Жаҳон | 20:33 / 27.06.2018
13186
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Трамп учрашуви борасида баёнот берилди

Фото: EAST NEWS

Москва ва Вашингтон Владимир Путин ва Дональд Трампнинг учрашуви борасида келишувга эришди. Россия давлат раҳбари ёрдамчиси Юрий Ушаков шу ҳақида маълум  қилди.

"Бу масала анчадан бери муҳокамада эди, у ёпиқ каналлар орқали муҳокама қилинмоқда. Шуни айтишим мумкинки, саммитни ўтказиш ва ҳатто унинг вақт ва ўтказилиш жойига доир келишувга ҳам эришилди. Бу ҳақида биз эртага америкалик ҳамкасбларимиз билан биргаликда эълон қиламиз", - деди у журналистларга.

Ушаков учрашув учинчи мамлакатда бўлиб ўтишига аниқлик киритди.

Якшанба куни Австриянинг Kronen Zeitung газетасида саммит ўтказиладиган жой Вена бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди. Кейинроқ Politico нашри хабардор манбаларига таяниб, учрашув Хельсинкида ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

Москва ва Вашингтон ҳозирча бу масалага ойдинлик киритмади.

Таъкидлаш жоизки, Путин ва Трамп икки марта шахсан учрашишган. 2017 йилнинг июлида Ҳамбургдаги G20 саммити доирасида президентлар тўлақонли музокаралар ўтказишган эди, улар икки томонлама муносабатлар, Сурия ва Украинадаги вазиятлар билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилишган.

Ноябрь ойида Путин ва Трамп Данангдаги "АТЭС" саммитида мулоқот қилишганди. Учрашув давомида улар Сурия бўйича қўшма баёнот беришган. Шундан сўнг етакчилар бир неча марта телефон орқали суҳбатлашишган. 

Мавзуга оид