Аввал саёҳат, кейин сиёсат. Путин Сочида Лукашенко билан учрашув ўтказди
Россия президенти Владимир Путин Сочидаги сўлим қабулхонасида беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан кўришди. Галстукларсиз кечган учрашувда томонлар нималарни муҳокама қилгани кўпчилик учун тушунарли. Беларусдаги талатўплар тинчигач, президент Лукашенко минтақанинг энг таъсири катта сиёсатчиси билан илк марта учрашди.
«Узоқ давом этадиган учрашув бўлади»
Путин ва Лукашенко суҳбатининг асосий мавсузи Беларусдаги сайловдан кейин юзага келган тўполон бўлгани ҳақиқатга яқин. Тўғри, улар сентябрда ҳам учрашганди, лекин ундан кейин ҳам кўп ишлар бўлиб кетди. Экспертларнинг фикрича, Лукашенко тахтдан қулай деб турган вақтда Россиянинг сиёсий кўмагисиз «сувдан қуруқ чиқолмаган» бўларди.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу учрашувни анонслар экан, уни «узоқ давом этадиган учрашув» деб атаганди. Учрашувнинг ОАВ учун очиқ қисми ҳам галстукларсиз ўтди. Лукашенко Россияга иқтисодий ёрдам кўрсатгани учун раҳмат айтди. У Россиянинг «Спутник V» вакцинаси дунёдаги энг самарали вакцина эканига ҳам ишонч билдирди. Очиқ суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги автомобил қатновини тиклаш масаласи муҳокама қилинди. Россия ва Беларус автоқатновларни ёзда тиклашни режалаштирмоқда.
3 миллиард долларлик учрашув?
Песковнинг анонсидан кейин рус нашрларида Лукашенко Сочидаги учрашувга Путиндан 3 миллиард доллар сўраб бораётгани ҳақида ёза бошлашди. Беларус пандемия вақтида ҳам карантин эълон қилмади, заводлар ишлашда давом этди, ҳатто ниқоб тақиш мажбурий бўлмади ва иқтисоди бошқа давлатлар каби катта зарар кўрмади. Лекин 9 августда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин мамлакатда хаос бошланди. Бутун мамлакат бўйлаб одамлар кўчага чиқиб, Лукашенконинг кетишини талаб қилишди, кейинчалик заводларда иш ташлашлар бошланди, мамлакат жуда катта иқтисодий зарар кўрди. Шу боис Беларус собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг барқарор иқтисодга эга давлатлардан бири бўлса-да, қийин кунларни бошдан ўтказа бошлади. Бундай ҳолатда Лукашенко Путиндан иқтисодий кўмак сўраши кутилмаган ҳолат эмас. Беларус бу миш-мишларга жавоб беришга ҳам улгурди ва Россияга боришдан мақсад бу бўлмаганини айтди.
Олдинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонлар ўзаро интеграциялашув масаласида тез орада якуний қарорга келинишини айтганди. Шунингдек, Лукашенко хавфсизлик масаласида ҳам муҳокамалар ўтказилишини маълум қилди.
Беларус президенти Путиндан ёки Россиядан ҳеч нарса сўрамаслигини айтган бўлса-да, учрашувда чиндан молиявий масала кўтарилгани эҳтимоли юқори. Гап Россия 2011 йил АЭС қурилиши учун ажратган 10 миллиард доллар кредит ҳақида кетмоқда. Ўшанда ажратилган пулнинг 4,5 миллиард доллари ишлатилган ва қолгани иқтисод қилинган. Бу маълумотни Россия давлат думаси ҳам тасдиқлаган ва қолган пул Беларусдаги йирик давлат корхоналари, хусусан, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт секторидаги корхоналарни молиялаштиришга ишлатилиши белгиланган.
ОАВ Беларус иқтисодий жиҳатдан Россияга боғлиқ экани ҳақида ёзиши Лукашенконинг жаҳлини чиқаради ва шу сабаб бундай маълумотлар тарқатилмаслигини хоҳлайди. Шу тариқа, Лукашенко Сочида Путин билан пул масаласини гаплашгани ҳақиқатга яқин. Чунки Беларус бюджет дефицитини тўлдириши керак. Бунинг устига 2 миллиард доллар ташқи қарз тўланишини кутиб ётибди. Айни дамда Хитойдан қарз олишни кутмаса ҳам бўлади, чунки хитойликлар қарзни катта гаров эвазига беришади ва улар Беларусдаги нимагадир кўз тикиши қийин масала.
Россия билан интеграциялашув нима?
СССР тарқалиб кетганидан кейин Россия ва Беларус ўзаро иттифоқ тузиш борасида музокара ўтказиб келади. Бироқ ҳамон бу борада бир қарорга келинмаган. Кўпчилик бу иттифоқ Россия босими билан ва унинг фойдаси учун тузилишини айтади. Чунки иттифоқни ортга сураётган томон Беларус. Интеграциялашувдан кейин тузиладиган иттифоқ шунчаки тузилма эмас, бутун бошли давлат бўлади. Унинг ўз валютаси (катта эҳтимол билан Россия рубли), ўз кенгаши, вазирлар маҳкамаси ва ҳатто ўз суди бўлади. Бу иттифоққа бир вақтлар Молдова ҳам қўшилмоқчи бўлиб қолганди. Олдинроқ бундай истакни Югославия ва Сербия ҳам билдирган. Норасман олганда СССРнинг тикланишига тенглаштирилган бу иттифоқ бугун фақат Россия ва Беларус учунгина кун мавзусида турибди. Бироқ бугунга келиб ҳатто Лукашенко интеграция ҳақида ўйлайдиган вақт эмаслигини айтиб турибди.
Шу ўринда бир маълумот: Россия ва Беларус СССРдан чиқиб кетмаган икки давлат ҳисобланади. Россия табиийки 14та ўзига бўйсунувчи давлатни қўлдан чиқаргач, СССРнинг меросхўри сифатида қолганди. Беларус эса тарқалиб кетиши аниқ бўлган иттифоқни тарк этишга уринмаган ҳам. Шунчаки СССР тарқалиб кетгач, янги давлатга айланган. Ҳаттоки Беларусда мустақиллик куни сифатида СССРдан ажралиб чиққан кун эмас, иккинчи жаҳон уруши вақтида Минск озод қилинган 3 июлни нишонлашади.
Сочида томонлар яна интеграция масаласини кўтарган. Бу ҳақда Кремл расмий сайтида ёзилди. Чунки бу йўлда Россия жуда кўп иш қилди. Беларусга кўрсатилаётган доимий иқтисодий ёрдам ҳам бежиз эмас, айнан иттифоқ масаласини тезлатиш учун берилади. Айни масалада Россия учун Лукашенкони қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим, чунки вазиятга аралашилмаса, мухолиф номзодлар муваффақият қозониб, Беларус учун интеграциялашув манзили Европа томон бурилиши мумкин. Ҳозирча ҳеч қандай ҳудудий муаммоси бўлмаган Беларус эса бу ҳолатда Европа иттифоқига қўшилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу эса Россия бурнининг тагида яна бир НАТО давлати пайдо бўлади дегани. Шу сабаб ҳам Беларус Россия учун муҳим ҳисобланади.
Мурватларни қаттиқроқ бураш...
Лукашенко Путин билан бирга кейинги қадамларини муҳокама қилиб олган бўлиши ҳақиқатга яқин. У ўз мамлакатидаги талатўплардан кейин одамларга конституцион ислоҳот ваъда қилди. Номаълум муддатда ўтажак бу ислоҳот ҳақида ваъда очиқчасига вақтдан ютиш учун берилди. Сочида катта эҳтимол ҳукуматни мустаҳкамлаш учун мурватларни қандай қилиб бураш борасида тавсиялар берилган.
Путин гапни чўзмади
Учрашувнинг расман очиқ бўлган қисмида ёшларга хос женси ва кулранг пиджакда қатнашган Путин Россия Беларус учун асосий инвестор мамлакат эканини, бу борада мамлакатнинг улуши 50 фоизга тенг эканини айтди ва Лукашенкони музокаралардан аввал чанғи учишга таклиф этди-қўйди.
Яхши дам меҳнатга ҳамдам
Путиннинг таклифидан кейин икки президент Сочидаги чанғи комплексида саёҳат қилишди. Аввалига чанғи, кейин чанада учишди. Бу вақт давомида уларда гаплашиш имкони бўлмади, жуда кўп қўриқчиларнинг бирга учгани эса ТВдаги кадрларни бойитиб берди.
Дарвоқе, Лукашенко чанада учишдаги ўзига хос кичик пойгада Путинни ортда қолдирди ҳам. «Пойга»дан кейин томонлар озгина таом тортилган дастурхонда тамадди қилишди. Лукашенко одатдагидек Путинга Беларус қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан тайёрланган совға берди.
Шу тариқа, Путин ва Лукашенконинг учрашувларидан яна бири якунланди. Лукашенко ҳақидаги хабарларни биринчи бўлиб берувчи «Пул первого» телеграм каналининг ёзишича, томонлар табассум билан, яхши кайфиятда учрашувни якунлаган. «Путин меҳмонни кузатиб қўйди», деб ёзди канал Владимир Владимировичнинг шахсан ўзи Лукашенкони кузатишга чиққанига урғу бергандай. Бу учрашувда қандай мавзулар муҳокама қилинганини кейинроқ содир бўладиган воқеалар орқали тахмин қилиш мумкин. Ҳозирча бу оддий галстукларсиз учрашув бўлгани аниқ.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024