Ўзбекистон | 15:27 / 08.02.2024
19434
2 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари ишдан кетган. У ҳибсга олингани айтилмоқда

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси ишдан олинган. Бир вақтни ўзида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи лавозимини ҳам эгаллаб келган Анвар Жўраев жиноят содир қилишда гумонланиб, терговга жалб қилингани айтилмоқда.

Анвар Жўраев

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси сифатида ишлаб келаётган ва бир вақтнинг ўзида Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи ҳисобланган Анвар Жўраев ишдан кетган ва ҳибсга олинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz’нинг бир биридан мустақил икки манбаси хабар берди.

Kun.uz мухбирининг вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамда Транспорт вазирлиги матбуот хизматлари билан боғланишга уринишлари бесамар кетди. Айни пайтда Анвар Жўраевнинг мобил телефонига ҳам тушиб бўлмаяпти.

Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати эса ҳолатдан бехабар эканини айтди. Лекин сайтнинг ҳокимиятдаги бошқа бир манбаси Жўраев ҳибс олинганини, иши терговда эканини тасдиқлади.

АЖ матбуот котиби Муслима Обидова 7 феврал санасида таҳририятнинг бошқа масаладаги сўровига Анвар Жўраевнинг Транспорт бош бошқармаси бошлиғи лавозимидан кетгани, ҳозирда ҳудудий тузилмада фақат бошқарма бошлиғи ўринбосари Оллоёр Норбўтаев ишлаётганини маълум қилганди.

Таҳририятнинг Транспорт вазирлигидаги расмий манбаси буни тасдиқлади. Жўраев Тошкент шаҳар транспорт ва йўл транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимидан январ ойида бўшаган. Аммо бош бошқарманинг расмий сайтида Жўраев бошлиқ лавозимида турганини кўриш мумкин.

  • Эслатиб ўтамиз, 29 январ куни президент раислигида ўтган йиғилишда транспорт соҳасининг бир қатор мансабдорлари, хусусан, Анвар Жўраевга ҳайфсан ва сўнгги огоҳлантириш берилганди. Давлат раҳбари Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини қайд этганди.
  • Маълумот учун, Анвар Жўраев 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» раиси бўлган, бироз муддат ишдан олиниб, 2019 йилда яна шу лавозимга қайтарилган.

Мавзуга оид