпчилик яхши футболчи бўлиш учун иқтидорнинг ўзи кифоя дейишади, йўқ, шунингдек сизга кучли характер, барқарорлик ва ҳар қандай тўсиқларга қарши кураша оладиган куч керак бўлади. Жесси айнан мана шу хусусиятларни ўзига жамлай олганди»

«Уэмбли қаҳрамони»

«2016 йилдаги Англия кубоги финали Жессининг юлдузли онлари бўлди.

Мен бир пайтлар футбол ўйнаган, жуда ёш бўлган пайтларимда ҳам кубок финалида гол уриш қандай ҳиссиёт эканини билардим. Агар гол муаллифи сизга қайсидир жиҳатдан боғлиқ инсон бўлса, икки баробар бахт. 

Голни эслайсизми? Зарба бериш учун энг мақбул паллани топа олиш хусусияти унда болалигидан бор. Ўша энг бошидан кузатганлар учун, болакайнинг улғайиб, ўта драматик тарзда кечган кубок финалида ҳал қилувчи голни уриши... «Мен бу болани танийман, у ҳам мени танийди» - бу ўй одамни кўкларга кўтаради. Айниқса, Жессининг ҳикояси жуда кўп ўзи каби болакайларга қўшимча куч тарқатади, назаримда.

Аввало, соврин жуда муҳим. Аммо клубдаги жуда кўпчилик учун янада аҳамиятлиси - академия тарбияланувчиси Жессининг муваффақияти ҳаммага ажиб туйғу улашганди. Бизда ундан фахрланиш имконияти бор эди. Бу кунгача турли қийинчиликлар ва мавҳумликларни яшаб ўтган йигит учун финалдаги гол тортнинг устидаги нақш бўлганди.

Ахир биз унинг оиласини ҳам биламиз. Жессининг онаси билан узоқ йиллардан бери танишмиз, унинг болалигида жуда кўп қувватлаб турган бувасини биламиз. Ўйлаб қоламан, бизники шу даражаги ҳиссиётлар қамраб олган экан, улар нималарни ҳис қилишяпти экан-а? Бундай воқеалар инсонларни бирлаштиради».

(Жессининг «Уэмбли»даги қаҳрамонликлари шу билан тугамади. Орадан уч ой ўтиб, Англия суперкубоги финалида у «Лестер» дарвозасига ундан ҳам чиройли гол урди. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган футболчи рақибнинг беш футболчисини алдаб ўтиб, ҳисобни очди. Нарёғда Погбанинг трансфери расман эълон қилинаётган ва бутун интернетни ларзага келтираётган паллада, Погбанинг ёшликдаги жамоадоши Жессининг голи ўша тўполонни ҳам ёриб чиқди. Жесси исмидаги ўхшашликка қиёсан уни Мессига тенглаштира бошладилар.

Кейинги йил февралида эса, «Манчестер Юнайтед» худди шу стадионда Лига кубоги финалида майдонга тушди ва бу ўйинда ҳам Жесси гол урди. Шу тариқда 9 ой ичида Жесси «Уэмбли»даги учта финалда қаторасига гол урди).

Бошқаларни илҳомлантириб...

Жамоа бошқарувига Жозе Моуриньо келгач, Лингарднинг иқтидори янада барқ ура бошлади. Ноябрнинг охирларигача асосан захирада ўтирган футболчи кейинги 3 ойда ақл бовар қилмас ўсишга эришди ва ҳозирда у 13 гол муаллифи сифатида, бу кўрсаткичда фақат Лукакудан ортда бормоқда холос. Хусусан, «Челси»га қарши яқинда бўлиб ўтган ўйинда ҳам Лингард захирадан майдонга тушиб, ҳал қилувчи гол муаллифига айланди. 

«Жессининг муваффақияти академиядаги бошқа болаларни ҳам илҳомлантиришига умид қиламиз. Бу бизнинг ишимизни осонлаштиради: ахир уларга яқинда Жессининг шу стулларда ўтиргани, у ҳам шу болакайлар каби баъзида хато қилгани ва мана энди машҳур юлдузга айланганини айтиб бериш қанчалик осон ва фойдали. «Жесси ҳам сиз каби бола эди ва футболчи бўлишни орзу қилди. Бу йўлда у қатъий бўлди, керак бўлса, кўп нарсалардан воз кеча олди» деймиз, масалан.  

1945 йилда клубга Мэтт Басби келганидан бери, «Манчестер Юнайтед» ўз тарбияланувчилари билан донг таратиб келди. Жессининг ютуғи ўша «Басби болалари», «Класс-92» каби намуналарнинг давоми дейиш мумкин.

У ва Маркус Рэшфорд Лига кубоги финалида майдонга тушишлари ва клуб учун шу пайтгача бегона бўлган еврокубокни ютишда ўз ҳиссаларини қўшишлари катта воқеа. Бу иккисининг ўша куни сафда бўлиши академияда ишлаётган инсонлар, у ерда тарбия топаётган болалар учун улкан муваффақият эди. Ахир биз уларни ҳаммадан кўра кўпроқ танирдик, шундай эмасми? Биз уларни энг бошдан қандай бўлганликларини, бу ғалабага қайси йўллардан ва қандай қийинчиликларни енгиб келганликларини ҳаммадан яхши билардик.

Нотўғри тушунманг, лекин айтишим керак, Жесси ва у кабиларни мен элчиларга ўхшатаман. Улар футболга кириб келиб, ҳақиқий «Манчестер Юнайтед»ни бутун футбол оламига таништирадилар, ахир умрларининг учдан икки қисми айнан шу клубда кечган. Уларни «Манчестер Юнайтед»дан алоҳида тасаввур қилиш имконсиз».

Завқ ва эҳтирос

«Мен ўз вақтида Мэтт Басби қўл остида тўп суриш бахтига муяссар бўлганман. У ҳар доим бир кўрсатмани қайтарарди: «ҳаммаси оддий - қизил либосдаги шеригинга тўпни узат ва футболдан завқлан, тамом. Сен ҳафта бўйи шуғулландинг, энди эса, майдонга туш ва ўйна. Атрофингдан хавотирланма, рақибинг ҳақида ўйлама, сени шерикларинг қувватлаб турадилар. Сизлар ажойиб клубнинг бир бўлагисизлар. Қўрқманглар. Бундан завқ олинглар».

Бу сўзлар худди Жессини таърифлаётгандек, шундай эмасми?

Жесси ҳозир ҳам академияга келиб туради, ёш болаларнинг футбол ўйнашларини томоша қилади. Албатта, биздан ҳол-аҳвол сўрагани олдимизга чиқади - устоз учун бу нақадар бахт эканини жуда яхши биламан. У доим ўз илдизини унутмаётгани яхши, мана шу хусусиятнинг ўзи ҳам унинг айнан шу ерда тарбия топганини исботлаб тургандек...

У яна жуда кўп йирик совринларни қўлга киритиши, терма жамоада ўйнаши мумкин, лекин биз учун доим ўша кўзлари ёниб кулиб турадиган шум болакай бўлиб қолаверади»

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид