Суюлтирилган газ харидини кўпайтираётган Европа: бу қимматга тушмайдими?
Россиядан газ қувурлари орқали табиий газ сотиб олиб келган Европа давлатлари унинг эвазига асосан Америкадан суюлтирилган табиий газ харид қилишни йўлга қўйган. Бу қимматга тушадими ёки арзонга? Умуман, бу икки газнинг қандай фарқи бор?
Ўзи нима бўлди?
2023 йил май ойида Европа ўз тарихида илк бор қувур орқали келадиган табиий газдан кўра, (СТГ — бизда пропан гази номи билан машҳур — таҳр.) суюлтирилган табиий газни кўпроқ импорт қилди — 13,9 млрд метр куб. Табиий газ 13,7 млрд метр куб импорт қилинган. Бу воқеадан беш йил аввал «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер АҚШдан келтириладиган СТГ ҳеч қачон Европага қувурлар орқали етказиладиган Россия гази билан рақобат қилолмаслигини прогноз қилган эди.
«Медуза» нашри Россия гази томонидан тўлиқ эгалланган бозордаги ўринни СТГ қандай олиб қўйгани ва Европа бозоридаги етакчилик нечоғлик узоққа бориши мумкинлигини ўрганди.
СТГ нима? У оддий газдан нимаси билан фарқланади?
Суюлтирилган табиий газ — аслида бу ҳаммага таниш табиий газнинг ўзи, фақат у Целсий бўйича минус 162 даражада суюқ ҳолатга келтирилган. СТГда ҳид ва ранг бўлмайди, у қайнаётган сув шаклида бўлди. Суюлтириш жараёнида газнинг ҳажми 600 баробарга камаяди ва уни махсус контейнерларга жойлаб, кемаларга ортиш ва денгиз орқали у учун яхши пул тўлайдиган жойларга жўнатиш мумкин. Қабул қилаётган томон СТГни газ кўринишига қайтаради ва қувурлар орқали якуний истеъмолчига етказади.
Газни суюлтирилган ҳолатга келтириш учун махсус СТГ-завод қуриш керак. Бундай заводлар одатда соҳил бўйида, газ конларидан узоқда жойлашади. Қоида тариқасида, бундай заводлар газни суюқ ҳолатга келтирадиган бир нечта модуллардан иборат бўлади ва «технологик линиялар» деб аталади. Бундай заводлар энди-энди пайдо бўлган чоғларда, битта линия йилига 2 миллион тоннагача СТГ ишлаб чиқара олган. Ҳозир Қатардаги ҳар бир линияларнинг қуввати йилига 8 миллион тоннагача етади.
СТГни қандай ва қаерга ташишади?
Жаҳон бўйлаб СТГ ҳажмларининг катта қисми денгиз орқали махсус жиҳозланган танкерлар билан ташилади, уни юк машиналари ёки вагонлар воситасида қуруқлик орқали ташиш имкони ҳам бор. СТГ ташувчи танкерлар сони ҳозир дунё бўйлаб 500 дан ошади (таққослаш учун: нефт ташувчи танкерлар сони 12 мингдан зиёд). Битта танкер ясаш учун 20 ойдан 36 ойгача вақт кетади ва уларнинг нархи сиғимига қараб 185–250 млн доллар туради.
СТГни кимлар сотади ва харид қилади?
Жаҳон бўйлаб энг йирик СТГ етказиб берувчилар АҚШ ва Қатар бўлди — бу икки мамлакатнинг ҳар бири 80 млн тоннадан зиёд суюлтирилган газ экспорт қилган. АҚШ экспортни фақат 2016 йилда, Луизианада Sabine-Pass терминалини қуриб, илк партияни жўнатганидан сўнг бошлаган. АҚШ олти йил ичида СТГ импортчисидан экспортчисига айланган. Россия ва Австралия ҳам бу бозордаги йирик ўйинчилар ҳисобланади: 2023 йилнинг биринчи ярмида СТГ бозорида Россиянинг улуши 8 фоизга баҳоланган.
СТГ етказиб бериладиган бозорлар одатга кўра узун соҳил чегарасига эга бўлган Осиё давлатларидир. Улар сирасига Япония, Жанубий Корея, Тайван, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш каби давлатлар киради. Сўнгги йилларда Хитой ҳам импортни ўстириб бораётган эди, бироқ ковид карантини туфайли газ истеъмоли пасайгач, у 2022 йилда СТГ истеъмоли бўйича етакчиликни Японияга бўшатиб берди.
СТГ бозори шиддат билан ўсиб бормоқда: сўнгги 50 йил ичида ўсиш йилига ўртача 11 фоизни ташкил этмоқда: 1971 йилдаги 2,6 млн тонна 2022 йил якунларига кўра 397 млн тоннага етган.
Денгиз орқали ташиш қувур орқали етказишдан қимматга тушадими?
Бу саволга узил-кесил жавоб бериш мушкул — барчаси етказиб бериш бўйича муайян шартнома шартларига боғлиқ.
Аввалбошда СТГ қувур орқали етказиладиган газга рақобат қила олмаган, унинг муқобили ҳисобланган ва фақат қувур ўтмаган бозорлар томонидан импорт қилинган. Бироқ ишлаб чиқариш ва савдо ҳажмлари ортиши СТГ харидорлари учун шартларни анча эгилувчан қилиб қўйди, уни етказиб бериш тезлиги эса инфратузилма ривожланиши билан оша бошлади. Натижада, бугунги кунга келиб СТГнинг етарли ҳажмлари қувур орқали етказиладиган газ каби тезкор бозорларда тенг шароитларда рақобат қилмоқда, ҳаттоки қувур тизими ривожланган ҳудудларда ҳам.
Бугун қувур орқали етказиладиган газ каби СТГни ҳам икки йўл билан харид қилиш мумкин:
Узоқ муддатли шартнома имзолаш орқали: бунда нарх бир неча омиллар, масалан, нефт нархи ёки газ ҳабларидаги котировкаларга боғлиқ равишда ҳисоблаб чиқилади. СТГ ва қувур орқали етказиладиган газнинг рақобати бу сегментда жуда қатъий, чунки қувур орқали етказувчилар шунчаки гази яқин бўлгани учун қоида тариқасида харидорга афзал шароитлар тақдим эта олиши мумкин. Лекин бу ҳолатда ҳам кимлардир учун СТГ харид қилиш бўйича шартнома қувур орқали етказиладиган газдан афзалроқ бўлиши мумкин — барчаси етказиш шартларига боғлиқ.
СТГни тезкор бозорда харид қилиш: бунда унинг нархи газ ҳабидаги индексларга боғлиқ бўлади. Индекс муайян ҳабда, муайян кун учун спот (тезкор) битимларга асосланиб, газнинг ўртача нархини чиқаради. Европа учун бундай етакчи индекс Нидерландиянинг Title Transfer Facility (TTF), Осиё учун — Japan Korea Marker (JKM), АҚШ учун — Henry Hub ҳаблари орқали ҳисобланади.
Иккинчи ҳолатда қувур орқали етказиладиган газ ҳам, СТГ ҳам харидор учун бир хил нархда ҳисобланади, чунки у ҳабда аниқлаштириладиган индексга қараб ҳисобланади. Ўтган йили газ нархлари ўртача MMBTU (миллион Британия иссиқлик бирлиги — унинг минг куб метр газ учун нархини чиқариш учун 35,8 га кўпайтириш керак) ҳисобига TTF’да — 41 доллар (1000 метр куби учун — 1467 доллар), JKM’да — 34 доллар (1000 метр куби учун — 1217 доллар), Henry Hub’да — 7 доллар (1000 метр куби учун — 250 доллар) эди. Ҳозир хомашё нархи 3 баробарга тушиб кетган: газ TTF’да — 11,9 доллар (1000 метр куби учун — 426 доллар), JKM’да — 12 доллар (1000 метр куби учун — 429 доллар), Henry Hub’да — 2,6 доллар (1000 метр куби учун — 93 доллар)дан сотилмоқда.
Нега Европа кутилмаганда кўпроқ СТГ харид қилмоқда?
Қисқароқ қилиб айтганда, «Газпром» билан шартномалар бузилганидан сўнг.
СТГ учун энг афзал бозор доимо Жанубий Осиё давлатлари ҳисоблаб келинган: аҳоли сони ошиб, иқтисодиёт ўсиб борар экан, у ерда газ истеъмоли ҳам фаол равишда кенгая борди. Бир вақтнинг ўзида бошқа бир потенциал харидор — Европа Россиянинг қувур орқали етказиладиган арзон гази билан тўйинтириб ташланган эди. Европада СТГ бозори шунчаки мувозанатловчи ролида эди: осиёлик истеъмолчиларга керак бўлмаган ҳажмларни ўзига қабул қиларди. Ер қаъридан газ сўриб олишда давом этаётган «Газпром» тирик турган шароитда Европа СТГнинг йирик бозорига айланиши мумкин бўлган вазият ақл бовар қилмас саналарди.
Бироқ, 2022 йилда айнан шу нарса содир бўлди — Европага СТГ импорти аввалги йилга нисбатан 60 фоизга ўсди ва бу ҳажмнинг барчаси Россиянинг қувур орқали етказиладиган гази ўрнини қоплаш учун ишлатилди. 2022 йил мобайнида Россия ҳукумати Европа бозоридаги «Газпром» улушидан ўз ихтиёрлари билан воз кечди ва европалик истеъмолчиларни зудлик билан ўрнига бошқасини топишга мажбур қилди. СТГ улар учун ягона вариант бўлди. Уни нархига эътибор бермасдан харид қилишга тўғри келди: шундай вақтлар ҳам бўлдики, TTF’да унинг 1 MMBTUсига нархлар 95 долларга ҳам етди (1000 куб метрига — 3400 доллар). Уни суюқ ҳолатдан қайта газ ҳолатига ўтказиш учун инфратузилма йўқлиги ҳам тўсиқ бўла олмади: масалан, Германия бор-йўғи 6 ой ичида иккита СТГ қабул қилувчи терминал қуриб, фойдаланишга топшира олди.
Осиё-Тинч океани минтақасида эса 2022 йилда СТГ истеъмоли, аксинча, 7 фоизга пасайди: Халқаро энергетика агентлиги ўз ҳисоботида қайд этишича, бундай динамиканинг бош сабаби — газ нархлари ҳаддан зиёд кўтарилгани ва Хитойда чўзилиб кетган карантин бўлган.
Россия ишлаб чиқарган СТГ-чи? У ҳам Европада сотилмоқдами?
Европага СТГ импорти ўсиши асосан Америка гази ҳиссасига тўғри келди, 23 фоизи Қатар улушига, 12 фоизи эса... Россия ҳиссасига. Ҳозир Европада Россия СТГ улуши 13 фоизга етади, дея баҳоламоқда Европадаги йирик трейдинг компанияси таҳлилчиси.
2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Европа 12,5 млрд куб метрга тенг Россия газини СТГ шаклида қабул қилиб олган. Агар бу даража йилнинг иккинчи ярмида ҳам сақланиб қолса, етказиб бериш ҳажми 25 млрд куб метрни ташкил этади ва бу «Шимолий оқим»нинг омон қолган битта тармоғи ўтказадиган газ ҳажмига тенг.
Санкциялар-чи?
Россия томонидан ишлаб чиқарилган СТГни Европага етказиш (худди қувур орқали етказиладиган табиий газ каби) санкциялар остига тушмаган: хомашё импорти ЕИ иқтисодиёти учун критик даражада муҳим бўлиб қолмоқда. Бироқ европалик сиёсатчилар Россиядан ўз бозорларига етказилаётган суюлтирилган газни чеклаш йўлини ахтармоқда — масалан, россиялик етказиб берувчиларга Европа Иттифоқидаги СТГни суюқ ҳолатдан газ ҳолатига ўтказувчи терминалларда қувватни брон қилишни тақиқлаш йўли орқали. Яна бир усул — Европа компанияларига россиялик СТГ ишлаб чиқарувчиларидан узоқ муддатли шартномалар тузмасликни тавсия этиш. Нима бўлганда ҳам, ҳозирча бу борада муайян қарорлар қабул қилинмаган.
СТГ доим мана шундай машҳур бўладими?
Бу факт бўла олмайди. Яқин икки йил ичида Европанинг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжи ортиши СТГнинг мавжуд ҳажмлари учун Осиё билан рақобатга киришишни кучайтиради, дея прогноз қилишмоқда Shell таҳлилчилари. Бозорда қўшимча СТГ ҳажмлари 2025–2027 йилларда — Қатар ва АҚШ суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширганидан сўнггина пайдо бўлади.
Американинг энергетика иқтисодиёти институти таҳлилчилари ўз навбатида СТГга бўлган юқори ва ўсиб бораётган талаб ўрнини тез орада талабнинг ўта чекланган ўсиши эгаллашидан огоҳлантирмоқда. Бунга бир неча омиллар ишора қилмоқда:
- ЕИнинг 2030 йилга бориб энергетикада газдан фойдаланишни 40 фоизга қисқартириш режаси;
- Япония ва Кореяда атом энергетикаси ва тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилаётгани;
- Хитойнинг Россиядан қувур орқали етказиладиган табиий гази ўрнига мамлакат ичида қазиб олинаётган ўз газига ўтиши;
- Газ нархи ошиб бориши туфайли Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш томонидан харидлар қисқартирилиши.
СТГга бўлган талаб камайиши, Россия томонидан газ етказиб бериш тўхтатилганидан сўнг Европада шошилинч равишда қуриб ташланаётган қайта газга айлантириш қувватлари туриб қолишига олиб келиши мумкин. 2030 йилгача бундай қувватлар 400 млрд метр куб СТГни қайта ишлашга мўлжаллаб қурилиши мумкин, СТГга бўлган талаб эса 150 миллард метр куб бўлиши прогноз қилинмоқда. Натижада, терминалларга қайта ишлаш учун 250 млрд метр куб газ етишмай қолади.
Мавзуга оид
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
22:44 / 22.12.2024
ЕИ Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабат билан Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда
21:33 / 20.12.2024
Виктор Орбан Россияга қарши санкцияларни узайтиришдан олдин Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи
17:42 / 20.12.2024