Ўзбекистон | 16:46 / 08.07.2020
24562
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳали коронавирус чўққисидан ўтгани йўқ» – Ҳабибулла Оқилов

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда коронавирус авж олса, дори-дармон ва тиббий воситалар тақчиллиги юзага келиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Коронавируснинг кириб келишига бирорта давлат тайёр эмасди. Дастлаб дорилар тақчиллиги барча давлатларда, шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳам кузатилди. Комбинезон, ниқоб, қўлқоплар етишмади, улар Россиядан, Хитойдан олиб келинди.

Аммо кейинроқ Ўзбекистондаги ўрта ва кичик бизнес субъектлари ўз фаолият йўналишларини ўзгартирган ҳолда, ниқоб, қўлқоп, кўзойнак, комбинезон ва бошқа барча керакли воситаларни ишлаб чиқаришни бошлади. Ҳозир керакли тиббий воситалар нафақат етарли даражада ишлаб чиқариляпти, балки уларни ён-атрофдаги давлатларга сотиш ёки ижтимоий ёрдам сифатида етказиб бериш имкони мавжуд», дейди у.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов ҳозирда касаллик симптомсиз кечаётган беморларнинг 35 фоизи уй шароитида даволанаётгани, бундай беморлар учун оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари орқали керакли тиббий воситалар етказиб берилаётганини қўшимча қилди.

Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистон ҳали коронавируснинг авж олиш нуқтасидан ўтмаганини таъкидлади.

«20 кунлик қатъий карантин чоралари нафақат касалликнинг юқиш занжири узилишига, балки шифохоналарда тиббиёт ходимларининг ишни ташкиллаштириб олишига ҳам имкон беради. Ўта оғир даражадаги беморларни оғир даражага, оғир даражадаги касалларни енгил даражага ўтказишга, енгил даражадаги беморларни эса даволаб олиш учун имкон бўлади. Тиббиёт ходимлари бригадасини алмаштириб олиш учун ҳам шароит яратилади. Чунки врачлар ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан босим билан ишламоқда.

Ўзбекистонда ҳали коронавирус чўққига чиққани йўқ. Касалликнинг чўққига чиқиши уч хил шаклда бўлиши мумкин. Биринчи шаклда касаллик кескин чўққига чиқиб кетиши, кунлик кўрсаткичлар 1500дан 3000тагача чиқиши мумкин.

Агар биз касалликнинг чўққига чиқиш кўрсаткичида кунлик 250-500тадан қайтсак, бу Ўзбекистон учун, фуқаролар учун вазиятнинг осон тарзда ўтиб кетишига имкон беради», дея Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бундан олдинроқ Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда кунига 1-1,5 мингта коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизими қулашидан огоҳлантирганди. 

Мавзуга оид