«Мен пенальти бермаган бўлардим, лекин...» – дунё ҳакамлари «ПСЖ» - «МЮ» ўйинидаги пенальтини муҳокама қилишди
«ПСЖ» ҳамда «Манчестер Юнайтед» ўйини тақдирини 90+2-дақиқада белгиланган пенальти ҳал қилганини кўрдингиз. Мухлислар «ПСЖ» дарвозасига белгиланган ўша пенальтини кенг муҳокама қилишди. Кимдир пенальти бор эди деяпти, кимдир эса ҳимоячининг қўли табиий ҳолатда бўлганини айтмоқда. Бу борада ҳакамлар нима дейди?
Саудия Арабистони лигасида ҳакамлик корпусини бошқарувчи англиялик машҳур ҳакам Марк Клаттенбург «Daily Mail» нашридаги колонкасида ушбу вазият бўйича фикрларини билдириб ўтди.
«Дамир Скомина ўша вазиятда пенальти бериб, хато қилди дейиш тўғри эмас. Чунки ҳакам УЕФАнинг янги қоидаларига кўра тўғри қарор қабул қилди. Масалан, мен Премьер-Лига ўйинларида бу ҳолат учун пенальти бермаган бўлардим. Чунки Кимпембе қўли билан атайлаб ўйнагани йўқ. Бироқ пенальти Чемпионлар Лигаси ўйинида белгиланди.
УЕФА қўл танага ёпишиб турмаган ҳар қандай ҳолатда эҳтиётсизлик учун пенальти берилишини талаб қилмоқда. Расмийларнинг қарорларини ҳурмат қилиш керак. Ҳакам вазиятни секинлаштирган лавҳада кўрганини ҳам унутмаслик керак. Футболчи тескари қараган вақтда қўлини назорат қила олмайди, лекин яна такрорлайман, ҳакам УЕФАнинг янги талабларига кўра қарор чиқарган», дейди Клаттенбург.
«CBS Sports» нашри журналисти Рожер Гонсалес Жаҳон чемпионати финалини бошқарган ҳакам билан бу борада гаплашганини ёзди. У ҳакамнинг ким эканини айтмаган, лекин гап катта эҳтимол билан 2010 йилги мундиал финалини бошқарган Ҳовард Уэбб ҳақида кетмоқда. Хуллас, ўша «сирли» ҳакамнинг фикрича, «ПСЖ» дарвозасига пенальти ҳақли тарзда белгиланган:
«Сиз ўйин охирида бундай ҳолат учун пенальти берилиши керакми деяпсиз, лекин ҳакам вазият қачон содир бўлганига эътибор бермаслиги керак. 1-дақиқами, 90-дақиқами, бунинг фарқи йўқ. Пенальти ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда ҳакам шубҳасиз тўғри қарор қабул қилди».
Penalty or no penalty? 🤔#PSGMUN #PSGMUFC pic.twitter.com/HDmR4qBPlI
— Sports News (@FIFAWCGoals) 6 марта 2019 г.
Англияда журналист ва экспертлар катта ўйинлардан кейин ундаги вазиятларни атрофлича муҳокама қилишади. Альбионда энг машҳур футбол эксперти Гари Линекер эканини биласиз. Линекер «BT» телеканалидаги ўйиндан кейинги шоуга Рио Фердинанд, Майл Оуэн каби футболчилар ва бир неча ҳакамни таклиф қилди. Келинг, уларнинг ҳам фикрларига қулоқ тутсак.
«Холис бўлиб гапирадиган бўлсам, менимча, бу пенальти эмас. Тўп шунчаки унинг қўлига тегиб, бурчакка қараб кетди», дейди ҳам «МЮ», ҳам унинг азалий рақиби «Ливерпуль»да ўйнаган собиқ футболчи Майкл Оуэн.
«Тўғри, мен бу ҳолатни пенальти эмас деган бўлардим, лекин ҳимоячи сифатида тўпга орқангни қаратдингми, бунинг учун жазоланасан», дейди «МЮ»нинг собиқ сардори Рио Фердинанд.
«Кимпембе тўпга тескари турган бўлса-да, қўл ҳаракати билан танасини каттароқ қилди, яъни қўл тўпни тўсиш учун ишлатилди. Бу шубҳасиз қўл билан ўйин эди. VAR менимча, фақат вазият жарима майдончаси ичида содир бўлдими ёки ташқарисидами деган саволга жавоб олиш учун ишлатилди», дейди собиқ ҳакам Петер Уолтон.
Мавзуга оид
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
10:17 / 05.12.2024
Мбаппе яна уялтирди, «Ливерпул» қоқилди. Кун ўйинлари
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
15:52 / 21.11.2024