Жамият | 16:54 / 23.07.2023
26079
3 дақиқада ўқилади

Қатор ҳудудларда ўқишга киритиб қўйиш учун пул олган ОТМ ходимлари қўлга тушди

Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 19 минг доллар олган шахс қўлга олинди. У шундан 16 минг долларни декан ўринбосарига бериши керак бўлган. Бу иш доирасида университетнинг яна бир ўқитувчиси ушланган.

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ОТМга ўқишга киритиб қўйиш учун пул олган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси ва вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, уни Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 19 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур фуқаро ушбу пул маблағидан 16 минг долларни Андижон давлат тиббиёт институтида декан ўринбосари лавозимида ишловчи шахсга бериши кераклиги маълум бўлиб, сўралган пулни олган вақтида у ҳам ушланган. Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган ушбу олий ўқув юртининг ўқитувчиси ҳам қўлга олинган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Юқори Чирчиқ туманида яшовчи шахс икки нафар фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 12,5 минг доллар олган вақтида ушланган.

ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро давлат педагогика институти ходими икки нафар фуқарони мазкур олий ўқув юртининг ҳарбий таълим факултетига ўқишга кириш учун бўладиган имтиҳонлардан ўтказиб қўйиш эвазига 5 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 4 минг доллар олган вақтида ушланган.

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Гулистон туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган шахс Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи фуқарони Гулистон давлат университетининг жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг доллар талаб қилиб, 3900 доллар ва 1 миллион 150 минг сўм олган вақтида қўлга тушган.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи, 1995 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, унинг ўғлини Қозоғистондаги университетнинг 2-босқичини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириб, Ўзбекистондаги ОТМлардан бирининг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1600 доллар олган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ва шаҳар ИИББ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид