Жамият | 15:59 / 11.10.2021
5466
5 дақиқада ўқилади

“Етказилган зарарни қоплашда “ифлослантирувчи тўлайди” тамойили тарафдоримиз” – Нарзулло Обломуродов

Фото: Экопартия матбуот хизмати

11 октябрь куни Ўзбекистон президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув ўтказди. Партия матбуот хизмати номзоднинг сайловолди учрашувида эътибор қаратган масалаларни маълум қилди.

Табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилади

Учрашув давомида Нарзулло Обломуродов Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи сайловчиларни ўз дастури билан таништирар экан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш тарафдори эканини таъкидлади.

“Партиямиз табиатни асраб-авайлаш, мамлакатдаги дарахтлар ва сув ҳавзаларини, табиий ёдгорликларни салбий антропоген таъсирдан ҳимоя қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари илгари сурилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, етказилган зарарни қоплашда “ифлослантирувчи тўлайди” тамойили тарафдоримиз”, деб айтган Обломуродов сайловчилар билан учрашув чоғида.

Оролқум Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё ҳудуди атмосферасига салбий таъсир кўрсатмоқда”

Президентликка номзод ўз чиқишида Оролбўйи минтақасининг экологик муаммолари масаласига атрофлича тўхталиб ўтди.

“Орол денгизининг қуриши оқибатида пайдо бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Оролқум саҳроси Оролбўйи ҳудуди ва бутун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё ҳудудининг атмосферасига ўта қаттиқ таъсир кўрсатаётгани барчамизга маълум. Маълумотларга кўра, Оролқумдан зарарли кимёвий унсурлар, туз ва тупроқ заррачаларидан иборат чанг ҳавога кўтарилиб, шамол билан бутун дунёга тарқалмоқда.

Охирги йилларда Оролбўйи минтақасида илк бор пайдо бўлган “туз ёмғирлар” айнан шу муаммонинг ўта долзарблигини яна бир бор кўрсатди.

Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларининг экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади”, – дея таъкидлаган Нарзулло Обломуродов.

Санитар-эпидемиологик мониторинг тизими ривожлантирилади

Обломуродов қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда Оролбўйи ва бошқа экологик номақбул ҳудудларда экологик ҳолатни тубдан яхшилаш бўйича санитар-эпидемиологик мониторинг тизимини ривожлантиришни мақсад қилганини маълум қилди.

“Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, оммавий спорт ва жисмоний тарбия ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳаракатсиз турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтириш устувор йўналишимиз ҳисобланади.

Оролбўйи ва бошқа экологик номақбул ҳудудларда экологик ҳолатни тубдан яхшилаш бўйича санитар-эпидемиологик мониторинг тизими ривожлантирилади”, дейди Нарзулло Обломуродов.

“Экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас”

Экопартиядан Ўзбекистон президентлигига номзод республикада углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас деб ҳисоблайди.

“Хабарингиз бор, жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ишларини аллақачон бошлаб юборган. Чунки дунёнинг бугунги қиёфаси, тиклаб бўлмас экологик фалокатлар ва атроф-муҳитга етказилаётган улкан зарарлар мана шуни тақозо этади. Ўзбекистон 2019 йилда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси”ни қабул қилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас. Шунинг учун ҳам “яшил тараққиёт” сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини иқтисодиётнинг барча соҳаларига жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари ҳамда фаровон жамият барпо этиш энг катта мақсадларимиздан биридир. Қорақалпоғистонлик ва мўйноқлик ёшлар бу улкан вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишига, бизга кўмакчи бўлишига умид қиламиз”, дея Обломуродовдан иқтибос келтирмоқда Экопартия матбуот хизмати.

Нарзулло Обломуродовнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Мавзуга оид