Ўзбекистон | 16:53 / 07.01.2022
41826
4 дақиқада ўқилади

«Бизга ҳеч қандай ҳужжат келмаган» – ЙҲХБда автомобил сотиб олганлик учун йиғим талаб этилиши давом этмоқда

2022 йилги бюджет қонуни кучга кирганига қарамай, автомобил сотиб олганлик учун ҳамон фуқаролардан йиғим тўлаш талаб этилаётгани маълум бўлди.

Фотоколлаж: Kun.uz

2022 йил 1 январдан кучга кирган «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уловнинг ишлаб чиқарилган йили ва от кучига қараб ундириладиган йиғим назарда тутилмади. Бу 2022 йил 1 январдан ЙҲХБда бундай йиғим ундирилмаслигини англатади.

Бироқ Kun.uz таҳририятига келаётган мурожаатлардан маълум бўлишича, ЙҲХБда автомобил эгаларидан йиғим тўлаш талаб қилинмоқда.

Хусусан, мурожаатчилардан бири 28 декабрь куни сотиб олган Lacetti русумли автомобилини рўйхатдан ўтказиш учун 5 январ куни Тошкент вилояти ЙҲХБнинг Зангиота туманидаги Рўйхатга олиш-имтиҳондан ўтказиш бўлимига боргани, бироқ у ерда ундан одатдагидек йиғим тўлаш талаб қилинганини айтди.

«У ерда Lacetti’нинг ишлаб чиқарилган йили ва от кучига қараб 3 млн 148 минг сўм йиғим тўлашим кераклигини айтишди. Ходимга янги қонунга биноан йиғим бекор қилинганини билдирдим. Лекин у тушунишни истамади. «Қайси қарор бўйича бекор бўлган? Бизга ҳеч қандай ҳужжат келмаган. Пулни тўлиқ тўлайсиз» деган важлар билдирилди», дейди мурожаатчи.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати вакили Азизхон Муродов ҳолат юзасидан берган изоҳида Рўйхатга олиш-имтиҳондан ўтказиш бўлимларида шунга ўхшаш ҳолатлар бўлаётгани, ҳали ушбу бўлимларга йиғим ундириш-ундирмаслик бўйича аниқ топшириқ берилмагани, бюджет тўғрисидаги қонунни ижрога қаратиш бўйича 1-2 кун ичида жамоатчиликка аниқ маълумот берилишини билдирди.

Масала бевосита давлат бюджетига алоқадор бўлгани учун Kun.uz Молия вазирлиги билан ҳам боғланди. Вазирлик ахборот хизмати таҳририятга маълум қилишича, бунда автомобилни харид қилиш санасига эътибор берилади. Яъни автомобил 2022 йил 1 январда ёки ундан кейин харид қилинган бўлса, йиғим ундирилмайди. Автомобил 2021 йилда харид қилинган бўлса, янги қонун бундай автомобилларга татбиқ қилинмайди.

Маълумот учун, янги ёки иккиламчи бозордан автомобил сотиб олинганда автомобил ДЙҲХХ органлари томонидан 10 кун ичида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

  • Аввалроқ, Kun.uz сайтида одамларни кўпдан бери қийнаётган масала — эски автомашиналарни расмийлаштиришдаги божлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги, иккиламчи бозордаги автомобилни харидор номига расмийлаштириш ҳаддан зиёд қимматлиги, шунингдек, яширин харид сифатида нотариал тасдиқланадиган ва нисбатан арзонроқ бош ишончнома келтириб чиқараётган хатарлар ҳақида мақолалар эълон қилинган эди.
  • Мазкур мақолаларга асосан депутат Дониёр Ғаниев иккиламчи бозордан харид қилинган автотранспортни расмийлаштиришдаги тўловлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги бўйича молия вазирига сўров юборганини ва 2022 йилги давлат бюджети муҳокамасида бу масалани кўтариб чиқишини маълум қилганди.
  • Кейинроқ, депутат ўз сўровига жавоб олганини, унда сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқаролардан ундириладиган йиғимни бекор қилиш, шунингдек нотариал идорада ундириладиган давлат божини пасайтириш назарда тутилаётгани маълум қилинганини билдирганди.

Мавзуга оид