Фан-техника | 15:39 / 06.04.2023
76180
4 дақиқада ўқилади

Cherokee’дан Camry’гача – истеъфога чиқиши кутилаётган “темир тулпорлар”

Автосаноат дунёсидаги исталган моделнинг тарихи қачондир барибир ўз ниҳоясига етади. Бунинг сабаблари эса турлича бўлиши мумкин: масалан, талабнинг камайиб кетиши, ўрнатилган экологик талабларга жавоб беролмай қолиши ва ҳоказолар. Қуйида тез орада конвейердан олиниши кутилаётган автомобиллар ҳақида ҳикоя қилинади.

Jeep Cherokee

Мазкур модел йиғиладиган завод айни дамда фаолиятини тўхтатиб турибди. Бироқ компания 1974 йилда дунё юзини кўрган ушбу модел номидан воз кечмоқчи эмас. Ишлаб чиқарувчининг Cherokee борасида режалари борлиги айтилмоқда, бироқ у ҳали оммага ошкор қилингани йўқ.

Бутловчи қисмларнинг етишмаслиги ортидан машинага бўлган талаб камайди, оқибатда уни йиғиш тўхтатилди. 2022 йилда Cherokee савдоси 60 фоиздан кўпроққа тушиб кетди. Шу билан бирга Jeep брендига эгалик қиладиган Stellantis компанияси эндиликда эътиборни электромобилларга қаратишни режалаштираётгани ортидан Cherokee’нинг тақдири сўроқ остида қолиб турибди.

Rolls-Royce Wraith

Ишлаб чиқарувчи купе синфидаги Rolls-Royce Wraith ҳамда кабриолет Rolls-Royce Dawn’дан воз кечади. Улар билан бирга V12 двигатели ҳам тарихга айланади. Компаниянинг келажакдаги барча режалари электромобиллар билан боғлиқ бўлади. Шу билан бирга ишлаб чиқарувчи афсонавий Wraith билан икки эшикли Black Arrow Collection версиясини чиқариш билан хайрлашишга қарор қилган.

У атиги 12 дона ишлаб чиқарилади ва ҳатто нархи эълон қилинмасидан сотиб бўлинган. Хайрлашув модели фақат кузовнинг ўзига хос ранги ва интерьернинг ўзгача безатилиши билан ёдда қолади, чунки двигателда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Унга одатга кўра 6,6 литр ҳажмга эга 632 от кучини берадиган турбодвигател ўрнатилган.

Skoda Fabia, Kamiq ва Scala

Евроиттифоқ Евро-7 стандартини қабул қиладиган бўлса, Чехиянинг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси Skoda заводларидан бирини ёпишига ва бирданига 3 моделини ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлади.

Бюджет моделларини янги талабларга мослаштириш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Айрим ишлаб чиқарувчилар фикрига кўра, улар учун қилинадиган харажатлар ҳатто Европада ички ёнув двигателли автомобиллар буткул тақиқланадиган 2035 йилгача ҳам ўзини ўзи қопламайди.

Dodge Challenger

Dodge’нинг седан синфига мансуб Charger ва купе Challenger’идан воз кечилади. Моделнинг сўнгги модификацияси Challenger SRT Demon 170 дрэг пойгалар учун мўлжалланганига қарамай оддий йўлда ҳаракатланиш учун ҳам тақдим этилган.

6,3 литр ҳажмли V8 двигатели 1025 от кучига эга бўлган. Двигател 8 поғонали автомат узатма қутиси билан бирга ишлайди. Унинг тиражи 3300 та бўлиб, шундан 3000 таси Америка, 300 таси эса Канада бозори учун мўлжалланган.

Toyota Camry 

Япон ишлаб чиқарувчиси ўзининг таниқли седанини сотувдан олади, фақат ҳозирча маҳаллий бозордан. Cаmry модели 43 йил аввал бозор юзини кўрган, бутун дунё бўйлаб 21 миллион нусхада сотилган. Шундан 1,3 миллиони Япония бозорига тўғри келса-да, талаб доимий равишда пасайиб бормоқда.

2022 йилда ишлаб чиқарилган 600 минг автомобилдан атиги 6 мингтаси маҳаллий бозорда сотилган холос. Camry дунёнинг 100 дан ортиқ бозорида қолиши кутилмоқда. Моделга қизиқишнинг тушиб кетишига сабаб сифатида кроссоверларнинг оммалашиб бораётгани кўрсатилмоқда.

Мавзуга оид