Спорт | 18:09 / 26.05.2021
13031
15 дақиқада ўқилади

Кун ўйини анонси: Сульшер Европа Лигаси «қироли»га қарши

Бугун, 26 май куни Польшанинг Гданск шаҳрида Европа Лигаси финал учрашуви бўлиб ўтади. Роппа-роса 22 йил олдин ЕЧЛ финалида ғалаба голини урган Оле Гуннар Сульшер энди мураббий сифатида илк совринини ютиши мумкин. Рақиб эса анойи эмас. Айниқса, ушбу турнир финалида бешинчи марта жамоасини олиб тушаётган Унаи Эмери...

Фото: Getty Images

Одатда Европа Лигаси қўшимча ёки юпатувчи мақомда бўлади, лекин бу сафар ундай эмас. «Манчестер Юнайтед» учун ҳам, «Вильярреал» учун ҳам совринни қўлга киритиш жуда катта воқеа сифатида қабул қилинади. Ҳар икки клубда ҳам бу учун ўзига яраша сабаблар бор.

«Манчестер Юнайтед» Сульшер қўл остида ўйнай бошлагандан бери йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Биринчи мавсумда АПЛда 6-ўрин, кейин 3-ўрин, ушбу мавсумда эса 2-ўрин қўлга киритилди. Кубок форматидаги турнирларда ҳам «МЮ» илк мавсумда Англия Кубоги ва ЕЧЛда чорак финалларда тўхтатилган бўлса, кейинги йили жамоа учта турнирда ярим финалгача етиб борди. Яримфинал анъанаси ушбу мавсумда ҳам давом этди ва жамоа Англия лигаси кубогининг шу босқичида «Манчестер Сити»га ютқазди. Ниҳоят, бешинчи уринишда Сульшер учун яримфинал тўсиғи забт этилди. Финалдаги ғалаба «Юнайтед»нинг Оле қўл остидаги илк совринига сабаб бўлади ва бу жамоанинг тўғри йўлдан кетаётганини исботлагандек бўлади гўё. Мағлубият эса, янги мавсум бошидан ўзига яраша салбий мерос қолдириши ва совринлар учун курашишда халақит бериши мумкин.

Умуман, «Манчестер Юнайтед» февралдан буён, Европа Лигасининг асосий фаворити сифатида баҳоланиб келаётганини ҳам эътиборга олсак, инглизларда босим бироз каттароқ эканини таъкидлаш керак.

«Вильярреал»да эса, тўғри, босим камроқ бўлиши, еврокубок финали ҳам яхшигина натижа сифатида баҳоланиши мумкиндек, аммо бир қанча сабаблар, бу жамоанинг ҳам фақат ғалаба учун тушиши кераклигини кўрсатади. Биринчидан, жамоа 98 йиллик тарихи мобайнида бирорта ҳам соврин юта олмаган. Агар ҳозир йўқ бўлиб кетган Интертото кубогини (2003, 2004) ҳисобга олмасак, албатта. Бугунги финал «Вильярреал» учун тарихдаги илк катта финалдир. Иккинчидан, клуб ўтган йилги 5-ўриндан сўнг, ёзда трансфер бозорида жуда фаол бўлди, тажрибали Унаи Эмери олиб келинди, Капу, Коклен, Парехо, Фойт, Рульи, Кубо каби футболчилар таркибга қўшилди. Табиийки, мақсад кучли тўртликка кириш, яъни Чемпионлар Лигаси йўлланмасини олиш бўлган. Лекин жамоа Ла Лигада керакли ўринни қўлга кирита олмади, аммо ЕЧЛга чиқиш имконияти сақланиб турибди. «Юнайтед»дан фарқли равишда, ушбу финал «Вильярреал» учун ЕЧЛга чиқиш ўйини ҳамдир. Акс ҳолда, испанлар янги ташкил этилган Конференциялар кубогида тўп сурадилар – бу 7-ўрин учун мукофот эмас, аксинча, кейинги мавсумда оёққа кишан бўладиган турнирга ўхшаб турибди. Ва албатта, Унаи Эмери факторини ҳам унутмаслик керак. Ушбу мураббий Европа Лигасининг «қироли» саналади. У «Севилья» билан қаторасига уч марта ушбу совринни қўлга киритган. «Арсенал» билан уриниши эса финалда «Челси»дан мағлубият билан тугаган.

Тактика

«Вильярреал» икки ўхшаш ҳужумчи ва вингерлар билан стандарт 4-4-2 схемасида ҳаракат қилади. «Юнайтед» эса сўнгги ўйинлардан келиб чиқсак, дастлабки кўринишда 4-3-3, аммо чап қанотдаги Погбанинг марказга яқинроқ тўп суриши, Гринвуд (ёки Рэшфорд) баъзи пайтларда иккинчи ҳужумчига айланишини эътиборга олсак, кўпроқ 4-2-2-2 га яқин. Сульшер Погба ва Фернандешни бир таркибга сиғдириш, шунингдек, Мактомини-Фред тандемини бузмаслик учун айнан шу схемани ўйлаб топди, дейиш мумкин.

«Вильярреал» рақибнинг тезкор қарши ҳужумларида муаммоларга дуч келиши мумкин. Зеро, Марио Гаспар 30 ёшда, Рауль Албиоль 35 ёшда. Бу ҳимоячиларга қарши Рэшфорд, Гринвуд ёки Бруно каби футболчилар катта муаммо туғдириши аниқ. Шунингдек, испанларнинг марказий ярим ҳимоясида ҳам шу муаммо бор – Парехо ва Капунинг иккиси ҳам 32 ёшда ва у қадар тезкор эмас.

«Юнайтед» рақибдан қатъи назар, стандарт вазиятлардан жабр кўришини тахмин қилиш учун ортиқча таҳлил ҳам шарт эмас. Жамоа АПЛда етакчи клублар ичида стандарт вазиятлардан энг кўп гол ўтказиб юборган. Магуайрнинг йўқлиги ушбу муаммони янада жиддийлаштириб юборади.

Услуб жиҳатидан  эса «МЮ» испан жамоаларига қарши, айниқса қарши ҳужумларда анча самарали ўйнаяпти. ЕЛнинг ушбу мавсумида Сульшер шогирдлари «Сосьедад» ва «Гранада»га қарши ҳам майдонга тушишди ва 4 ўйинда 7 гол уриб, бирорта ҳам тўп ўтказиб юборишмади. Уч ғалаба ва икки дуранг.

Агар ўйин темпи ўртача ва пастроқ ўтадиган бўлса, тўпни назорат қилиш ва зич ҳимояланишда устунроқ бўлган испанлар устунликни қўлга олишлари турган гап. «МЮ» агар яхши натижага эришмоқчи бўлса, имкон қадар вертикал ва тезкор ҳаракат қилиши талаб этилади.

Ўзаро ўйинлар

«Вильярреал» Европа майдонларида доимий тўп сурмайди, бу шубҳасиз. Аммо «МЮ» билан ўзаро ўйинларда қизиқ ҳолат – барча 4 ўйинда ҳисоб очилмаган. Чемпионлар Лигасининг 2005/06 ва 2008/09 йилги мавсуми гуруҳ ўйинларида бу жамоалар тўқнаш келишган. Эсланган биринчи мавсумда «Вильярреал» яримфиналгача бориб, «Арсенал»дан драматик мағлубиятга учраган бўлса, иккинчисида «Манчестер Юнайтед» «Барселона» билан финалда ўйнаган.

Жамоаларнинг бугунги ҳолати ва сўнгги ўйинларидан келиб чиқсак, ниҳоят, бу рақиблар ўртасидаги баҳсларда ҳисоб очилишини кутса бўлади. «Вильярреал» охирги 4 ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти, «Юнайтед»да эса, бундай серия 7 ўйиндан иборат.

Мураббийлар

Тажриба борасида, албатта, испаниялик мутахассис устунликка эга, аммо Сульшер ҳам сўнгги йилларда анча ўсганини эътироф этиш керак. Эмери ва Сульшер дуэли АПЛда ҳам бир неча ўйинларда кузатилган. Дастлаб, «МЮ»даги илк кунларида норвегиялик мураббий Англия Кубоги баҳсида Эмерининг «Арсенал»ини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, уч ой ўтиб Эмери қасдини олган. Сульшернинг мағлубиятсиз юришини айнан «Арсенал» 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан тўхтатганди. 2019/2020 йиллар мавсумидаги «Олд Траффорд»да кечган АПЛ ўйинида эса кучлар тенг келган – 1:1.

Унаи Эмери:

«Биз етиб келган ушбу нуқтамиздан фахрланамиз ва сўнгги қадамни қўйиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Лекин ҳар қандай натижага қарамай, бу лойиҳа, кучли жамоа қуриш ҳаракатларимиз давом этади. Европа Лигаси сўнгги йилларда жуда кучайди ва бир қатор топ-клублар ҳам ғалаба қозонишни орзу қилишмоқда. Агар «Юнайтед»га қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатиб, даражамизни намойиш қила олсак, ғалаба қозониш учун имконият бўлади».

Оле Гуннар Сульшер:

«Биз ўйинга одатдагидек тайёргарлик кўрамиз, лекин шогирдларимга қўшимча босим юклашимиз табиий. Ахир «Манчестер Юнайтед» сафида тўп суришнинг ўзи катта босим, ҳар бир ўйинда ютиш учун ҳаракат қилиш шарт. Биз албатта, ғалаба учун майдонга тушамиз, лекин Эмери ҳам шундай ўйлаётган бўлса керак. Демак имкониятлар тенг. Майдонда ҳар нарсага тайёр туришимиз лозим. Умуман, бутун мавсум ҳақида хулосаларни ушбу ўйин тугагандан сўнг берган бўлардим. Фақат ғалаба қозонган тақдиримиздагина уйга хурсанд қайтамиз».

Таркиблар

Таркиблар борасида «Юнайтед» учун энг муҳим савол – Ҳарри Магуайрнинг учрашувга қай даражада тайёр бўлиши эди. Сульшер сардорнинг таркибга қайтишидан умидвор эканини яширмаётганди, зеро Ҳаррининг йўқлиги сўнгги ўйинларда муаммоларни келтириб чиқарди. Магуайрнинг жароҳатидан сўнг ўтказилган 4 ўйинда манчестерликлар ўз дарвозаларидан 8 марта тўп олиб чиқишди. Магуайр нафақат ҳимояда ва юқори қаватдаги курашларда, балки, «билд-ап», яъни, тўпни назорат қилиб, ҳужумни бошлашда ҳам ўрни беқиёс эди. «Юнайтед»нинг кечаги машғулотларида Ҳарри таркибга киритилган бўлса-да, умумий гуруҳда шуғуллана олмади. Бу эса унинг ўйинга тайёр эмаслигини англатади. Бундан ташқари, «Юнайтед» таркибида яна бир қатор интригалар бор: дарвозани ким қўриқлайди, марказда Линделофга шерик ким ёки ўнг қанот ҳужумида ким тўп суради?

Ўтган йили кубок ўйинларида Ромерога ишонч билдирган Сульшер яримфиналга келиб Де Хеани дарвозага қўйган ва панд еганди. Бу сафар мураббий ундай қилмаса керак ва катта эҳтимол, олдинги босқичларда майдонга тушган Де Хеа асосий таркибдан жой эгаллайди. Ҳимоя марказида Байи варианти устунроқ кўринганди, лекин маълумотларга қараганда, у машғулотлар чоғида яна кичик жароҳат олган. Агар бу хабар рост бўлса, Сульшерда Туанзебедан бошқа вариант қолмайди. Ўнг қанотда, албатта, Маркус Рэшфорд, жамоа етакчиси, лекин бу позиция Рэшфорд учун у қадар қулай эмас, чапда эса, Погба ҳаракат қиляпти. Бунинг устига, Гринвуд сўнгги пайтларда анча яхши спорт формасига кириб олган. Бу саволга ўйиндан бир соат олдин жавоб олсак керак.

Испанларда эса «Арсенал»га қарши ўйинларда Фойт ва Чуквезе сафдан чиқишган ва улар бу ўйинга тайёр бўлиши эҳтимоли йўқ. Фойт ўрнини Гаспар эгаллаб улгурди, зеро олдин ҳам бу футболчилар навбати билан майдонга тушиб келишарди. Чуквезе ўрнида эса, аслида кўпроқ чап қанот вингери бўлган Мои Гомес ўйнаб келмоқда. Агар Эмери «Юнайтед» учун алоҳида сюрприз тайёрламаган бўлса, катта эҳтимол билан қуйидаги тахминий таркиб илк дақиқалардан майдонга тушса керак.

Аслида, Эмеридан якшанба куни «Реал»га қарши ўйинда бошқачароқ стратегия кутилганди. Кўпчилик мураббий шу ўйинда етакчи футболчиларга дам беришини ва финалга тайёргарлик кўришини кутишганди. Аммо «Вильярреал» мадридликларга қарши ўйинда ҳам одатий, кучли таркиб билан майдонга тушди ва ўйин охирларигача ҳисобда олдинда борди ҳам. АПЛ сўнгги турида буткул захира футболчиларидан фойдаланган «Юнайтед» жисмоний ҳолатдан устунроқ бўлишини кутиш мумкин. Бошқа тарафдан, балким, Эмери «Реал»га қарши ўйинда айнан финал учун тактикани синаб кўрган бўлса ажаб эмас. Синов деярли муваффақиятли кечди.

Тахминий таркиблар

ВИЛЬРРЕАЛ: Рульи, Гаспар, Торрес, Албиол, Педраса, Коклен, Парехо, Тригерос, Сантос, Бакка, Морено;

МЮ: Де Хеа, Ван Биссака, Шоу, Линделоф, Туанзебе, Фред, Мактомини, Фернандеш, Погба, Гринвуд, Кавани.

Эътибор бериш керак

Агар истиқбол ва салоҳият билан қўшиб ҳисобласак, испанлар таркибида энг эътиборли футболчи – Пау Торресдир. 23 ёшли марказий ҳимоячи клуб тарбияланувчиси ҳисобланади ва бу мавсумни жуда юқори даражада ўтказди. Футболчига бир қатор Европа грандлари қизиқишмоқда ва бу клублар ичида «Манчестер Юнайтед» фаворитлардан бири ҳисобланади. Айниқса, «Вильярреал»нинг финалга чиқиши аниқ бўлган куннинг эртасига, ушбу қизиқишнинг кучайгани ва футболчининг агенти билан музокара бошлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Буни ҳатто финал олдидан футболчининг диққатини бўлиш деб ҳам баҳолаганлар бўлди. Мабодо бу трансфер амалга ошадиган бўлса, «Юнайтед» ҳимоя марказида баъзи ўйинларда «вильярреалча тандем» ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Маълумки, ҳозирда «Юнайтед» билан шартномасини узайтирган Эрик Байи ҳам 2016 йилда айнан «Вильярреал»дан сотиб олинганди.

«Вильярреал» таркибида энг хавфли футболчи эса, ушбу мавсумни ажойиб ўтказган ҳужумчи – Жерар Моренодир. 29 ёшли футболчи Ла Лигада 23 гол урди ва тўпурарлар пойгасида Карим Бензема билан иккинчи ўринни бўлишиб олди. Испанияда энг кўп гол урадиган испан футболчиларига топшириладиган Сарра соврини ҳам қаторасига иккинчи марта Моренога насиб этди. Ҳужумчи ўтган мавсумда 18 гол уришга муваффақ бўлганди. Жерар Морено Евро2020 чемпионатига борадиган Испания терма жамоаси таркибига киритилган. Агар «Вильярреал» учун ўйин муваффақиятли кечадиган бўлса, асосий қаҳрамонлардан бири айнан Морено бўлиши шубҳасиз.

Инглизлар таркибида эса Эдисон Каванини алоҳида қайд этиш зарур. Уругвайлик тажрибали ҳужумчи ўз вақтида Парижда, уч йил давомида айнан Унаи Эмери қўл остида тўп сурган. 34 ёшли футболчини «Юнайтед» захира вариант сифатида сотиб олган бўлса-да, унинг тажрибаси айнан алоҳида ўйинларда қўл келиши мумкин. Бунинг устига, дисквалификация ва жароҳатлар туфайли қишда кам майдонга тушган Кавани айнан баҳорга келиб, юқори спорт формасига кирди. Унинг «Рома»га қарши яримфинал ўйинларининг ҳар бирида дубль қайд этгани ҳам кўп нарсадан далолат қилиб турибди. Бу финал уругвайлик футболчининг фаолиятидаги илк еврофинал бўлади.

«Юнайтед» ушбу трансферга ўхшаш харидни беш йил олдин ҳам амалга оширган, Златан Ибраҳимович Манчестерга келиб, Европа Лигасида ғалаба қозонганди. Қизиғи, бу соврин Златан учун ҳам ягона еврокубок бўлиб қолди.

«Манчестер Юнайтед» атиги тўрт йил олдин Европа Лигасида ғолиб чиққан бўлса-да, асосий таркиб бутунлай янгиланиб кетган. «Аякс»га қарши финалда майдонга тушган асосий таркибдан фақат Рэшфорд ва Погба бугун ҳам асосийда ҳаракат қилиши мумкин, холос. Шунингдек, Мата, Жонс, Де Хеа ва Шоу тўрт йил олдин ҳам жамоа сафида бўлишган. 

Мавзуга оид