Иқтисодиёт | 21:48 / 23.12.2018
51154
8 дақиқада ўқилади

«Тома-тома кўл бўлур» — эрксизликнинг макроиқтисодиётга таъсири ҳақида

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов баъзи иқтисодий ҳақиқатлар мисолида мамлакатдаги айрим масалаларга ўз нуқтаи назарини келтириб баён этади.

Мажбурий обунанинг макроиқтисодиётга таъсири бор. «Ана холос!» — дейсизми?

Йўқ, унинг таъсири ҳисоботларда кўринмайди, албатта. Гап бошқа ёқда — «ихтиёрий» мажбурлаш иқтисодиётдаги ресурсларнинг самарали тақсимланишига тўсқинлик қилиб, ҳамманинг маълум миқдорда қашшоқлашишига хизмат қилади.

Рақамлар шунчалик кичкинаки, уларга ҳеч ким аҳамият бермайди, иқтисодчилар хоҳласалар ҳам, мажбурлов чоралари натижасида иқтисодиётга етаётган зарар ҳажмини ҳисоблай олишмайди.

Дейлик, обунани эмас, чет элдан келган машиналарга бож қўйиб, маҳаллий заводларда чет эл деталларидан ясалган машиналар сотиб олишга сизни мажбурлашди. Божлар ҳам мажбурий, обуна ҳам — булар айни бир нарсалар бўлиб, фарқи иқтисодиётга етадиган зарар миқдорида.

Нима учун божлар билан мажбурий обуна бир нарса?

Чунки икковида ҳам пулингизни қаерга ишлатилишини ўзингиз танламаяпсиз, сизга ихтиёр беришмаяпти. Сиз ўзингиз ишлаб топган пулингизни қаерга ва қандай миқдорда ишлатилишини биров белгилаши иқтисодиётни кичрайтиради. Нега? Чунки муассаса (ким бўлишидан қатъи назар) сизнинг хоҳиш-у истакларингизни сиздан кўра яхшироқ билмайди. Шунинг учун иқтисодиётдаги пул ва ресурслар тақсимоти оптимал даражадан пастроқ бўлади.

Айтайлик, обуна нархи 10 минг сўм бўлсин. У бўлмаганида, сиз бу пулга таксида бир жойга борар эдингиз. Обуна дастидан у жойга бора олмайсиз (обунанинг муқобил харажатлари). Демак, такси ҳайдовчиси ҳам бу пулдан қуруқ қолди, у энди сал камроқ гўшт олади, қассоб эса сал камроқ ун олади, унчи эса сал камроқ шакар олади ва ҳоказо. Бу обуна ҳаммани, ўртача олганда, сал-пал камбағаллаштирди.

Обуна эвазига кимнингдир қозони қайнайди, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин шу билан бирга иқтисодиётдаги пул нотўғри тақсимланган бўлади. Яъни ўз ихтиёрингиз билан пулингизни ишлатганингизда иқтисод сал-пал ўсарди. Зеро, обуна мажбурий бўлмаса ўша ҳеч ким ўқимайдиган газетадаги ишчилар мухбирликдан кўра бошқа касб қилишлари мумкин эди. Инсон ресурслари тўғри тақсимланар эди. Энг муҳими — газета ишчилари сиздан мажбурий равишда олинаётган пул эвазига яшаётгани учун газетанинг сифати устида ишлаш истаги йўқ, чунки уларнинг меҳнати улар чиқараётган газетанинг даромади билан боғланмаган. Чунки сиз ўз хоҳишингиз билан обуна бўлмадингиз-да!

Газетачилар келгуси йил ҳам сиздан пул олишларини биладилар, инчунун қаттиқроқ ишлашга рағбат қилмайдилар. Яъни сизнинг тўловингиз самарасиз ишлашни рағбатлантиряпти! Бу ҳам капитал, ҳам меҳнат ресурслари уволидир. Мажбурий обуна бекор бўлса бундай газеталарнинг умуман обуначилари қолмайди, банкрот бўладилар. Бу ҳол уларнинг иқтисодда ҳеч нима яратмасдан келганликларининг, иқтисодиётимиз уларнинг фаолиятидан зарар кўраётганининг далолати.

Иқтисодиётга қўшилаётган наф қандай ўлчанади? Ким наф келтиради?

Иқтисодиётга келтириладиган наф тўлашга розилик билан қабул қилишга розилик орасидаги фарқ билан ўлчанади. Масалан, бозорга пиёз олишга тушдингиз. Бир кило пиёз учун 5000 сўмдан кўп пул тўлашга рози эмассиз. Демак пиёз 4900 сўм бўлса, бажонидил оласиз. Бозордаги сотувчи эса 4000 сўмдан камроққа сотишга рози эмас. Демак у пиёзини 4100 сўмга сотади. Икковингиз 4000 ва 5000 сўм орасида бир нархга келишасизлар, масалан — 4800 сўмга. Шунда сиз 200 сўм ютган бўласиз, сотувчи эса — 800 сўм.

Бу нарсада ўзгача бир гўзаллик бор: қандай нархга келишганингиздан қатъи назар, Ўзбекистон иқтисодиёти 1000 сўм фойда кўради. Айнан шу иқтисодий наф дейилади.

Обуна учун сиз 0 сўм тўлашга розисиз, газетчилар эса 10000 сўм беришингизни хоҳлашаяпти. Ихтиёр сизда бўлса обуна бўлмасдингиз, шунинг учун мажбурлов туфайли иқтисодиётга зарар 10000 сўмни ташкил қилади. Агар, дейлик, сиз бу газета учун 2000 сўм беришга тайёр бўлганингизда, унда зарар 8000 сўм бўлар эди. Агар умуман текинга бўлса ҳам ўқишни истамасангиз, кимдир 10000 берса ўқишга рози бўлсангиз, унда зарар тегишли равишда 20000 сўмни ташкил қилади. Яна бир бор:

Божлар билан мажбурий обуна нима учун бу ерда айни бир нарса?

Божлар билан ҳам шу ҳол. Биринчидан, сиз божлар туфайли машина учун 10 миллион сўм ошиғи билан тўлашингиз керак. Агар бож бўлмаганида, чет эл машинасини олар эдингиз, чўнтагингизда яна 10 миллион сўм «ортиқча» пул қолар эди. Аммо бу 10 миллион сўм ҳам ортиқча пул эмас, чунки сиз уни бошқа нарсаларга ишлатган бўлардингиз. Яъни, бу дегани, 10 миллион сўмга бойроқ бўлардингиз ҳамда бу билан иқтисодиёт ҳам бир миқдорда, пул ихтиёр билан сарфлангани учун, ривожланар эди. Қолаверса, божлар бўлмаганида кимнидир хонадонида машинадан ташқари яна телевизор ҳам бўлар эди. Қайсидир аҳоли қатлами учун эса 10 миллион фарқ шунчалар каттаки, бож дастидан улар умуман машина харид қилишолмайди.

Бу ерда иқтисодиётнинг ютқазиши қуйидагича: агар кимдир машина учун 50 миллион сўм беришга тайёр бўлса-ю, машина 40 миллион сўмга сотилса, иқтисодиёт 10 миллион сўмга ортади. Аммо сунъий равишда, божлар туфайли машина нархи 50 миллион сўмдан ошиқ бўлса, кимдир машина ололмайди. Демак, иқтисодиёт 10 миллионлик потенциал фойдани йўқотади. Шунга ўхшаш амалга ошмаган савдоларнинг йиғиндиси иқтисодиётга етадиган иккинчи турдаги зарарнинг ҳажмидир.

Қайта таъкидлаймиз: икки хил ютқазиш бор, бир турдагиси — одамлар 10 миллион сўмни ўз ихтиёри билан, ўзига керакли нарсаларга сарфлашининг ўрнига бож деб ўша «маҳаллий» ишлаб чиқарувчига тўлаши. Иккинчи ютқазиш эса, машина сотиб ололмаган кишиларнинг амалга ошмаган савдоси туфайли иқтисодиёт ололмаган фойда ҳажмидир. Фанда бу тегишлича даромад таъсири (income effect) ва алмаштирув таъсири (substitution effect) дейилади.

Бошқа тарафдан, агар машина ишлаб чиқарувчи тадбиркор божхона тўсиқлари сабабидан рақобатдан чегараланган бўлмаганида, у пулини бошқа, самаралироқ ишларга йўналтирар эди ва иқтисодиётда ресурслар тўғрироқ тақсимланарди. Шу билан бирга у ишлатаётган ишчилар ҳам самаралироқ жойларда ишлашар эди: кўпчилик қиёсий ва мутлақ устунликлар ҳақида хабари бўлса керак. Бундан ташқари, божлар билан муҳофазалангани боис ишлаб чиқарувчи самарали ишлашга уринмайди, чунки маҳсулотини бозор нархидан қимматга сота олишини билади. Унинг хориждаги ҳамкасблари самарадорликни кучайтириш учун уринаётган бир маҳалда божлар билан ҳимояланган «маҳаллий» ишлаб чиқарувчининг фаолияти борган сайин самарасизроқ бўлиб бораверади.

Шунинг учун ҳам мажбурий обунанинг зиёни қай тарзда катта миқёсда иқтисодиётга таъсир этади, деб сўрасангиз, ташқи савдо учун қўйиладиган тўсиқларга боқишни тавсия этамиз. Мажбурий обуна деярли кўзга кўринмас, кичкина зарар бўлиб кўриниши мумкин, лекин шундай нарсаларнинг сони кўп бўлса, албатта умумий шикаст катта бўлади.

Ахир, тома-тома кўл бўлур, деб бежизга айтишмаган-ку...

Муаллиф ҳақида: иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ) даги Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти. 2016 йилнинг майидан Вейнарт ишбилармонлик марказида тадқиқотчи сифатида ишлаб келмоқда. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Нанянг (Сингапур) технология университети бакалаври даражасига эга. «Буюк келажак» экспертлик кенгаши аъзоси.

Мавзуга оид