Жаҳон | 08:51 / 01.09.2023
6676
3 дақиқада ўқилади

Россия фуқароси Кипрда АҚШ электроникаси контрабандаси учун ҳибсга олинди

Россия ва Германия фуқароси Артур Петров АҚШ талабига биноан Кипрда ҳибсга олинди. У армия учун ишлайдиган Россия компаниясига Америка электроникасини ноқонуний сотиб олганликда айбланмоқда. Петровни узоқ йиллик қамоқ жазоси кутмоқда. 

Фото: Reuters

Россия ва Германия фуқароси бўлган 33 ёшли Артур Петров 26 август куни Кипрда АҚШ талабига биноан ҳибсга олинди. Бу ҳақда 31 август, пайшанба куни АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди. Петров Россияга АҚШда ишлаб чиқарилган, ракеталар ва дронлар, электрон уруш тизимлари ва алоқа воситаларида қўлланадиган микроэлектроника контрабандасида айбланяпти. Бундай маҳсулотларни Россияга етказиб бериш АҚШ қонунчилиги билан тақиқланган. 

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Петров икки шериги (исмлари номаълум россияликлар) билан бирга 2022 йил февралидан 2023 йил августигача Россиянинг ҳарбий-саноат корхоналарига маҳсулот етказиб берадиган «Электроком ВПК» МЧЖ учун Америка фирмаларидан катта миқдорда электроника сотиб олган. Контрабандачилар етказиб бериш Россияга мўлжалланганини яшириш учун учинчи мамлакатларда рўйхатдан ўтган сохта юридик шахслардан фойдаланган

Петровга ҳукм АҚШ суди томонидан чиқарилади
 
Петровга Қўшма Штатларда бир нечта айбловлар қўйилган, жумладан экспорт назорати қонунларини бузганлик, фирибгарлик ва пул ювиш учун фитна уюштирганлик. Уларнинг ҳар бири учун максимал жазо - 20 йил қамоқ. Ҳукмни Америка суди чиқаради. 

«Шафқатсиз уруш машинасини қўллаб-қувватлаш учун экспорт назорати чекловларимизни четлаб ўтганлар жавобгарликка тортилади», деди АҚШ савдо вазирининг экспорт назорати масалалари бўйича ёрдамчиси Мэтю Акселрод. 

Россия электроникани Эстония ва Туркия орқали олган бўлиши мумкин

Декабр ойида Нью-Йорк Шарқий округи федерал округ суди беш нафар Россия фуқароси ва икки АҚШ фуқаросини санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида Россия мудофаа саноати учун электроника контрабандасини ташкил қилишда айблади. Америка томони «ФСБ» зобити деб ҳисоблаган россиялик Вадим Коношченок икки марта Эстония-Россия чегарасида Америкада ишлаб чиқарилган электрон бутловчи қисмлар ва патронлар билан тўхтатилган. 

Феврал ойида эса Германия прокуратураси Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида Европа Иттифоқи санкцияларини бузган ҳолда 15,5 миллион долларлик транзакцияларни амалга оширишда гумон қилинган учта фирмада тинтув ўтказди. ОАВ хабарларига кўра, бу компаниялар Туркия орқали Россияга ҳарбий электроника етказиб берган бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид