1,5 млрд долларлик кредит ва келишувларга содиқлик. Лукашенко Сочида Путин билан музокара ўтказди
Беларусь президенти Александр Лукашенко сайловдан кейин илк марта хорижий сафарини амалга оширди. У Сочида Россия президенти Владимир Путин билан юзма-юз учрашув ўтказди. Музокаралар 4 соатдан ортиқ вақт давом этди.
Беларусь давлат ахборот агентлиги БелТА хабарига кўра, президентлар икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, иттифоқчилик муносабатлари мавзуси, халқаро муаммолар ва минтақадаги вазият, юзага келган чақириқларга биргаликда жавоб қайтариш масалаларини муҳокама қилишган.
Учрашувдан аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужжатлар имзоланмаслиги ва матбуот анжумани ўтказилмаслиги ҳақида маълум қилганди. У шунингдек, «савдо-иқтисодий, энергетик, маданий-гуманитар соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар, қарздорлик масалалари, шунингдек, ЕОИИ ва МДҲ доирасидаги интеграцион жараёнларни ривожлантириш масалалари одатдаги каби икки давлат раҳбари мулоқоти кун тартибида бўлиши» ҳақида гапирганди.
Лукашенконинг ўзи учрашувда икки давлат бош вазирлари учрашувидаги келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун «қалин нуқта» қўйилишини айтганди.
Икки президент учрашуви арафасида Лукашенконинг августдаги сайловлардаги асосий рақиби Светлана Тихановская мурожаат билан чиқди.
«Мен Владимир Путинга эслатиб қўймоқчиман: Сочида нимага келишсангиз ҳам - бу қонуний кучга эга бўлмайди. Ноқонуний президент Лукашенко томонидан имзоланган барча келишувлар янги ҳукумат томонидан қайта кўриб чиқилади. Чунки беларусь халқи сайловларда Лукашенкога ишонч билдирмаган ва унга овоз бермаган. Мен жуда афсусдаман, сиз Беларусь халқи билан эмас, диктатор билан мулоқот қилишга қарор қилдингиз», дея унинг сўзларини келтирган Tut.by.
Шунга ўхшаш баёнот Беларусь мухолифати Мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан ҳам берилган, унда кенгаш «Беларусь ва Россия муносабатларини ёмонлаштириш»ни ўз олдига мақсад қилиб қўймагани алоҳида таъкидланган.
Путин ва Лукашенко нималар деди
Музокаралар очилишида икки томон камералар қаршисида бир қанча баёнотлар беришди ва кейин давлат раҳбарларининг ёпиқ эшиклар ортидаги «тет-а-тет» форматидаги музокаралари бошланди.
- Россия Беларусга «қийин паллаларда» 1,5 миллиард долларлик кредит ажратади;
- Беларусь россияликларнинг коронавирусга қарши вакцинасини олувчи илк давлат бўлади;
- Лукашенко Путинга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди ва «дўст кулфатда билиниши, бу постсовет республикаларига ўрнак бўлиши» ҳақида гапирди;
- Лукашенконинг сўзларига кўра, Россия — Беларуснинг катта оғаси. Аммо НАТО беларуслар билан ҳисоблашмайди ва чегарада «қуролларини пеш қилади», шу туфайли уларга жавоб қайтариш керак.
Путин Беларусь президентининг конституцион ислоҳотлар ўтказиш бўйича ваъдаларини илиқ баҳолаган.
«Биз сизнинг конституция устида ишлаш бўйича таклифингиз ҳақида биламиз. Менимча, бу мантиқий, ўз вақтида билдирилган мақсадга мувофиқ таклиф», деган Россия президенти.
Шу билан бирга, у Беларусь фуқаролари мамлакатдаги вазиятни ташқи аралашувларсиз мустақил ҳал қилишлари кераклигини таъкидлаган.
«Биз, албатта, Беларусда нима бўлаётганини ва ушбу сайловлар билан боғлиқ ички сиёсий воқеаларни биламиз. Сиз бизнинг позициямизни яхши биласиз: биз беларусларнинг ўзлари, ташқи томондан ҳеч қандай ундов ва босимларсиз, тинч режимда ва ўзаро мулоқот асосида бу вазиятни тартибга солишлари тарафдоримиз», деган Путин.
У шунингдек, Россия Беларусга 1,5 млрд доллар миқдорида кредит тақдим этишини, икки давлат ҳарбий соҳада ҳамкорликни давом эттиришини, Беларусь Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси тайёр бўлгандан кейин уни қабул қиладиган биринчи мамлакат бўлишни ваъда қилган.
«Россия КХШТ ва Иттифоқ давлати доирасидаги келишувларга содиқ қолади, биз барча мажбуриятларимизни бажарамиз. Биз Беларусга 1,5 миллиард доллар миқдорида давлат кредити ажратишига келишиб олдик ва биз буни амалга оширамиз. Ҳозирда, билишимизча, молия вазирларимиз бу борада профессионал даражада иш олиб боришмоқда. Ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни ҳам давом эттирамиз. Беларусь бизнинг коронавирусга қарши вакцинани оладиган илк давлат бўлади», деган Путин.
Лукашенко Путинга ва «барча россияликлар»га президентлик сайловларидан кейинги даврда қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирган. У россияликлар президентига Беларусдаги воқеалар бўйича батафсил гапириб беришни ваъда қилган.
Бундан ташқари, у яна бир бор Беларусдаги намойишлар ортида ташқи кучлар турганига шама қилган.
«Беларусдаги вазият ҳақида барчасини кейинроқ батафсил айтиб бераман - у ерда асл ҳолат ОАВда ёзилаётганидек эмас. Одамларимиз дам олиш кунлари кўчаларга чиқишади, биз улар юриши учун Минскнинг бир қисмини очиб қўямиз.
Сиз бизни қўллаб-қувватлаяпсиз, бунинг учун шахсан сизга ва барча русларга миннатдорчилик билдираман, барчасига, уларни санаб ўтмайман. Бу сайловдан кейинги даврда бизни қўллаб-қувватлашда ким иштирок этган бўлса барчага.
Бу биз учун нафақат Беларус ва Россия, балки постсовет республикалари учун ҳам сабоқ. Биз бу ҳақда ЕОИИ йиғилишида, аввало, КХШТда гаплашамиз ва МДҲ доирасида гаплашадиган гаплар бор.
Агар кимдир Беларусь чегараларидан ташқарида туриб қўлларини қашимоқчи бўлса, биз ҳам исталган вақтда шундай қилишимиз мумкин. Иттифоқ давлати чегарасида ҳеч кимга қуролини пеш қилишга йўл қўймаймиз. НАТО биз билан ҳисоблашмайди, истаган вақти ҳарбий машғулотлар ўтказади. Шунинг учун биз ҳам шундай қиламиз. Улуғ ватан урушидаги хатоларга йўл қўймаслигимиз керак. Россия — катта оғамиз. Бизнинг давлат ва бизнинг халқларимиз ҳамиша дўстона бўлиб қолади. Мен жуда мамнунман, сиздан миннатдорман, сиз Беларусь чегаралари - Иттифоқ давлати чегаралари эканини намойиш этдингиз», деган Лукашенко.
«Лукашенко — қонуний президент»
Музокаралар якунида Дмитрий Песков чиқиш қилиб, Россия Беларусдаги сайлов натижаларини тан олиши ва Александр Лукашенкони мамлакатнинг қонуний президенти сифатида билишини маълум қилди.
«Александр Григорьевич Беларусь Республикасининг легитим президенти ҳисобланади. У давлатлар ўртасидаги муносабатларда президент Путинга юзма-юз келадиган президентдир. Сайлов натижаларидан норози бўлганлар ҳам биродар Беларусь халқи фуқаролари ҳисобланади, биз уларнинг барчасини бирдек қадрлаймиз. Аммо биз Беларусдаги ўзгаришлар конституцион жараёнларга зид шаклда эмас, ҳуқуқий майдонда рўй беришини истаймиз», деган Песков.
Песков шунингдек Россия ҳамиша «Беларусь иқтисодиётини қўллаш учун ёрдам кўрсатиб келгани ва бундан кейин ҳам ёрдам беришда давом этиши»ни қайд этиб ўтган. Матбуот котиби Москва 1,5 миллиард доллар миқдоридаги кредитни Лукашенко учун эмас, Беларусь учун тақдим этаётганини қўшимча қилган.
Беларусдаги намойишлар
9 август куни Беларусда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилиб, унда Александр Лукашенко яна бир марта ғалаба қозониб, қаторасига олтинчи марта мамлакат президентлигига сайланди. Марказий сайлов комиссияси у 80 фоиз атрофида овоз олгани ҳақида малум қилди.
Расмий натижалар эълон қилиниши биланоқ мамлакатда оммавий намойишлар тўлқини бошланди. Намойишчилар сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишди.
Беларусь мухолифатчиларининг катта қисми сайловда Светлана Тихановская ғалаба қозонганини айтишмоқда, яна бир қисми эса овоз беришнинг ҳақиқий натижаларини аниқлаб бўлмаслиги туфайли мамлакатда янги сайловлар ўтказилиши кераклигини айтишган.
Светлана Тихановская турмуш ўртоғи, машҳур блогер, сайловолди кампанияси бошлаган Сергей Тихановский қамоққа олингач президентликка номзод бўлганди.
Ўтган якшанба куни Беларусь ИИВ маълумотига кўра, мамлакатда навбатдаги намойишлар вақтида 774 киши қўлга олинган.
Москва ҳамон Лукашенкони қонуний президент сифатида ҳисоблайди. Ўтган ҳафтада Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳамиша сайловлардан кейин норозилар топилиши, Беларусдаги норозилик акциялари барча беларуслар ҳам Лукашенкога қарши чиқаётганини англатмаслигини айтиб ўтганди.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024