Жамият | 11:40 / 25.12.2019
23063
5 дақиқада ўқилади

Сирдарёда тез тиббий хизмат ходимига тажовуз қилинди

Гулистонда чақирув билан хонадонга борган шифокорнинг ўзи ёрдамга муҳтожлик сезиб, тиббий экспертиза муассасасига мурожаат қилган.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида тез тиббий хизмат ходимига тажовуз қилинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 декабрь куни соат 15:40да шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ бўлиб, ёрдам сўраб мурожаат қилинган. Чақирилган манзилга етиб келган тез ёрдам ходимлари соат 15:45да белгиланган тартибда бемор болани кўздан кечирган. Бироқ маст ҳолда бўлган ота хизмат вазифасини бажараётган шифокор Б.К.ни ҳақоратлаб, унга тан жароҳати етказган.

«Шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати шифокорларига беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз ва таҳдид қилиш билан боғлиқ хабарлар ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларининг бош мавзусига айланиб улгурди.

Бундай қонунбузарликларга етарлича чора кўрилмаётгани, шифокорларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмаётгани тўғрисида журналистлар ва блогерлар кўплаб мақолалар чоп этганди.

Мисолларга мурожаат этгудек бўлсак, 2017-2019 йиллар мобайнида биргина шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими шифокорларига беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан 266 маротаба зўравонлик қилиш, тан жароҳати етказиш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилди. 

Бундан 340 нафардан кўпроқ тиббиёт ходимлари жабр кўрди. Ушбу вазиятда бор-йўғи 40та ҳолатда ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан жазо чораси қўлланилди. 

109та ҳолатда эса яраштирув билан иш тугалланди. 128та ҳолатда шифокорларга таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний жазо кўриш масаласи ҳал этилмай қолиб кетди.

Бироқ, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан шундай ҳолат рўй берса-чи, айбдор қонун олдида қатъий жавоб беради.

Вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан қилинган шундай тажовуз, ҳуқуқ тартибот идораси ходимларига қилинган тажовуздан енгил ҳисобланади.

Мисол учун ижтимоий тармоқларда хабар қилинган маълумотлар асосида айтадиган бўлсак, яқинда Бухорода йўл патрул хизмати инспекторининг кўкрак нишони, радиоалоқа воситаси ва жезл таёғини тортиб олган фуқаро 10 ойга қамалди. 

Бундан бир муддат олдин Навоийда тез тиббий ёрдам шифокорини ҳақоратлаб, таҳқирлаган шахсга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли идораларга мурожаат қилингандан сўнггина 15 сутка қамоқ ва озгина жарима қўлланилди. Натижада жавобгар осонгина қутилиб кетди. Ана сизга жумбоқ.

Аммо, лекин бундай ҳолат эса соғлиқни сақлаш тизимида ҳамон учраб турибди. Сирдарёда бўлган вазиятга тўхталсак. 

Гулистон шаҳрининг 1-мавзеси, С.Алимов кўчасида жойлашган хонадон соҳиби (исм-шарифини шартли равишда кўрсатилмади) фарзандининг тоби йўқлиги боис 23 декабрь куни соат 15 дан 40 дақиқа ўтганда Шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраб мурожаат қилади. 

Ўша куни 15 дан 45 дақиқа ўтгач, мазкур хизмат ходимлари белгиланган манзилга бориб, белгиланган тартибда бемор болани кўздан кечиради. 

Ширакайф бўлган ота хизмат вазифасини бажараётган шифокор Б.К.ни ҳақоратлаб, унга тан жароҳати етказади. Оқибатда шифокорнинг ўзи ёрдамга муҳтожлик сезиб, тиббий экспертиза муассасасига мурожаат қилади. Натижа эса яна ўша-ўша... 

Шошилинч ва тез тиббий хизмат ходими ёрдам қўлини чўзиб турган бир вақтда мижозлари томонидан қилинган бундай ҳурматсизлик қайси мантиқ, қайси қонунларимизга тўғри келади?

Юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, шифокорни асосиз ҳақоратлардан ҳимоя қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўмагида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилиб биринчи ўқишда қабул қилинганди. 

Бундан эса соҳа ходимлари хурсанд бўлишганди. Лекин уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Лойиҳа иккинчи ўқишда депутатларимиз томонидан қайта ишлаш учун қайтарилди.

Бир сўз билан айтганда, шошилинч ва тез тиббий хизмат ходимлари, шифокорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида бирон бир ҳуқуқий асос яратилмас экан, бемор ва унинг яқинлари томонидан шифокорларга нисбатан ғайриқонуний хатти ҳаракатлар давом этаверади. 

Бундай ҳаракат ва ҳолатларга чек қўйиш учун бугунги кунда ​бирор ҳуқуқий асос керак бўляпти», дейилади ЎзА хабарида.

Мавзуга оид