«Чемпион ҳикоялари». Фернандеш болаликдаги кумири, голни нега бундай нишонлаши ва ғолиблик менталитети ҳақида
Cўнгги вақтлардаги энг омадли трансферлар ҳақида гап кетганда, шубҳасиз, кўпчилик «Манчестер Юнайтед»га келиб, қисқа вақтда жамоа етакчисига айланган Бруну Фернандешни эсга олади. У нафақат ўзини намоён қилди, балки жамоани шу даражада кучайтирдики, манчестерликлар АПЛда қаторасига 14 мағлубиятсиз ўйин ўтказиб, 3-ўринда якунлашга муваффақ бўлишди. Қуйида португалиялик юлдузнинг болалигига, уни Брунуга айлантирган омилларга, футболчининг ҳиссиётларига сайр қиламиз.
«Акамдан бошлаймиз. Уни эсламай туриб, менинг ҳикоям тўлиқ бўлмайди. У - менинг акам, ундан ҳам бадтари, «Барселона» фанати. Агар қарши бўлмасангиз, у ҳақида қизиқроқ нарса айтиб беришим керак.
Бирга улғайиш жуда ажойиб эди. Акам мендан беш ёш катта, ҳар доим бир хонада яшаганмиз. Ёш бола эканингда, ҳаммаси зўр, тўғрими? Муаммолар кейинроқ, улғаяётганингда пайдо бўлади. 15-16 ёшларда у ўртоқларини уйга чақирар, мен эса, ҳамма укалар қиладиган ишни аъло баҳога бажарардим – жиғига тегардим.
«Бруну, илтимос, кўчага чиқиб ўйнагин», – дерди у доим.
Хуллас, у ва меҳмон бўлиб келадиган ўртоқлари баҳона, кўп вақтим кўчада, тўпнинг орқасидан югуриб, ўтарди. Бошқа мамлакатларда қандай билмадим, Португалияда, айниқса, Евро-2004 даврида, буюк футболчилар авлоди етишганида ҳар бир инсон футболга қизиқарди, одамлар футбол билан яшашарди.
Роналдиньо ўз фаолиятининг чўққисига чиққан, Месси ва Роналду энди порлаб келаётган ёш футболчилар эди. Қаерга қарамай, уларнинг қайси бири зўрлиги ҳақида баҳслар қизир, мен ҳам акам билан фақат шу мавзуда тортишардик. Мен доим Криштиануни танлаганман. Акам эса Мессини дерди.
Бир куни, Рождество байрамида дадамнинг олдига бордик. У Швейцарияда ишлар эди. У пайтларда интернет ҳозиргидек ривожланмаган, исталган кийимни уйда ўтириб сотиб олиш қийин эди. Португалияда айниқса Англия Премьер Лигаси жамоаси либосини топиш янада мушкул, бўлса ҳам, ниҳоятда қиммат. Швейцарияда дадам бизни Nike магазинига олиб кирди ва исталган жамоа либосини танлашимизга рухсат берди. Табиийки, акам «Барселона»нинг сариқ рангли либосини олди. Мен эса... Мен эса, ҳозир ҳам айтишим мумкин, дидим ўша пайтда ҳам чакки бўлмаган – «Манчестер Юнайтед»ни танладим.
Ўша формани ҳалигача эслайман – оқ ҳошияси бор, кўк либос, баъзи ерларида қизил йўллари бор. Криштиану туфайли Англиядаги орзулар жамоаси мен учун «Манчестер Юнайтед» бўлган.
«Бруну, футбол эришиладиган орзу эмас, сен ўқишга ҳаракат қилишинг керак», – дейишарди ўқитувчилар. Мен эса, ўйлардим – «окей, раҳмат, демак, янада кўпроқ футбол билан шуғулланаман».
Ўйлайманки, агар бир орзуинг бўлса, у билан имкон қадар кўпроқ мубтало бўлишинг зарур. Ва ижодий фикрлашинг ҳам керак. Болаликда ҳар ерда ҳам футбол майдонини ҳосил қила олардик. Ёғочлардан дарвоза устунларини қурар, ўт ўсмаган тупроқли ерларда ҳам ўйнаб кетаверардик. Бундай майдонлардаги ўйинлар жуда асабий ўтарди. Кўпинча уришиб кетардик.
Қайсидир маънода, ўша даврлар менинг яқинда Виктор Линделёф билан бўлиб ўтган тортишувимизни ифодалайди. Европа Лигаси яримфиналида биз бироз тортишиб қолдик, табиийки, бу ҳолат ОАВ эътиборидан четда қолмади, пашшадан фил ясашди. Аслида эса, бу ҳолат менинг болаликдаги оддий футбол ўйинларидаги воқеалардан фарқ қилмасди. Португалияда ҳамма шундай футбол ўйнайди. Португалияда одамлар бир-бири билан шундай гаплашишади. Агар сен ниманидир нотўғри қилсанг, мен дарҳол айтаман, норозилигимни ифода қиламан. Мен учун футбол ҳозир, шу тобда бўлиб ўтаётган жараён. Лекин буларнинг ҳаммаси майдондан ташқарига чиқмайди. Эртасига биз яна дўстлармиз, қўлимизни сиқамиз ва йўлимизда давом этамиз.
Қўлимни кўксимга қўйиб туриб айтаман, менга танқид ёқади. Чунки бу сенга янада яхшироқ бўлишга ундайди, бўшаштирмайди. Иштиёқ беради. Кўпчилик ўз атрофида лаганбардор, юмшоқ инсонларни йиғиб олади, аммо мен ундай эмасман. Мен ўз атрофимда худди ўша болаликдаги майдончадаги дўстларимдек, менга қаттиқ гапирадиган, хатоларимни юзимга айтадиган, қўллари билан ишора қиладиган яқинларим бўлишини истайман.
«Сени яхши кўраман, лекин ростини айтганда, бугун гол уришинг керак эди. Яхши тўп узатдинг, аммо бир қатор яхши вазиятларда ёмон ўйнадинг» – мен уйимга келганимда, мана шундай кутиб олишларини хоҳлайман.
Баъзида, ҳатто қизим Матильда ҳам эътирозини билдиради. У атиги уч ёшда. Унинг фикрлари, танқиди сал бошқачароқ. Қизим янаям кичик эканида рафиқам иккаламиз унга ўйинчоқларини йиғиштириб қўйиши кераклигини айта бошласак, қўли билан қулоқларини беркитиб, гўёки бизни эшитмаётгандек тутарди – «бла-бла-бла, сени эшитмаяпман, дадажон!»
Бу менга жуда кулгили туюлган ва гол урганимда, қулоқларимни беркитиб нишонлай бошладим. Матильда мени телевизорда кўриб, бу ишни айнан унга бағишлаб қилаётганимда пайқашни бошлади. Шунинг учун энди агар, шундай нишонлашни унутиб қўйсам, ёки трансляцияда буни кўрсатмай қолишса, менда муаммолар бошланади. Уйга келишим билан биринчи эшитадиган гап – «нега ундай қилмадинг, дадажон?» бўлади.
Ҳа-ҳа-ҳа, мана шунақа ҳаётим.
Мен доим ўрганишим керак. Ҳар куни яхшироқ бўлишим, яхшироқ Бруну бўлишга ҳаракат қилишим шарт.
Бу менталитет, бу характерни мен ўз оиламдан мерос қилиб олганман. Ёшлигимда отамни нечта гол урганим, нечта узатма қилганим қизиқтирмасди. У доим хатоларимни санарди, янада яхшироқ ўйнаш учун қандай камчиликларга йўл қўйганимга қарарди.
Эсимда, «Боавишта»нинг U15 жамоаси таркибида «Порту»даги тенгқурларимизга қарши ўйнадик. Улар Португалиянинг энг кучли жамоаси эди. Ўшанда мен ҳимояда тўп сурдим. Рақиб таркибида катта, тезкор, бақувват ҳужумчилар бўлишига қарамасдан, яхши ўйнадим. Биз атиги 0:1 ҳисобида ютқаздик ва ўйиндан кейин ҳамма мени табриклади. Ҳатто «Порту» мураббийларидан бири менга ишора қилиб, келажакда яхши футболчи бўлишимни таъкидлади.
Ажойиб кун. Деярли осмонда учиб юрардим. Аммо отамнинг фикрлари бошқачароқ бўлиб чиқди: «Улар қандай гол урганини кўрдингми? Агар сен тўғри позиция танлаганингда, уларнинг кросси осонгина ўтиб кетмасди».
Мен ўша гол ҳақида ўйлай бошладим. Ростини айтсам, ўша голда иштироким ҳам йўқ эди, майдоннинг нариги тарафида эдим. Лекин отам шунақа ишончли гапирдики, мен энди ғам чека бошладим, вазиятни таҳлил қилишга киришдим. Шундан сўнг, ҳар мағлубиятдан сўнг, ўзимдан айб қидирадиган, сиқиладиган бўлдим. Иштаҳам бўғиларди. Ётоқхонамга кириб олиб, ўтган ўйин ҳақида соатлаб ўйлаб ўтирардим. Шу тариқа, менинг менталитетим пайдо бўлди. Ким учундир бу ортиқча туюлар, лекин менга жуда зарур характер эди бу.
Айнан шу хислат менинг «тирик қолишим»да муҳим рол ўйнади. 14 ё 15га кирганингда, ҳаммаси ўзгара бошлайди. Энди шунчаки, иқтидорли бўлиш кифоя қилмайди, шунчаки меҳнат билан ҳам муваффақият қозониш осон эмас, энди ҳамма фазилатларни ўзингда жам қилишинг керак. Том маънода футбол билан яшаш керак бўлган давр.
Бир неча йил ўтиб, чет элга, Италияга бориб ўйнагач, мен шу имтиҳондан ўтишимга тўғри келди. 17 ёшимда бутунлай бошқа мамлакатга бориб қолгандим. Бу ернинг тилини билмас, ҳеч кимни танимасдим, жуда қийин эди. Шундай пайтлар бўлдики, ҳаммасига қўл силтаб, кетишга ҳам яқин қоларди.
Агар ўшанда отам менга ўша характерни сингдирмаганда, Италияда ўйнаб кетишимга куч топа олишимга ишонмайман. Агар бошқа оталар сингари, у ҳам менга «бугун сен зўр ўйнадинг» деб юрганида, мен синовлардан ўта олмасдим.
Чунки ҳақиқий ҳаёт бошқача. У ерда ҳамма ҳам сенга оталик қилмайди. Ҳақиқий ҳаётда ҳар ўйиндан кейин сенга «зўр ўйнадинг, қойил» деб ўтиришмайди. Аксинча, доим сени танқид қиладиган, етарлича яхши эмаслигингни айтувчилар топилади. Бу футбол. Сен бу гапларни кулиб туриб қабул қилишинг, керакли танқидлардан хулоса чиқариб, ўзингга мотивация олишинг керак.
Оилам менга доим ҳақиқатни айтган. Жуда қийин пайтларимда ҳам улар «Бруну, сен мағлуб бўлмаслигинг керак, ахир бу сенинг орзуинг, охиригача боришинг керак» деб туришарди. Бу сўзлар мен учун жуда қадрли бўлган. Шунинг учун ҳам йўлимда давом этавердим. Йиллар ўтиб эса, ажойиб воқеа бўлди.
2017 йилнинг 28 августи. Бу санани ҳеч қачон унутмайман. Мен Португалия терма жамоаси таркибига чақирилдим. Жаҳон чемпионати саралаш доирасидаги Фарер оролларига қарши ўйинга. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз юртинг либосида ҳаракат қилиш – шараф.
Тасаввур қилинг... 13 йил олдин мен 9 ёшли болакай, юзимни бўяб олган, қўлимда Португалия байроғини ушлаб, оилам билан шаҳар марказига боргандим, Грецияга қарши финал ўйинини томоша қилгандик.
Криштиану ўшанда энди саҳнага чиқаётганди. Бутун Португалия яхши эслайдиган палла. Айниқса, сен ёш бола бўлсанг, ҳаммаси бошқача муҳим, каттароқ аҳамият касб этади. Ўшанда грекларга ютқазган бўлсак-да, кўпроқ ўйиндан кейин, футболчиларнинг кўз ёшлари ёдимда қолган.
Ана энди, 13 йил ўтиб, миллий жамоамизнинг кийим алмаштириш хонасидаман. Криштиану кириб келганида эса, умуман ҳаяжонланиб кетдим, уятдан гапира олмай қолдим. Асабийлашдим.
Мен Криштиану ва бошқа кучли футболчилар билан бирга ўйнаётганимдан фахрланаман, балким, қаердадир ўн ёшли болакайлар ўз шаҳарчаларидан туриб, бизни кузатаётгандир, балким «мен ҳеч қачон Брунудек бўла олмайман» деяётгандир. Мен уларга ўз ҳикоямни айтиб бергим, «қара, Криштиану ҳам бир пайтлар менга шу қадар узоқ эди, ҳозир икковимизни бирга томоша қиляпсан», дегим келади.
«Манчестер Юнайтед» билан шартнома эса, бу орзуларнинг чўққиси бўлди. Агентим бу иш ҳақиқатга яқин эканини айтганида, дарҳол ўша Швейцарияни, акам билан форма танлаганимизни эсладим. Аммо бу икки воқеа ўртасида шу қадар кўп воқеалар, қийин синовлар бўлдики, мен ва оиламдан бошқа ҳеч ким билмайди.
Барчаси аниқ бўлиши билан биринчи бўлиб, рафиқам ва қизимга айтдим. Кейин ўзимни бошқара олмай қолдим, йиғлаб юбордим. Қувонч кўз ёшлари, бахт кўз ёшлари оқа бошлади. Хотиралар жонланди.
Италиядан туриб, у пайтда хотинимга, у пайтда севган қизим эди, телефон қилганим, қийналаётганимни, уйга қайтмоқчи эканимни айтганим. У эса, «йўқ, асло, бу сенинг орзуинг, ярим йўлда қолма» деганди.
Кейин акамга қўнғироқ қилиб, Манчестер ҳақида айтдим. Яна йиғладим.
Бизнинг болаликдаги баҳсларимиз, тарихдаги энг кучли футболчи ким экани ҳақидаги, «Юнайтед» энди кимни сотиб олиши кераклиги ҳақидаги узоқ суҳбатларимиз... Менимча, у ҳам менга қўшилиб йиғлаётганди.
Албатта, отамга ҳам қўнғироқ қилдим. Мени шундай қилиб тарбиялаган, менинг орзуим сари етаклаган, оиламиз учун ҳаммасидан кечиб, чет элга пул топиш учун кетган отамга. Биласизми, у ҳам йиғлади.
Ҳеч қандай танқид бўлмади бу сафар. Бирор изоҳ ҳам қўшмади. Мен фақат унинг, ёнида турган онамнинг, синглимнинг йиғисини эшитдим. Кўз ёшларнинг ҳам овози бўлар экан.
Ана энди, «Юнайтед»да ўйнай бошлаганимда, отам мени сал аяй бошлади. Энди ўйинлардан сўнг, менга бир кун вақт беради, ана ундан кейин фикрларини ёзиб жўнатади. 24 соат хотиржамликка эга бўлдим ниҳоят. Танқидларни қабул қилиш, ўзимни айблашдан холи бўлган 24 соат...
Балки бир кун келиб, жаҳон чемпионатини ҳам ютсам, ниҳоят балки, отам янада юмшар, ўйинлардан кейин 48 соат вақт берар, икки кунлик хотиржамлик ҳам насиб қилар...
Гол урганда қулоғимга қўлимни қўйиш эсимдан чиқмаса, албатта...»
Бруну Фернандеш/ThePlayersTribune
Мавзуга оид
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
10:17 / 05.12.2024
Мбаппе яна уялтирди, «Ливерпул» қоқилди. Кун ўйинлари
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
15:52 / 21.11.2024