Жаҳон | 17:20 / 13.11.2018
26701
4 дақиқада ўқилади

Ғазодаги низо: Юзлаб ракеталар ва қурбонлар

Фото: GETTY IMAGES

12 ноябрь куни Исроил самолётлари фаластинликларнинг Ғазодаги юзлаб объектларига ҳужум уюштирди. Ҳарбий тадбирлар 11 ноябрь куни Ғазо секторидан Исроил ҳудудига 370 дан ортиқ ракета йўлланишига жавобан амалга оширилди.

Охирги маълумотларга кўра, низолар оқибатида икки томондан камида 5 киши ҳалок бўлган: Ғазо секторида 4 киши ва Исроилнинг Ашкелон шаҳрида бир киши.

Ғазо секторидан учиб келган ракеталардан бири исроиллик ҳарбийларни ташувчи автобусга келиб тушган. Бунинг оқибатида бир нафар ҳарбий жароҳатланган.

Шунингдек, Ғазо сектори билан чегаралар яқинида жойлашган Ашкелон шаҳрига ракеталар келиб тушган. Бу ҳужумлар оқибатида бир бино вайрон бўлган, бир киши ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланган.

Исроил армиясининг жавоб ҳужуми давомида Ғазо портидаги бир кема йўқ қилинган, ҲАМАС бу кемадан разведка ва диверсия мақсадларида фойдаланиб келган. Шунингдек, ушбу ташкилот фаолиятини тарғиб қилиш билан шуғулланувчи Al-Aqsa телеканали биноси вайрон этилган. Ҳужумдан аввал бинодаги одамлар эвакуация қилинганди.

Бундан аввалроқ Исроил ҲАМАС билан муносабатларда жавоб чораларини кучайтириши ҳақида маълум қилганди. Фаластинликлар ҳам Исроилга қарши «олов ҳалқасини кенгайтириши»ни эълон қилишган.

Фото: GETTY IMAGES

Бу вақтда БМТнинг Яқин Шарқдаги элчиси Николай Младенов Миср томони фаластинликлар билан музокараларда воситачи бўлишга тайёрлигини билдирмоқда.

«Кейинги 24 соатда зиддият жиддийлашди», – дея ёзган у ўз твиттерида.

Барчаси нимадан бошланди?

Фото: GETTY IMAGES

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги навбатдаги зиддият 2014 йилдан буён энг кенг кўламлиси бўлмоқда.

Душанба кунига ўтар кечаси исроиллик махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар Ғазо секторига киришган ва махсус амалиёт ўтказишган.

Фаластинлик манбанинг сўзларига кўра, исроиллик ҳарбийлар отряди Ғазога фуқаролик автомобилида кирган. Исроилликлар 7 нафар фаластинликни отиб ташлашган, ўлдирилганлар орасида ҲАМАСнинг нуфузли қўмондонларидан бири, «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадаси аъзоси Нур Барака ҳам бўлган.

Франс пресс агентлиги маълумотига кўра эса, ўлдирилганларнинг 6 нафари ҲАМАС аъзолари, яна бир киши фаластинликларнинг ҳарбийлашган ташкилоти - Исроил билан тинчлик сулҳи тузилишига қарши кураш олиб борадиган миллий қаршилик ҳаракати аъзоси бўлган.

Исроил Мудофаа армияси амалиёт вақтида отишма юзага келгани, натижада исроиллик бир ҳарбий ҳалок бўлиб, яна бир ҳарбий жароҳатлангани ҳақида маълум қилган.

Баёнотда қайд этилишича, ушбу амалиётдан мақсад террорчиларни йўқ қилиш ёки уларни ўғирлаш эмас, Исроил хавфсизлигини таъминлаш бўлган.

Ғазо секторида танглик юзага келиши оқибатида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Парижга ташрифини бекор қилди. У бошқа давлатлар раҳбарлари қаторида Биринчи жаҳон уруши якунланганининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирларда иштирок этиши кўзда тутилганди.

Март ойи охиридан буён Ғазо секторидаги можаролар туфайли 200 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг аксари чегара ҳудудидаги агрессив намойишлар вақтида ўлдирилган.

Бу вақт ичида Исроил томони бир аскар йўқотган - у Ғазо сектори чегараси яқинида фаластинлик мерган ўқига учраган.

Мавзуга оид