Ўзбекистон | 18:00 / 05.08.2020
19179
4 дақиқада ўқилади

«International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» раҳбари қамоққа олинди

«International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» фуқароларнинг 5,5 млрд сўмдан ошиқ пулларини фирибгарлик билан қўлга киритганликда айбланмоқда. Бугунги кунга қадар бирорта ҳам фуқаро республикадан ташқарига ишга юборилмаган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувида «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, 1993 йил Қирғизистон Республикасида туғилган, фуқаролиги бўлмаган шахс Абдурахманов Шерзод Абдулхамидович Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, А.Дониш кўчаси, 2-мавзеда жойлашган, фаолият турига кўра Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш изловчи фуқароларни хорижий давлатда ишга жойлаштириш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериш ҳисобланган «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» МЧЖ учун 2019 йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан 0058-сонли лицензия олиб, жамиятга раҳбарлик қилиб келган.

Жамият ташкил топилган кундан бугунга қадар бўлган вақт оралиғида фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилиб, республикамизнинг барча вилоятларида ваколатхона очиб, турли ОАВлари орқали жамият ҳақида эълонлар бериб, бош офис ва ваколатхонага ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилиб келган фуқароларни Корея Республикаси ва Европа қитъасида жойлашган давлатларга ишга юборишини ваъда қилган.

МЧЖ фуқароларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан олган лицензияни кўрсатиб, Польша давлатида фаолият кўрсатиб келаётган «APEX Sp.z.o.o» ва «WIN SOLUTION Sp.z.o.o» корхоналари билан тузилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш тўғрисидаги меморандумни кўрсатиш орқали фуқароларнинг ишончига кириб, амалда бирор-бир фуқарони ишга жўнатишни мақсад қилмасдан, ҳар бир фуқародан таклиф этилган давлатдаги ишдан келиб чиққан ҳолда дастлабки тергов давомида аниқланган 132 нафар фуқародан 45 млн сўмгача бўлган миқдордаги пулларни агентликнинг банк ҳисоб рақамига кирим қилиш йўли билан қўлга киритган.

Амалда эса ушбу фуқароларнинг бирортасини ҳеч қайси бир хорижий давлатга ишга юбормасдан, бу пулларни шахсий эҳтиёжлари ва жамиятнинг фаолияти учун мақсадсиз сарфлаб, ўзгаларнинг 5,6 млрд сўм миқдордаги пулларини эгаллаш жиноий фаолияти билан шуғулланиб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан «International Job Organization – xususiy bandlik agentligi» МЧЖ директори Ш.Абдурахмонов ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу йил 10 июнь куни Ш.Абдурахманов ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари жорий йилнинг 26 июнида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олинган ва МЧЖнинг бош офисида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган.

Жиноят иши тергов қилиш жараёнида Ш.Абдурахманов жиноят ишида ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Жиноят ишининг кўп ҳажмли эканлиги, республиканинг барча вилоятларида жабрланувчилар борлиги ва дастлабки тергов муддатининг ўтиб бораётгани ҳамда ҳозирги карантин шароитини инобатга олиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида, улардан ўзлари яшайдиган туман, шаҳар ИИБлари ҳузуридаги Тергов бўлинмаларига мурожаат қилишлари сўралади.

Фуқаролар сўроқ қилиб бўлинганидан сўнг етказилган зарарнинг аниқ миқдори маълум бўлади. Ҳақиқатда етказилган зарарнинг жами миқдори бугунги кунга қадар аниқланганидан ошиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов ҳаракатлари ва жиноят иши натижаси юзасидан қўшимча равишда ахборот бериб борилади.

Мавзуга оид