Денгиз бўйидаги осуда ҳаёт – мўъжаз Карамурсел манзаралари
Туркияда бўлиб қайтган Kun.uz мухбири Истанбулдан 2 соатлик масофадаги кичик шаҳарча – Карамурселда бўлиб, ҳамма сайёҳлар ҳам боравермайдиган, тароватли, озода, шинам ва ям-яшил гўшадан фотожамланма тайёрлади.
Туркия – сеҳрли диёр. Аслида кўпинча Америкага нисбатан ишлатиб келинган бу иборани эндиликда Туркияга нисбатан қўлласа ҳам бўлади, бизнингча. Ахир минглаб юртдошларимиз учун ишлаш, яшаш, ўқиш ва саёҳат қилиш мамлакати бу. Бежизга кўпчилик ўзбеклар турк диёрига ошиқмаслигини у ерда ақалли бир марта бўлган одам ҳис қилади, тан олади.
Истанбул, Измир, Анталья, Аланья, Мерсин, Даламан, Эрзурум, Трабзон, Бодрум, Каппадокия ва яна кўплаб гўзал шаҳарлари бор бу ўлканинг биз учун очилмаган қирралари жуда кўп.
Асосий туристларимиз ўзлари учун Истанбул ёки Антальяни танлашади, бироқ юқорида санаб ўтганимиз шаҳарлардан ташқари яна қанча эртакнамо гўшалари бор бу диёрнинг. Узоққа бормаймиз, Истанбулнинг ён атрофида кўплаб шаҳарчалар ва қишлоқлар борки, таровати ва шукуҳидан мазза қиласиз.
Kun.uz мухбири “Туркия? Ҳа-а, Истанбулми?” деб фикрлайдиган юртдошларимизда ўрнашиб қолган ёрлиқдан қочиш мақсадида мегаполисдан бироз ташқарига чиқишга қарор қилди. Бу қарори уни Истанбулдан 1,5–2,5 соатлик масофадаги Измит кўрфази атрофидаги шаҳарча ва Belediye'лар (туманлар) томон бошлади.
Шаҳарлараро автобусда 2 соатлик, паромда эса 45 дақиқалик масофада гўзал Карамурсел шаҳарчаси бор. Ялова ва Измит шаҳарчалари ўртасида жойлашган бу маконни кўпчилик билмаса керак. Сўнгги йилларда сайёҳлар, у ҳам бўлса, хорижлик сайёҳлар ўзлари учун кашф қилган бу мўъжаз – аҳолиси 60 мингдан сал зиёд бўлган шаҳарча дам олиш, балиқ овлаш, чўмилиш ва шунчаки тоза ҳаводан нафас олиб, кўпгина мегаполислар шовқинидан “детокс” қилиш учун ажойиб маскан.
Карамурселликлар истанбулликлардан, айниқса, мегаполис Истанбулнинг Европа томонидаги аҳолидан фарқли равишда анчайин содда, самимий, очиқ ва хушмуомала эканини эътироф этиш керак.
Шаҳарча ҳам худди ундаги одамлар каби ҳашамдан узоқ, тартибли, кўркам, шинам ва содда. Йўллар равон, кўчалар тартибли, қирғоқлар озода.
Тош ётқизилган йўлкалар, кичик дўкончалар ва хизмат кўрсатиш нуқталари, мўъжаз бозорча ва яшил табиат уйғунлигини ҳис қиласиз бу ерда.
Минг марта гапиргандан, бир марта кўрган афзал. Қуйидаги фотомақола сизни Карамурсель сайрига чорлайди.
Бобур Акмалов
Мавзуга оид
21:04 / 22.12.2024
Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди
11:37 / 22.12.2024
Ўғриликда айбланиб 4 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:42 / 20.12.2024