Жаҳон | 16:30 / 15.07.2018
11288
2 дақиқада ўқилади

Трамп Мэйга Европа Иттифоқини судга беришни таклиф қилган

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй АҚШ президенти Дональд Трамп унга мамлакатнинг ЕИдан чиқишини муҳокама қилиш ўрнига Евроиттифоқни судга беришни таклиф қилганини айтди. У бу ҳақда ВВС телеканалининг «Эндрю Марр шоуси» кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилди.

Дастур олиб борувчиси Мэйдан Трампнинг Тереза Мэйга «кучли маслаҳат» бергани ҳақидаги сўзларини изоҳлашни сўради.

«У менга ЕИни суд қилиш кераклигини айтди. Улар билан музокара олиб бориш эмас, судга бериш кераклигини. Аммо қизиғи, ўша матбуот анжуманида у музокаралардан воз кечмаслик кераклигини айтди. Шунинг учун музокаралар столига ўтириш ва Буюк Британия учун энг мақбул келишув ҳақида келишиб олиш имконияти бўлишини истардим»,— деди бош вазир.

«Брексит» оқибатлари АҚШ президентининг Лондонга ташрифи давомидаги муҳим мавзулардан бири бўлди. Дональд Трамп Буюк Британия томонидан танланган ЕИдан «юмшоқ» чиқиш стратегияси Лондоннинг Вашингтон билан тузадиган бўлажак шартномасини «ўлдиришини» айтди. Мэй хонимнинг ўзи бу стратегияни тўғри деб ҳисоблайди ва фуқароларни ҳукуматнинг ЕИдан чиқиш бўйича режасини қўллаб-қувватлашни сўрамоқда.

Мавзуга оид